Шакер Зуаги:
Ads

Чемпионатимизда шу кунгача кўплаб легионерлар келиб ўйнаб кетишди. Уларнинг ҳаммасини ҳам эслай олмаслигимиз мумкин. Бироқ ўзидан яхши таассурот қолдирган ҳар қандай футболчи доимо мухлисларнинг ёдида қолади. Ана шундай легионерлардан бири тунислик Шакер Зуаги десак муболаға қилмасак керак. У 2014 йилдан 2016 йилгача уч йил давомида Ўзбекистон чемпионатида фаолият олиб борган. Дастлаб “Олмалиқ” (ҳозирги ОКМК) жамоасида тўп сурган футболчи кейинги икки мавсумни “Бунёдкор” таркибида ўтказганди. Ярим ҳимоя чизиғида ўйнаган Зуаги ўзининг профессионаллиги ва футболни яхши ўйнай олиши билан ажралиб турарди. Футболчи Ўзбекистондаги фаолиятини тугатганидан кейин БАА чемпионатида “Ал Халиж” жамоаси шарафини ҳимоя қилганидан хабаримиз бор. Аммо шундан сўнг Шакер ҳақида ҳеч қаерда бирор-бир маълумотга кўзимиз тушмади. Ҳолбуки, уни Ўзбекистонда эслаб турадиган мухлислар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис биз ушбу ўйинчини излашга ҳаракат қилдик ва куни кеча интернет орқали уни топишга эришдик. Зауги эса бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни билган заҳоти хурсандлигини яшириб ўтирмади ва ҳаммага ўзининг саломини йўллади. Биз эса дастлаб ҳозирда қаерда нима иш қилаётгани билан қизиқдик.

- Амирликдаги фаолиятимдан кейин бутсамни михга илишга қарор қилдим. Кейин бир ярим йил давомида мураббийлик курсларида таҳсил олдим. 2018/19 йилги мавсумда Тунис олий лигасида қатнашадиган жамоада ёрдамчи мураббий бўлиб ишладим. Айни дамда таътилдаман. Янги мавсум олдидан менда бир қатор таклифлар бор. Аммо ҳозирча бир тўхтамга келганим йўқ, - дейди тунислик футболчи.

Шундан кейин Шакер билан Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақида мулоқотга киришдик. У ҳалигача бу ердаги фаолиятини ёрқин хотиралар билан эсга олаётгани ёқимли бўлди. Буни қуйидаги сўзлари орқали билишингиз мумкин.

- Ўзбекистон менга жуда ёқади. Бу ерда мен учун ёрқин хотиралар қолган. Бир воқеа ҳамон ёдимдан чиқмайди. Қайсидир ўйинда мен захирада қолгандим. Мухлислар эса мураббийдан мени майдонга туширишни талаб қилиб, тинмай исмимни тилга олишарди. Шунда билганман, Ўзбекистонда мени қанчалик ёқтиришларини. Мен майдонга тушгач, улар хурсанд бўлишганди. Бу ҳол “Бунёдкор”да ҳам, “Олмалиқ”да ҳам ўйнаб юрган пайтларимда юз берган.

Аслида Зуаги Ўзбекистонга қандай келиб қолган? Бунга ким сабабчи бўлган? Умуман айтганда, унинг футболимизга кириб келиш тарихи ҳам мухлисларни қизиқтириши турган гап. Бу борада эса Шакер шундай жавоб берди:

- Менга ушбу мамлакатдан таклиф борлигини айтишганида бу ерда ўзимни синаб кўришим ўзим учун ҳам қизиқ туюлганди. Тўғрисини айтсам, биринчи марта Ўзбекистонга борганимда ушбу мамлакат ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Футболи ҳақида ҳам ҳеч нарса билмасдим. Кейин эса бу ернинг одамлари меҳмондўст эканлигига амин бўлдим. Бу ерда яхши инсонлар кўп экан. Шунинг учун мослашиш жараёни мен учун осон кечди. Бунинг устига “Олмалиқ”нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Игорь Шквирин менга ишонч билдириб, ўз ўйинимни топиб олишимга ёрдам берганини унутмайман. Кейин эса “Бунёдкор”га ўтганимда бош мураббий Сергей Лушан билан ҳам тезда тил топишиб кетганмиз. У яхши мутахассис. Кези келганда, бу икки мураббийга миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, ундан бугунги Ўзбекистон футболига бўлган қизиқиши ва уни қанчалик кузатиб бораётгани ҳақида ҳам сўрадик.

- Ўзим учун қадрдон бўлган мамлакат чемпионатини албатта кузатаман-да. Ўзбекистон футболи ва унинг чемпионати борасида менда кўплаб маълумотлар бор. Суперлига баҳсларини кузатиб боряпман.

Бундан ташқари, Шакер Зуаги ўз ўйини билан маҳаллий футболчиларимиз учун ўрнак вазифасини ҳам бажара олганди. У легионер мақомига мос равишда ўйинлар кўрсатганини ҳеч ким инкор эта олмаса керак. Шу боис унга футболчи ва мураббийлар ҳам ҳурмат билан ёндашишарди.

- Мамлакатингизда менинг кўплаб дўстларим бор ва биз доим улар билан гаплашиб туришга ҳаракат қиламиз, - дея мавзуни давом эттирди, Зуаги.

У энди футболчи эмас. Демак, биз энди Зуагини мураббий сифатида кўришни бошлаймиз. Шу ўринда ундан юртимизга мураббий сифатида қайтиш борасида ўйлаб кўрасизми, деганимизда шундай деди:

- Ҳа, мен футболчилик фаолиятимни тугатиб бўлганман. Қачондир Ўзбекистонда мураббий сифатида ишлашим мумкин. Бу мен учун жуда ёқимли бўларди. Мамлакатингизда ўзимни сира бегона ҳис этмайман. Ишонасизми, Ўзбекистон менинг худди иккинчи уйимдек бўлиб қолган. Шундай экан, бу ердан менга таклиф тушса, буни ижобий қабул қиламан.

У футболчилик фаолияти давомида Тунис, Россия, Швейцария, Ўзбекистон ва БАА клубларида тўп сурган. Шу боис унга қайси клубдаги фаолияти ўзи учун манзур бўлган, дея мурожаат қилдик.

- Тўғри, мен фаолиятим давомида кўплаб жамоаларда тўп сурганман. Шу боис ҳаётимда ёрқин из қолдирган клублар бор. Булар – “Ду Сахел”, “Цюрих” ва “Бунёдкор”. Шунингдек, мен учун яшаш тарзи бўйича қулай мамлакатлар сифатида Россия, Ўзбекистон ва БААни айта оламан. Айни пайтда эса футболсиз ҳам ҳаётим бир маромда давом этмоқда.

Яна бир гап: Шакер Зуаги фақатгина футбол билан чекланиб қолмасдан ўзининг шахсий бизнесини ҳам йўлга қўя олган.

- Ҳа, ўзимнинг бизнесим бор. Тунисда рестораним ва Дубайда эса ўз фирмам фаолият юритади. Бу ишлар билан ҳам шуғулланиш менга ёқади – дейди Зауги.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шавкатбек Неъматов
15/06/2019 09:48
Яхши футболчидан доимам яхши мураббий чиқавермаслиги жахон футболида ўз исботини топган
&
Surxon turon
15/06/2019 09:30
Локомативга опкеса зӯр бӯларди

Минбар

Барча блоглар