Сайфиддин Эрматов:
Ads

Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти лавозимида ишга киришганидан кейин аста-секин ўзгаришларни амалга оширишни бошлади. Лекин бундай машаққатли йўлда унга осон бўлмаслиги турган гап. Лекин у футбол одами ва бундай пайтда нима қилиш кераклигини билади. Устига-устак, унинг дадаси Сайфиддин Эрматов ҳам юртимизда таниқли назоратчилардан бири сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Куни кеча Сайфиддин ака билан Равшан Эрматов ҳақида гаплашдик.

- Ўғлингизинг Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти этиб тайинланганига қандай муносабат билдирдингиз?

- Аввало, раҳбарларимизнинг ишончи туфайли у шу лавозимда ишга киришди. Равшанга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдирамиз. Бу жуда катта масъулиятли вазифа ҳисобланади. Албатта, ота сифатида ўғлимга билдирилган бундай катта ишонч туфайли ҳукуматимизга миннатдорчилик билдираман. Ўзбек футболини юксалтиришда ҳаммамиз бирлашган ҳолда ишлашимиз керак. Биламан, футболимизда ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Шу боис Равшан ҳам астойдил енг шимариб ишга киришган. Бу вазиятда эса уни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Спорт вазири билан биргаликда жойлардаги футбол мактабларига бориб, у ердаги аҳвол билан танишиб чиқишяпти. Табиийки, шароитлар яхши эмас. Шунинг учун бу масала бўйича ҳам қилинадиган ишлар талайгина.

- Албатта, Равшан Эрматов энди жиддий вазифада ишга киришди. Бундай пайтда ота сифатида ўғлингизга қандай маслаҳатлар берясиз?

- Албатта, у мендан ҳамиша йўл-йўриқ ва  маслаҳатлар сўраб туради. Ўзи шундоқ ҳам мен унга ўзим билган ва қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан маслаҳатлар бериб тураман. Агар нимадир эсимга тушса, дарҳол Равшанга қўнғироқ қилиб айтаман. Шунинг учун доим унга ён дафтарча билан ручка ёнингда бўлсин деб айтаман. Негаки, мен ёки бошқаси унга қандайдир таклиф ва маслаҳатлар айтса дарҳол ёзиб олади. Тўғриси, олдинда қилинадиган ишлар кўп. Равшан ишга соат 8 да боради ва уйга кеч 1 ёки 2 да қайтади. Ўзи ҳам қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан жиддий ишлар олиб боряпти. Ҳаммамиз футболимизнинг равнақи йўлида ишлаяпмиз ва бу борада бир оёқадан бош чиқариб ишласак кўзланган мақсадларга эриша оламиз.

- Лекин ҳаммани бир масала ўйлантиряпти: энди Равшан Эрматовнинг ҳакамлик фаолияти нима бўлади? Ҳамма уни 2022 йили Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, рекордини янада янгилашини кутаётганди…

- Равшан Қатарда бўладиган жаҳон чемпионати учун номзод ҳакамлар рўйхатига киритилган. Табиийки, ҳаммамиз ҳам унинг навбатдаги мундиалда иштирок этиб, ватанимиз номини муносиб ҳимоя қилган ҳолда янги рекордлар ўрнатишини хоҳлаймиз. У Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти бўлган бўлса-да, ҳали ҳакамлик фаолиятига якун ясагани йўқ. У бу борада ОФК раҳбарияти билан гаплашган. Худо хоҳласа, халқаро майдонларда яна юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олади. Фақат ҳозирги пайтда янги лавозимда бир қатор масалаларда ишларни жой-жойига қўйиб олиш ҳаракатида бўлмоқда. Агар Ўзбекистон футбол ассоциациясининг президенти бўлганида унда ҳакамлик фаолиятини давом эттира олмаслиги мумкин эди. Лекин вице-президент бўлса-да, ҳакамлик ишини давом эттира олади.

- Ундай бўлса, Суперлига баҳсларида ўзи ҳам ҳакамлик қилса бўлаверадими?

- У ФИФА ҳаками ва жаҳон чемпионати учун номзод ҳакамлар рўйхатига киритилган. Шунинг учун Равшанга ҳам амалиёт керак. Бу борада у ойда бир ёки икки марта бўлса ҳам вақтига қараб Суперлига баҳсларида ҳакамлик қилиб туради. Ахир ФИФАга ўз иши бўйича ҳам ҳисобот топшириш керак-да. Ўйлайманки, бу борада катта муаммо бўлмайди.

- ПФЛ томонидан ўйинлар учун масъул шахсларни тайинлаганида комиссарлар масаласи кўпчиликда эътирозлар уйғотмоқда. Яъни, мутахассис кадрларнинг етишмаслиги юзасидан муаммоли саволлар бўлмоқда. Бунга нима деган бўлардингиз?

- Хабарингиз бор, ПФЛда бош директор ўзгарди. Энди Даврон Шоқурбонов бу лавозимда ишга киришди. Уни яхши биламан, ўз вақтида ҳакам бўлган ва бу соҳани жуда яхши тушунади. Унинг раҳматли дадаси ҳам ҳакам сифатида фаолият олиб борган. Сиз айтган масала бўйича ҳам ҳаммаси аста-секин ўз изига тушади. Шоқурбонов футболни яхши тушунади ва нима қилиш кераклигини билади.

- Умуман олганда, футболимиздаги асосий муаммо нимада деб ўйлайсиз?

- Нима десам экан? Бизнинг асосий мақсадимиз нима эканлигини ҳамма яхши билса керак. Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқиш ва олимпия терма жамоамизни Олимпиада мусобақасида кўриш. Бу бизнинг орзуимиз ва шунга эришиш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Иккала терма жамоамизда эса хорижлик мутахассислар ишлашяпти. Масалан, олимпия терма жамоамизнинг Андижон ҳамда Наманганда Мисрга қарши ўтказган ўртоқлик учрашувларини кўрдим. Жамоамиз ўйинида ўсиш бор ва бу кўзга ташланиб турибди. Бунгача эса ушбу жамоамиз Равшан Ҳайдаров бошчилигида Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Демоқчиманки, ўзимизда ҳам муносиб кадрлар бор. Шундай экан, Ҳайдаров ҳозирги олимпия терма жамоамизнинг мураббийлар штабидан жой олган ҳолда бош мураббийга яқиндан ёрдам бераётганини ижобий баҳолайман. Миллий термада эса Эктор Купернинг мураббийлар штабидан ҳам шунга ўхшаш ўзимизнинг тажрибали мутахассислардан бири жой олишини ва у Куперга футболимиз бўйича яқиндан ёрдам беришини истардим. Чунки ўзимиздаги мураббийлар ўйинчиларимизни яхшироқ билишади ва улар етарлича маълумотлар бера олишади. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, илгари Мираброр Усмонов раҳбарлик қилган даврда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида иштирок этишарди. Лекин кейинчалик бу борада узилиш бўлди. Натижада терма жамоаларимиз Осиё чемпионатларидан нарига ўта олишмаяпти. Бу ҳам муаммоларимиздан бирига айланди. Шунинг учун тизимни янада яхшилаш ва истиқболли йўналишлар асосида иш олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Албатта, олдинги раҳбарларни ёмонламоқчи эмасман. Аммо халқимизда чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин деган гап бор.

- Ҳакамлик масаласида гап кетганда, Равшан Эрматовнинг ўрнини ким боса олади деб ўйлайсиз?

- Бизда етишиб чиқаётган ёш ҳакамлар орасида иқтидорлилари бор. Икки-уч нафар ҳакамларимиз бу борада ўзларини яхши томондан кўрсатиб келишмоқда. Аммо ҳозирча уларнинг номларини айтмай турганим яхши. Муҳими, ҳакамлик иши ҳам тўғри йўлдан кетмоқда ва бу борада ўсиш сезилиб турибди.

 

Минбар

Барча блоглар