Шаҳзод Убайдуллаев: Суперлигада тўпурар бўлишни мақсад қилганман

Жорий мавсумда Суперлигадаги кашфиёт футболчилардан бири сифатида шубҳасиз «Андижон»да тўп сураётган Шаҳзод Убайдуллаевни тилга олишимиз мумкин. Ёш истеъдод соҳиби ҳисобланган ушбу футболчи нафақат «Андижон»да, балки Суперлигада дебютини ўтказаётган бўлса-да, биринчи йил учун ўзидан жуда яхши таассурот қолдираётгани диққатга сазовордир. Натижада у андижонликларнинг асосий футболчиларидан бирига айлана олди. Боиси, тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган ҳолда жамоасининг ғалабаларига катта ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мисол учун охирги иккита ўйинни оладиган бўлсак, унда «Андижон» жамоаси ўта муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Сафарда «Динамо»ни 1:0 ҳисобида енгиб қайтишган ўйинда Убайдуллаев ягона гол муаллифига айланганди. Кейин эса Андижонда «Сурхон»га қарши кечган баҳсда яна ўша Убайдуллаев бу сафар иккита гол урди ва якунда мезбонлар 2:1 ҳисобида рақибидан устун келишди. Кўриб турганингиздек, Шаҳзод жамоаси учун энг фойдали ўйинчилардан бирига айланган.

- Биласизми, бизнинг «Сурхон» жамоасига қарши ўйинимиз олти очколик аҳамиятга эга эди, - дея ўша ўйинни эслади, Убайдуллаев. - Шунинг учун ушбу беллашувнинг даражаси биз учун ниҳоятда муҳим эди. Асосийси, мана шундай баҳсда қимматли очколарни қўлга киритдик. Бизни яна бир қувонтирган томони шундаки, мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам жамоамизга катта далда бўлди.

Шаҳзод Убайдуллаев «Сурхон»га қарши ўйинда иккита гол урди ва табиийки, учрашув қаҳрамонига айланди. Қолаверса, у ишқибозларнинг ҳам ишончини қозониб бормоқда. Эътиборлиси, термизликлар дарвозасига иккита гол уришини ўйиндан олдин сезган экан.

- Ишонасизми, ўша «Сурхон» клубига қарши ўйиндан олдин жамоамиз раҳбарларига ва футболчиларга иккита гол ураман деб айтгандим. Буни қарангки, ниятим холис экан, амалда айтганларим ўз исботини топди.

Лекин ўз навбатида бир жиҳатни ҳам унутмаслик лозимки, Убайдуллаевда ҳар ўйинда бир ёки икки эмас, балки бир нечта голга тортадиган имкониятлар юзага келмоқда. Масалан, гарчи «Сурхон» дарвозасига иккита гол урганига қарамасдан, у камида ўша куни хет-трикка эришишига жуда яқин келганди. Аммо қолган қулай вазиятлардан фойдалана олмади. Ўз ўрнида бу ҳолат ҳужумчининг эътиборидан четда қолмади ва бунинг сабабини тажриба билан боғлади.

- Бу йил Суперлигада биринчи йил ўйнамоқдаман. Шунинг учун менга баъзида керакли даражада тажриба ҳам етишмаяпти. Бироқ шундай бўлса-да, мен ҳамон гол уришга чанқоқман ва бу борада қаттиқ ҳаракат қиляпман. Ўйиндан-ўйинга эса қўшиб боравераман. Натижада шу ва голларим орқали ўзимга бўлган ишонч ҳам ортиб бораверади.

Дарвоқе, Убайдуллаев киритаётган голларини ўзгача услубда нишонлашни ҳам хуш кўради. Масалан, «Сурхон» дарвозасига киритган голини Криштиану Роналду услубида нишонлади. «Андижон» ҳужумчиси эса бу ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди.

- Бу ҳақида ўтган сафар ҳам айтгандим: мен Роналдунинг мухлисиман. Айниқса, ёшлигимдан унинг ўйинларини кўриб катта бўлганман, менга жуда ёқади. Шу боис Роналдуга болалагимданоқ мухлислик қилиб келаман. Энди голимни Роналду услубида нишонлаганимга келадиган бўлсак, биласизми, гол урган пайтингизда ҳиссиётларга берилганингиздан миянгизга нима келса, шуни қилар экансиз-да! Чунки ўша онларда сиз фақат завқланиш ҳақида ўйлайсиз холос. Бундай хурсандчиликлар эса доимо ёқимли туюлаверади.

Бир нарсани алоҳида айтиш жоизки, «Андижон» жамоасининг асосий вазифаси Суперлигада жон сақлаб қолиш эди. Аммо охирги пайтлардаги муваффақиятли ўйинлардан сўнг «бургутлар» 9-ўринга кўтарилиб олишди. Яна бир эътиборли томони шундаки, навбатдаги турда Қаршида «Насаф» билан ўйнаб келишганидан кейин охирги тўртта учрашувни андижонликлар ўз майдонида ўтказишади. Шуларни инобатга олганда ҳам клуб олдига қўйилган вазифа гўёки бажарилгандек тасаввур уйғотмоқда. Лекин Убайдуллаевнинг бу борадаги фикри бошқача бўлди.

- Йўқ, аслида бизнинг вазифамиз Суперлигада жон сақлаб қолиш эмас. Биз жамоамиз билан келишган ҳолатда чемпионатда камида 9-ўринни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бизда 14, 12 ёки 11-ўринни олиш асосий мақсадимиз ҳисобланмайди. Мана, ҳозир 9-ўриндамиз ва имкони қадар юқори ўринни кўзлаяпмиз. Ўйлайманки, бу борада жамоамизнинг имконияти етарли даражада. Устунлик томонимиз шундаки, ўз майдонимизда тўртта ўйин ўтказамиз. Шунинг учун иложи борича ўзимиздаги барча учрашувларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Шаҳзод Убайдуллаевнинг голларига эъибор қаратадиган бўлсак, шу пайтгача у Суперлигада 8 та голнинг муаллифига айланди. Шунингдек, Кубок баҳсларида 3 та гол урган. Умуман олганда, «Андижон» жамоасининг тўпурари бўлиб турган иқтидорли ҳужумчининг аста-секин гол уриш борасидаги сермаҳсуллиги ортиб бораётгани ҳам маҳаллий ишқибозларни қувонтирмоқда. Шу билан бирга Убайдуллаев ўз олдига қўйган шахсий мақсадига ҳам яқинлашмоқда. Гап шундаки, Шаҳзод мавсум аввалида жорий мавсумда 10 та гол уришни мақсад қилиб қўйганди. «Иштаҳа» овқат пайтида келади деганларидек, айни пайтда унинг гол уриш борасидаги «иштаҳаси» ҳам очилиб кетди…

- Биринчи лигада ўйнаганимда ҳам тўпурар бўлганман. Суперлигада ҳам тўпурар бўлишга ҳаракат қиламан. Бу йил эса ҳеч бўлмаганда тўпурарлар қаторида тугатсам ҳам катта гап. Кейинги йиллардан эса янада кўпроқ гол уришни ва тўпурарликка ҳаракат қилишни бошлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Рустам Содиков
18/10/2019 13:36
Ниятинг амалга ошсин,каерда уйнасанг хам.
Hakimbek Odiljonov
16/10/2019 20:14
Aka qoyavering jamoda o‘ynag qolsin Bunyodkor baribir "Bunyodkor" da.....
&
Ramzis ll
16/10/2019 20:07
Shu bolani olimpia jamoasiga chaqirish kerak, Bunyotkordagi Miraxmatovmidi o'shandan ming marta yaxshi o'ynasa kerak.