Шароф Муҳитдинов: Миллий терма жамоамизда мен учун кўп ўйинлар олдинда деб умид қиламан

“Насаф” клуби тарбияланувчиларидан бири Шароф Муҳитдиновнинг ҳам келажаги порлоқ эканига ишонч катта. У миллий терма жамоамизнинг аъзосига айланиб бормоқда. Айни пайтда эса олимпия терма жамоаси сафида Дубайдаги йиғинда фаол иштирок этмоқда. Куни кеча ўзи билан боғландик ва бир қатор масалалар бўйича мулоқот қилдик.

“Мен учун ҳаммаси олдинда”

Ўзбекистон терма жамоасининг Қирғизистонга қарши учрашувида дебютини ўтказган Шароф Муҳитдиновнинг кўрсатган ўйини борасида кўпчилик илиқ фикрларни билдирди. Шу сабабли уни ҳам расмий баҳслар учун таркибда олиб қолиниши тахмин қилинганди. Аммо Муҳитдинов ўша ўйиннинг эртасигаёқ олимпия терма жамоамиз билан Дубайдаги йиғинга жўнаб кетди. Муҳитдинов дастлаб шу ҳақида тўхталиб ўтди.

- Албатта, ўша куни Қирғизистон терма жамоаси устидан ғалаба қозонганимиз ёқимли бўлди. Бу Саудия Арабистонига қарши муҳим баҳс олдидан тайёргарлик вазифасини бажариб берганди. Менинг Қирғизистонга қарши учрашувдан кейин олимпия жамоамиз билан Дубайдаги йиғинга кетганимга келсак, мураббийимиз ўша ўйиндан сўнг менга яхши ўйин кўрсатдинг, энди эртага Дубайга учишим кераклигини айтди. Насиб қилса, миллий терма жамоамиз таркибида мен учун ҳали кўп ўйинлар олдинда деган умиддаман.

“Бироз бўлса-да, дам олишга улгурдим”

Миллий терма жамоамиз сафида майдонга тушиб, сўнг дарҳол эртаси куни олимпия термамиз билан сафарга кетгани уни толиқтириб қўймадими? Қолаверса, Дубайдаги йиғиндан ҳам кўзланган мақсадлар бор, албатта. “Насаф” футболчисининг эса бу борадаги жавоби шундай бўлди:

- Қирғизистон терма жамоаси мағлуб этилгани боис ҳаммада кайфият яхши эди. Шунинг учун бундай кайфиятда чарчоқлар менга у қадар билингани йўқ. Албатта, орада озгина вақт бўлса-да, дам олишга улгурдим. Олимпия терма жамоамизнинг эса мақсадларини яхши биласиз. Келаси йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Шу боис ҳозирда Дубайда шуғулланяпмиз ва бу ерда бир қатор ўйинлар ўтказяпмиз. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қилиш ниятидамиз.

“Миллий термада эмаслигимдан хафа эмасман”

Албатта, Шароф ҳам миллий терма жамоамиз таркибида муҳим баҳсларда иштирок этишни жуда истаганди. Аммо у эндиликда олимпия термаси сафида шуғулланяпти. Қизиқ, унинг миллий терма таркибида расмий баҳсларда иштирок эта олмаслиги унинг кайфиятига таъсир қилмаяптими?

- Йўқ, таъсир қилмади. Мураббийнинг ўз режаси бўлади. Миллий терма жамоа иштирокидаги ўйинларда қатнаша олмаётганимдан хафа эмасман. Албатта, бош жамоамизга олдиндаги муҳим беллашувларда омад тилаб қоламан, - дея муносабат билдирди, Муҳитдинов.

“Муҳими Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиляпмиз”

Умуман олганда, футболчи учун ҳам миллий, ҳам олимпия терма жамоаси сафида шуғулланиб, ўйинларда иштирок этишида қандайдир фарқли томонлари ҳам бўлса керак. Ҳар ҳолда иккала жамоа сафида ўйнашнинг ҳам ўзига яраша масъулиятли вазифалари бор.

- Йўқ, қийинчилик сезмадим. Миллий ва олимпия терма жамоаси сафида ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиламиз. Ҳар бир футболчи ватан шаъни учун ўйнашни орзу қилади. Бу борада ўзимнинг озгина бўлса-да, ҳиссамни қўша олаётган бўлсам, бундан хурсандман, - дейди Шароф Муҳитдинов.

“Абрамов ҳам, Друлович ҳам ажойиб мураббийлар”

Вадим Абрамовнинг қандай мутахассис эканлигини яхши биламиз. Олимпия терма жамоамизни бошқараётган сербиялик Любинко Друлович эса биз учун янги мутахассис. Шароф Муҳитдинов ҳам ушбу мураббий билан жорий йилда илк бор ишламоқда. Шундай экан, хорижлик мураббий олимпия жамоамиз ўйинига қандай янгиликларни олиб кира оляпти? Унинг Абрамовдан қандай фарқли томонлари бор? Футболчининг ушбу масала бўйича билдирган жавоби ҳам сизни бефарқ қолдирмаса керак-а?

- Биласиз, ҳар бир мураббийнинг ўзига хос тактикаси бор. Вадим Абрамов ҳам, Любинко Друлович ҳам бизга фақат тўғри футбол ўйнашни сингдирмоқда. Мисол учун Друлович энг муҳими, футболни осон ўйнаш керак дейди. Вадим Карленович эса кўпроқ ҳужумкор ўйин кўрсатишни ёқтиради. Қаерда тўп йўқотилган бўлса, ўша жойнинг ўзидаёқ тўпни қайтариб олиб, ҳужумни бошидан бошлаш кераклигини тушунтиради. Иккаласи ҳам ажойиб мураббийлар.

“Насаф”даги футболчилар билан академиядан бирга катта бўлганмиз”

Шунингдек, ушбу ўйинчи “Насаф”нинг етакчиларидан бири саналади. Жорий мавсумда таркиби анча ёшартирилган “Насаф”нинг чемпионатдаги иштироки борасида Шароф шахсий фикрларини билдириб ўтди.

- Тўғри, “Насаф” жамоасидан кўпчилик кетди, таркиб эса анча ёшарди. Аммо бу йилги мавсумга қарайдиган бўлсак, ёмон натижа кўрсатмаяпмиз деб ўйлайман. Ваҳоланки, чемпионат бошида кўпчилик бизни Суперлигадан чиқариб ҳам юборишганди. Таркибимизда аксарияти ёшлар – барчамиз клуб академиясидан бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Шу боис кимнинг қандай ҳаракатланишини кўп йиллардан бери яхши биламиз. Тўғри, бу йилги мавсумда бизга бироз тажриба етишмади. Шунга қарамасдан, ўйлайманки, биз тўғри йўлдан кетяпмиз. Бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг кўрсатмалари остида ўзимизга керакли бўлган нарсаларни олмоқдамиз.

“Тўғриси, кейинги тақдирим ҳақида ўйлаётганим йўқ”

Шу билан бирга мавсум якунига етгач, Муҳитдиновга ҳам бошқа клублардан қизиқишлар бўлаётгани тўғрисидаги хабарлар йўқ эмас. Шундай экан, Шарофнинг кейинги режаларини билишга қизиқдик. У “Насаф”дан кетиш фурсати келди деб ўйлайдими?

- Тўғриси, ҳозирча бу ҳақида ўйлаётганим йўқ. Олдинда бизни муҳим ўйинлар кутиб турибди. Бизнинг дастлабки вазифамиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишдан иборат. Шундан кейин бошқа масалаларни ўйлашга бемалол вақт бўлади ва ҳали ҳаммасига улгураман деган умиддаман.

“Гуруҳдаги рақибларимиз ҳам Ўзбекистоннинг кучли эканлигини айтишяпти”

Олимпия терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги гуруҳдан жой олган рақиблари жиддий эканлиги ҳақида кўп гапириляпти. Муҳитдинов эса ушбу вазиятга шундай изоҳ билдирди:

- Биласизми, ҳозирги пайтга келиб ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб бўлди. Рақибларга келадиган бўлсак, гуруҳдаги барча жамоаларни кучли деб ҳисоблайман. Албатта, улар ҳам Ўзбекистонни кучли терма жамоалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтишган.