Санжар Қодирқулов: Насиб қилса, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ҳолда уйга қайтамиз

Бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоамизни Осиё чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда сайтимиз орқали хабар берилди. Вакилларимиз эртага Дубайга жўнаб кетишади ва Таиландда ўтадиган Осиё чемпионатигача футболчиларимиз ўша ерда шуғулланишади. Асосий мақсад эса Таиланддаги қитъа биринчилигида муваффақиятли қатнашиб Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишдан иборат. Таркибда эса асосан иқтидорли футболчилар жамланган. Санжар Қодирқулов ҳам ана шундай ажойиб футболчиларимиздан биридир. У миллий терма жамоамизда ҳам ўз ўйинлари билан мухлисларни хурсанд қилди дейиш мумкин. Бугунги кунга келиб эса Қодирқулов олимпия терма жамоамизнинг етакчиларидан бирига айланди. Вакилларимиз Дубайга жўнаб кетиш олдидан ушбу ўйинчи билан суҳбатда бўлдик.

- Осиё чемпионатига ҳам оз фурсат қолмоқда. Айтинг-чи, тайёргарлик қай даражада олиб борилмоқда?

- 7 декабрдан йиғилиб навбатдаги тайёргарликка киришгандик. Ўзбекистон чемпионати тугаганидан кейин эса бир ҳафта ҳордиқ чиқаргандик. Биринчи навбатда машғулотларимизда жисмоний ҳолатимизга кўпроқ эътибор берилди. Дубайдаги йиғинимизда эса асосан тўп билан ва тактик схемалар устида ишлаймиз.

- Шунингдек, ҳозирги кунда жамоамиз аъзоларининг иштиёқи қандай?

- Футболчиларимизда иштиёқ жуда баланд. Саралаш баҳсларидан ўтиб олганимиздан кейин ҳамма йигитлар Олимпиада мусобақасига чиқишни орзу қилишяпти. Худо хоҳласа, ушбу орзуимизга эришамиз деб умид қиламан.

- Терма жамоамизни Осиё чемпионатига кузатиш маросими ҳам ўзгача руҳда ўтказилди. Бу сизда қандай таассурот қолдирди?

- Бугунги маросим ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳаммаси жуда чиройли ўтди. Тадбирга ота-оналаримиз ҳам таклиф қилинди. Улар хурсанд бўлишди ва сафар олдидан кўзларига ёш келди. Биз эса ота-оналаримизнинг кўзларидаги ёшни кўриб, бундан-да кўпроқ меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйилган вазифани муносиб тарзда бажаришга бўлган иштиёқ ва интилишимиз янада кучайди.

- Умуман олганда, бўлажак катта мусобақа олдидан сизларда ҳаяжон кучлими?

- Ҳаяжон ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳозирча бизда бу нарса сезилмаяпти. Лекин, албатта расмий учрашувларга яқин исталган футболчида ҳаяжон кузатилиши табиий. Ўйинда ким ҳаяжонларини енгиб ўта олса, ўша жамоа ютади деб ўйлайман. Аммо мусобақагача яна учта ҳафтача вақтимиз бор. Унгача эса ҳаяжонларимизни йўқотиб биринчи ўйинга жанговор руҳда чиқамиз.

- Бунгача сиз Вадим Абрамов қўли остида миллий терма жамоамиз таркибида расмий баҳсларда иштирок этдингиз. Шундай экан, олимпия терма жамоамиз сафидаги миллий термада ўйнаётган ўйинчи ҳам ҳисобланасиз. Шу маънода айтганда, сиз ҳозирги жамоамизнинг етакчиларидан бирисиз. Бу эса сизга қўшимча босим ва масъулият юклайдими?

- Миллий терма жамоамизда ўйнашдан олдин олимпия жамоамизда мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушмасдим. Бунгача қайсидир ўйинда асосий таркибда, яна қайсидир учрашувда эса захирадан ўйинга қўшилардим. Мен доимо мураббийларимизнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан. Етакчилик ҳақида гапирадиган бўлсам, тўғриси, бизда асосий етакчи – бу жамоамизнинг ўзи. Таркибдаги ўйинчилар бир-бири билан жуда иноқ, ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир футболчи майдонда етакчилик қила олади. Шу боис бизда жамоамизнинг ўзи чинакам етакчи саналади.

- Мақсадимиз аниқ: Осиё чемпионатида муваффақият қозониш ва Олимпиада мусобақасига йўлланмани қўлга киритишдан иборат. Бундан икки йил олдин футболчиларимиз Осиё чемпиони бўлиб қайтишганидан сўнг энди мухлисларимиз сизлардан ҳам ана шу чемпионликни такрорлашингларни исташяпти…

- Тўғри, биз бу мусобақага амалдаги чемпион сифатида борамиз. Жамоамиздаги қайсидир ўйинчилар чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун кетишяпти, биз эса биринчи марта Осиё чемпиони бўлиш умидида кетяпмиз. Тўғри халқимиз, яқинларимиз олдида катта масъулият бор. Ҳар бир учрашувда жонимизни бериб ўйнаймиз.

- Қолаверса, гуруҳимиз ҳам жиддий. Хитой, Эрон ва Жанубий Корея билан беллашамиз…

- Рақибларимиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, тўғри, уларнинг номлари кучли. Эрон, Хитой, Жанубий Корея – булар чиндан ҳам қитъамизнинг етакчилари саналади. Тўғриси, уларнинг ҳали бирорта ўйинларини кўрмаганман. Албатта, Осиё чемпионати мусобақаси бошланишига яқин ҳар бир рақибимизнинг ўйинларини синчковлик билан ўрганиб чиқамиз. Нима ҳам дердик, шундай кучли гуруҳда ҳам курашиб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз.

- Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи Любинко Друлович учун ҳам бу мусобақа алоҳида аҳамият касб этади. Чунки сербиялик мутахассис терма жамоамиз билан дастлабки расмий баҳсларда қатнашади. Друлович терма жамоамизга қандай янгиликларни олиб киряпти?

- Друлович жамоамиз ўйинига европача футболни сингдиришга ҳаракат қиляпти. Осиё чемпионатида 100 фоиз мураббийимиз нима хоҳлаётганини ва унинг кўрсатмаларини майдонда бажаришга ҳаракат қиламиз. Мураббийларимизнинг бундай мусобақаларда қатнашиш борасида катта тажрибалари бор. Любинко Друлович ўз вақтида Сербия ёшлар терма жамоаси билан Европа чемпионлигини қўлга киритган. Ўйлайманки, унинг бу борада тажрибаси катта.

- Осиё чемпионатида мухлисларимиз учун нимани ваъда бера оласиз?

- Шуни ваъда бера оламанки, ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ўйинда майдонга тушиб, қўрқмасдан бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз, боримизни бериб ўйнаймиз. Худо хоҳласа, яхши кайфиятда, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ҳолда уйда қайтамиз.