Сенсацион греклар ва «жангари» исландлар! Европа чемпионатини «ёндирган» ўйинларни ёдга оламиз!

SPORTS.uz 1960 йилдан бери ташкил этилиб келинаётган қитъа биринчилиги тарихига назар ташлайди. Бугун мусобақада қайд этилган энг сенсацион учрашувлар ҳақида сўз боради. Бу баҳсларнинг аксарияти ёдингиздан кўтарилган бўлса ажаб эмас. Келинг, яқинлашиб келаётган «кўҳна қитъа» карнавали олдидан ширин хотирлар билан ўртоқлашсак.

Нидерландия - Россия 1:3 (Евро-2008, 1/4 финал)

Марко Ван Бастен шогирдалари мусобақада ғолиб чиқиш учун асосий даъвогар бўлишига қарамай, чорак финалда тўхтатилади. Бунга Гус Хиддинк ва Андрей Аршавин улкан ҳисса қўшган. Шу кунга қадар рус футбол мухлислари ўша баҳсни терма жамоа иштирокидаги барча замонлардаги энг яхшиси деб ҳисоблайди. Россия илк бор ярим финал йўлланмасини қўлга киритиш мақсадида 120 дақиқа тўп суради ва якунда ғалабани илиб кетади. Бу ўйинни Георгий Черданцев шарҳида томоша қилиш кишига икки ҳисса кўпроқ завқ беради. 10 дақиқа вақт ажратинг! Сира афсусланмайсиз!

Англия - Исландия 1:2 (Евро-2016, 1/8 финал)

Футбол ватани ва сайёрамизнинг энг кучли ички биринчилиги эгаси саналган Англия "музлар мамлакати"дан келган футболчиларга мағлуб бўлгани кўпчиликни ҳайрон қолдиргани рост. Эътиборлиси шундаки, баҳс инглизларнинг катта устунлиги билан бошланди. 4-дақиқадаёқ Руни ҳисобни очди, аммо 14 дақиқа ичида Исландия вазиятни ўзгартириб юборди. Сигурдссон ва Колбейн урган голлар Англияни турнирдан чиқариб юборди. Рой Хожсон эса, матч якунлаши билан истеъфо берди.

Франция - Греция 0:1 (Евро-2004, 1/4 финал)

Португалия яшил майдонларида ўтган мусобақа тўлиқлигича юнонларга бағишланган десак, адашмаган бўламиз. Франция билан баҳсга қадар, барча Грециянинг ғалабаларини тасодифга йўйди. Анри ва Зидан қанчалар уринмасин, ўша куни Харистеасдан бошқа футболчи «порлагани» йўқ.

Бельгия - Уэльс 1:3 (Евро-2016, 1/4 финал)

Уэльс футболи тарихидаги энг улкан ғалаба қайд этилган баҳс ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишимиз шарт. 58 йиллик танаффусдан сўнг, Гарет Бэйл бошчилигидаги «аждарлар» катта форумда иштирок этди. Наингголан киритган супер голдан сўнг, 99 фоиз мухлислар юлдузли Бельгиянинг навбатдаги голларини кутгани аниқ. Шунга қарамай, ўша оқшом учун Уэльснинг ўз режаси бор эди. Уильямс, Робсон-Кану ва захирадан ўйинга қўшилган Вокус Эден Азар ва жамоадошларини чуқур нокаутга учратади.

Бельгия - Туркия 0:2 (Евро-2000, гуруҳ босқичи)

«Бу ғалаба Туркия футболидаги энг улкан натижалардан бири. 77 йил ичида илк бор, катта мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олдик».
Дарҳақиқат, Мустафа Денизли айтганидек, турклар Бельгияга қарши ўйинда футбол тарихида янги саҳифа очди. Ўйиндаги икки голга ҳам Ҳоқон Шукур муаллифлик қилди. Илк 2 турда бир очко жамғарганига қарамай, жамоа ўзида куч топди ва сўнгги баҳсда ирода кўрсатди. Бельгия эса, ўша баҳсдан сўнг, руҳий тушкунликка тушиб қолади.

Нидерландия - Дания (Евро-2012, гуруҳ босқичи)

«Лолалар юрти»га қарши баҳс олдидан, Дания яққол аутсайдер эди. Яқиндагина ЖЧ финалида тўп сурган нидерландлар йўлидан чиққан барчани «янчиб» ташлашга тайёрдек кўринди, аммо якунда ҳаммаси ўзгача бўлиб чиқди. Крон-Дели урган гол ўйинда ягона бўлиб қолди. Мусобақани сенсацион ғалаба билан бошлаганига қарамай, Дания гуруҳда қолиб кетди.

МДХ - Шотландия 0:3 (Евро 1992, гуруҳ босқичи)

Бу пайтга келиб, собиқ совет давлати деярли парчаланиб бўлган эди. Шунга қарамай, ушбу юрт шарафини ҳимоя қилиш учун футбол жамоаси турнирга ташриф буюрди. Шотландия МДХга қарши ўйиндан аввал Германия ва Нидерландияга енгилган эди. 3-турда мусобақада дебют қилган шотландлар яқин ўтмишнинг энг кучли термаларидан бири дарвозасига 3 гол киритади. Гуруҳдан чиқишни уддалай олмаган бўлсада, Шотландия эшикларни қаттиқ ёпиб кетади. МДХ терма жамоаси эса, кўп ўтмай тугатилади.

Украина - Шимолий Ирландия 0:2 (Евро-2016, гуруҳ босқичи)

«Футбол ўйнашни ҳамма ўрганиб олди» жумласи тўлиқ мос тушувчи яна бир ўйинни ёдга оламиз. Шимолий Ирландия анчагина кучли таркиб билан турнирга ташриф буюрган Украинага ҳеч қандай имкон қолдирмади. Шу тариқа, улар улкан мусобақалардаги илк ғалабасини қўлга киритди. Украина эса, омадсизликка учраб гуруҳда қолиб кетди. Майкл О’Нил шогирдлари гуруҳдан чиқибгина қолмай, барчада яхши таассурот қолдиришни уддалади.

Португалия - Греция 1:2 (Евро 2004, финал)

2004 йилнинг ёзида Греция барча-барчанинг футбол ҳақидаги қарашларини ўзгартириб юборди. Тактика ва стратегия олами вакиллари бошни чангаллаб қолди. Қизиғи шундаки, греклар Португалия билан турнир давомида икки бор тўқнаш келди ва иккисида ҳам ғалаба қозонди. Айниқса, финал баҳсидаги натижа футбол оламини титратиб юборди. Шу кунга қадар, бирорта терма жамоа Греция сингари кутилмаганда тахтга кўтарилишни уддалай олмаган. Айрим мухлислар Дания термасининг ўтган асрда амалга оширган «мўъжизаси» ҳақида фикр билдириши мумкин, аммо у жамоанинг Лаудруп сингари супер юлдузлари бўлган. Юнонлар эса, камтарин таркиб билан бутун Европани тиз чўктиргани 50-60 йил давомида ўз қадрини йўқотмаса керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию