Шаҳрулло Маҳмудов: Ҳатто янги йилни спортчиларимиз базада кутиб олишган

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида иштирок этган терма жамоамиз вакиллари бугун пойтахтимизга қайтиб келишди. Спортчиларимиз жорий мусобақада 16 та медалга сазовор бўлишди. Делегация раҳбари сифатида АҚШ сафарига масъул бўлган Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашди. 

"“Мусобақадан аввал режалаштирган мақсадимизга эриша олдик. Чемпионат март ойида бўлиб ўтишини инобатга олган ҳолда спортчиларимиз узлуксиз машғулот олиб боришларини таъминладик. Ҳатто янги йилни ҳам булар спорт базасида кутишди. Бу дунё биринчилигида қизларимиз шунчаки олтин медаль олибгина қолмасдан, балки, жаҳон рекордларини ўрнатишди. Кумушхон Файзуллаева мусобақанинг энг яхши спортчиси бўлди. 2019 йил Токио Олимпиадасига лицензия берадиган йил эканлигини инобатга олсак, мавсумни мана шундай юқори савияда бошлаб олганимиз, албатта, кейинги турнирларга ҳам ижобий таъсир қилади. Бизни бу йил олдинда кутиб турган Осиё ва жаҳон чемпионатларида ҳам юқори ўринлар билан қайтишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Шаҳрулло Маҳмудов. 

Қуйида ушбу мусобақада медаль қўлга киритган спортчиларимиз номини яна бир бор ёдга олиб ўтамиз:
Оғабек Нафасов – 2 та кумуш
Нигора Абдуллаева – 3 та олтин
Асадбек Наримонов – 1 та олтин, 2 та кумуш
Кумушхон Файзуллаева – 3 та олтин
Турсуной Жабборова – 1 та олтин, 2 та кумуш
Мирҳосил Мирзабоев – 2 та бронза