Шаҳзод Убайдуллаевнинг трансфери ҳақида: Менимча,

Шаҳзод Убайдуллаевнинг “Металлург”дан “Шахтёр” клубига трансфер қилингани яхши янгиликлардан бири бўлди. Қолаверса, бу кутилаётган трансфер эди. Ҳамюртимизнинг ўйини Беларусь клубига ёқиб қолгани учун унга жиддий қизиқишди. Натижада “Металлург” билан келишувга эришди.

Шаҳзоднинг фаолиятида эса янги саҳифа очилди. Илк бор легионер сифатида хорижда тўп суради. Унинг олдида Европа Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида қатнашиш имконияти ҳам бор. Муҳими, у ўсадиган ҳужумчи эканлигини ўтган йиллар давомида кўрсатиб қўйди.

“Металлург” бош мураббийи Андрей Шипилов Убайдуллаевнинг “Андижон”даги ўйинларини кўриб дарҳол жамоасига таклиф қилганди. Натижада у Андрей Сергеевич қўли остида янада шаклланди. Тажрибасини оширди. Терма жамоага чақирилгани ҳам бежиз эмас. Энди бўлса, катта сакрашга эришиб, Жасур Яхшибоевнинг собиқ клубига кўчиб ўтди.

Бошқалардан кўра, Убайдуллаевни яхшироқ билган Шипилов собиқ футболчисининг янги клубига кўчиб ўтганига муносабати, унинг имкониятлари каби масалаларда ўз фикрини билдирди.

шипилов_5

- Шаҳзод Убайдуллаев ҳақида шуни айтишим мумкинки, унинг янги клубга кўчиб ўтганидан хурсандман, - дея гап бошлади, Шипилов. - У билан бевосита ҳамкорлик қилганим боис қандай савиядаги футболчи эканини яхши биламан. Шаҳзод Убайдуллаев Беларусь клуби билан битим имзолади. Илгари “Металлург”да футболчи билан шартнома тузганимизда унда шундай банд бор эди. Яъни, ўша қўшимча бандда четдан муносиб таклиф бўлса, қўйиб юбориш кўзда тутилганди. Нафақат у, балки клубимиздаги бошқа исталган футболчиларда ҳам шундай қўшимча бандлар бор. Кимга четдан яхши таклиф келиб тушса, қўйиб юборишга келишганмиз. Бу албатта кишини хурсанд қилмасдан қолмайди. Беларусь, Украина, Россиядан таклиф бўлса, ўйинчиларимизни муаммосиз трансфер қила оламиз. Убайдуллаевнинг кетганидан барчамиз қувондик.

шахзод

У бизнинг клубда унчалик кўп ўйнамади, бор-йўғи бир йил тўп сурди. Лекин шу вақт ичида олдинга катта сакраш қилди. Яхши ўйнагани боис терма жамоага чақирилди, чет клублардан қизиқиш бўлди. Шунинг пировардида хорижга кетди. Бунда бизнинг клубда ишлаётган раҳбарлар, менежерлар, умуман ҳамманинг ҳиссаси борлигидан ҳурсандмиз. Жамоамиз ўйинчиларнинг ривожланишига ҳисса қўшяпти. Бу билан биз футболчининг фаолиятини синдириш эмас, аксинча янада ўсишига ёрдам бераётганимиздан хурсандмиз. “Шахтёр” билан шартнома измолагани, Шаҳзодга кейинчалик янада кучли клубларга ўтиш учун унда имконият юқорироқ бўлади. Чунки чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида қатнашади. Бошқа давлат клубларининг ҳам эътиборини қозониш учун унда зўр имконият юзага келди. Менимча, Шаҳзод “Шахтёр”да унчалик узоқ қолмайди. Кўпи билан 1 - 1-5 йилдан кейин фаолиятида яна олдинга қадам ташлаш имкони бўлади, бунга аминман. У жуда кучли футболчи. Шунинг эвазига мақом жиҳатидан Беларусь биринчилигидан юқорида турувчи чемпионатлардан бирига ўтиб бемалол ўйнай олади. Аста- секинлик билан Убайдуллаевнинг фаолияти шу тариқа ривожланиб бораверади. Бунда бизни ҳам озми-кўпми меҳнатимиз бор. Шу ҳолат бизни қувонтирмасдан қўймайди. Гарчи у жамоамизда узоқ вақт ўйнамаган бўлса ҳам. Бу ҳам жамоамиз учун ўзига хос стратегия.

шахзод1111

Трансфернинг икир-чикирларини тўлиқ айта олмайман. Чунки бундан бехабарман. Буни клуб раҳбарлари билишади. Умуман, жамоада ўйинчилар келиб кетаверади. Лекин бошқаларнинг эътиборини қозонадиган доим ҳам чиқавермайди. Лекин шуниси бизни қувонтирадики, клубимизда яна иқтидорли футболчилар бор. Жумладан, Маҳмуд Қудратуллаев, яна бир тожикистонлик 17 ёшли футболчимиз Муҳаммадали Азизбоев ҳам бор. Уни ҳам келажаги бор, яхши  ижрочиларимиздан бири бўлиши кутиляпти. Яна бошқа кўз остимизга олиб қўйган ҳамда кўрикка чақирилган ўйинчилар ҳам йўқ эмас. Қудратуллаевдан ҳам умидимиз катта. Уни терма жамоага ҳам чақиришган. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоада тўп суради. Дастлаб ўринбосарлар жамоамизда ўйнади. Аста-секин ўзини кўрсатгач, асосий клубга жалб қилинди. Шунинг эвазига ёшлар термасига таклиф этилди. Бизда ёш футболчилар билан яхши ишлаш самарали йўлга қўйилган. Чунки бундай ҳолатлар биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Турли ёшдаги термаларимизга муносиб йигитларни етиштириб беришга ҳаракат қилаверамиз, - деди “Металлург” устози.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар