Шахмат. Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг 5-тури якунланди
Ads

Тошкент шаҳрида Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир давом этмоқда.

А гуруҳи.  5-тур

А гуруҳининг энг марказий учрашуви сўзсиз Шамсиддин Воҳидов ва эронлик Амирреза  Поуррамезанали ўртасида кечди.  Мусобақа якка пешқадамини аниқлаб берадиган мазкур баҳсда,  ҳамюртимиз оқ донада рақибини мағлуб этди.  Гуруҳ пешқадамлигига даъвогарлик қилаётган яна бир шахматчимиз Нодирбек Якуббоев иккинчи ўринда бораётган бразилиялик Алехандр Фиерга имкониятни бой берди.

Арманистонлик Карен Григорян украиналик халқаро мастер Антон Ситниковни енгиб,  учинчи ўринга чиқиб олди.  Умидли ёш шахматчимиз Умида Омонова тажрибали Акмал Файзуллаевга имкониятни бой берди.

Яна бир умид билдираётган шахматчимиз Абдималик Абдисалимов Россия вакили Сергей Ивановга ютқазган бўлса,  озарбайжонлик гроссмейстер Азер Мирзоев Тожикистон вакили Муҳаммад Ҳусенкҳожаевга имкониятни бой берди.

Мусобақа жадвалида бразилиялик Алехандр Фиер 4. 5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.  Ҳудди шунча очко жамғарган ҳамюртимиз Шамсиддин  Воҳидов қўшимча кўрсаткичларга кўра иккинчи ўринга жойлашган. 

Б гуруҳи

Марказий баҳсда Муҳаммадали Иброҳимов ва Темур Шерназаров ўзаро беллашишди.  Мағлубиятсиз одимлаётган ҳар иккала шахматчи дурангга рози бўлишди.  12 ёшгача Ўзбекистон чемпионатида ўзини кўрсатган Баҳром Баҳриллаев қора доналарда Бобур Бобоҳўжаев билан дурангга имзо чекди.

Яна бир қизиқарли кечган баҳсда Сервер Абдураимов Шерзод Самандаров билан қора доналарда мусобақадаги иккинчи дурангини расмийлаштирди.  Самарқандлик Афруза Ҳамдамова турнир етакчиларидан бири Муродулло Ибодуллаевга қарши дона сурди.  Қизиқарли ўтган баҳсда мусобақанинг иккинчи рақамли ўйинчиси Ибодулла,  кўҳна шаҳар вакиласига имкониятни бой берди.

Қизғизистонлик Тилекматали Сулаиманов ҳамюртимиз Комилжон Ҳайдаровга енгилган бўлса,  ўзбекистонлик Акбарали Абдуҳакимов,  биринчи турдаги мағлубиятдан сўнг кетма-кет тўртинчи ғалабасини Шоҳжаҳон Сайфуллаевга қарши баҳсда қўлга киритди. 

Мусобақа жадвалида 4,5 очкога эга тўрт нафар шахматчи орасида фақатгина қўшимча кўрсаткичларга кўра Муҳаммадали Иброҳимов етакчилик қилмоқда.  Кейинг турда ушбу тўрт ўйинчи ўзаро беллашишини ҳисобга олсак,  мусобақа жадвалида якка пешқадам пайдо бўлиши таҳмин қилишимиз мумкин.

Минбар

Барча блоглар