Рустам Ашурматов

Жанубий Кореянинг “Гвангжу” клубида ишончли тўп сурган ҳамюртимиз Рустам Ашурматов легионер сифатида кўпчиликнинг эътиборини қозонди, дейишимиз мумкин.

Билсангиз, у “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовнинг жиянидир. Шу боис Рустамнинг ўйини тоғасиникига ўхшаб кетади. Унинг ушбу мавсумдаги таассуротлари қандай, клубини ўзгартирадими? Sports.uz сайтига берган интервьюсида шу ва яна бошқа муҳим масалалар хусусида гап борди.

- Рустам Ашурматов учун якунига етаётган йил нимаси билан ёдда қолди?

- Эсда қолгани сифатида Жанубий Корея “К1” лигасида иштирок этганимни айта оламан. Жамоамиз билан кучли олтиликка кирдик, ўтган йили эса қуйи лигада иштирок этганди. Бу йил эса юқори дивизионга чиқдик ва олтиталикдан жой олганимизни ижобий ҳолат дея оламан.

- Илк бор легионер ўйинчи мақомида тўп сурдингиз ва ўзингиздаги ўзгаришлар сезиляптими?

- Бошида борганимда “Гвангжу” қуйи лигада қатнашарди ва мен ҳам ўша лигада тўп сурдим. Қуйи лига деганда баъзилар савияси пастроқ мусобақа деб ўйлаши мумкин. Лекин амалда ундай эмас. “К2” лигасида ҳам кучли клублар мавжуд, у ердаги рақобат ҳам юқори даражада. Ушбу мавсумда эса жамоам билан “К1”да қатнашдик. Натижада биз янада кучлироқ клубларга қарши баҳс олиб бордик. Шу орқали керакли тажрибани ўргандик, дея оламан. Жанубий Кореяга биринчи марта ўтган йили боргандим, тўғриси, ўшанда маҳоратим камроқ эди. Ўтган вақт давомида кучли легионерларга қарши тўп суриб тажрибамни янада оширдим. Энди эса ҳар қандай ўйинчига қарши рақобат кўрсата олишим мумкин, чунки ўзимга бўлган ишончим ортган.

- “Гвангжу”даги тақдирингиз нима бўлади? Режаларингиз қандай?

- Айнан ҳозирги вақтда ўзим ҳам аниқ жавоб бера олмайман. Сабаби, жамоам билан келаси йилнинг февраль ойида шартномам тугайди. Унгача ҳали вақт бор. Баъзи клублардан таклифлар бўляпти. Клубим эса ҳозир таътилда бўлгани учун ҳам бошқа вариантларни кўриб чиқишга менда вақт бор. Жамоаларни ва чемпионатларини бир-бирига таққослаб бир қарорга келмоқчиман. Ҳозир эса сизга ундай ёки бундай қиламан, деб айтишим нотўғри бўлади. Чунки кейинчалик бошқа қарорга келсам, сизга ёлғон хабар бериб қўйган бўламан. Шу боис барчасини вақт кўрсатади.

ашурматов3_3

- Биздаги маълумотга қараганда, сизга “Сеул” клубидан қизиқиш борлиги ҳақида эшитдик. Бу хусусида нима дея оласиз?

- Буни сиздан эшитяпман. Балки сиздаги бу маълумотлар тўғридир, қаердандир олгандирсиз. Лекин ўзимга ва трансферим билан шуғулланадиган инсонларга ушбу хабар ҳақида маълумот келгани йўқ, балки чиндан шундай гап бордир, аммо ўзимга айтишмагандир. Лекин сизга битта хабарни айтишим мумкинки, жамоамиз бош мураббийи “Сеул” клубини бошқаришга биринчи рақамли номзод бўлиб турибди. Балки шу орқали сизларга шундай маълумот етиб келган бўлиши мумкин.

- Табиийки, сизни ушбу мураббий билан муносабатингиз яхши-а?

- Албатта. Бош мураббий билан алоқаларимиз жуда яхши. Лекин ҳали бош мураббий расман тасдиқлангани йўқ. Эшитишим бўйича, бизнинг мураббий “Сеул”га устозлик қилиш 90-95 фоизга ҳал этилган.

- Агар сизни чақирса, лаббай деб жавоб берасизми?

- Боя айтиб ўтганимдек, бошқа вариантлар билан солиштирган ҳолда ўйлаб кўрамиз. Аммо бирор нимани ўйламай туриб қарор чиқариш тўғри бўлмайди. Ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак.

ашурматов5

- Нима бўлса ҳам янги мавсумни яна Жанубий Корея чемпионатида ўтказасизми?

- Айтдим-ку, таклифлар бор. Тўғри, балки менда Жанубий Кореядан вариантларим кўпроқдир, лекин барчасини вақт кўрсатади. Чунки бошқа чемпионатлардан тушаётган таклифлар борасида ҳам шуғулланишяпти. Ҳозир сизга Кореяда аниқ қоламан, деб айтсам, вақт ўтиб бу ёлғон хабарга айланиб қолиши мумкин.

- Сизга келаётган чақирувлар Осиё минтақасиданми?

- Осиёдан бор. Шу билан бирга Россиядан ҳам эҳтимоли бор.

- Корея футболининг маданияти ўзгача. У ерда тўп сурган легионер сифатида ўзимизнинг футболимиз билан таққослаганда нималарни ўрганишимиз зарур, деб ҳисоблайсиз?

- Бизга нисбатан уларда майдонларнинг сифати яхшироқ. Деярли 99 фоиз майдонлар идеал десам бўлади. Ҳаттоки, қуйи лигалардаги майдонлари ҳам тўлиқ талабга жавоб беради. Қолаверса, у ерда телевидение борасида ҳам ўсиш катта. Тўғри, бизда ҳам бу борада жиддий эътибор қаратиляпти ва ўйинлар жонли эфирда кўрсатиляпти. Аммо бизда ҳам трансляцияларнинг сифатига жиддийроқ эътибор беришса мухлисларга ҳам ўйинларни кўриш янада қизиқарлироқ бўлади. Майдондаги майда деталларни ҳам кўпайтирилган камераларда кўриш мумкин. Кореяда бундай нарсаларга жиддий эътибор қаратилади. Шу билан бирга у ерда VAR тизими ҳам йўлга қўйилган. Яқин орада Ўзбекистонда ҳам қўлланилса яхши бўларди.

- Ўзимизнинг Суперлигамизда қандай ўзгаришлар борлигини кўряпсиз?

- Кореядаги пайтимда чемпионатимиздаги кўплаб учрашувларни кўрдим. Машғулотлардан ташқари бўш вақтим кўп бўларди, шу боис Суперлигамизни кузатишга ҳаракат қилдим. Тўғриси, сўнгги 2-3 йилга қараганда савиямиз пастлагандек кўринди. Лекин 10-15 йилликни оладиган бўлсак, барибир савиямиз ўсган. Мухлислар, телевидение, майдонлар, футболчиларнинг ўзини профессионал тутаётганлиги сезиляпти. Нима учун савиямиз пасайди дедим? Сабаби, олдин чемпионликка 2-3 жамоа курашган бўлса, бу йил биргина “Пахтакор” яққол фаворитга айлангани туфайли балки менга шундай кўрингандир. Илгари “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Пахтакор” бир-бирига доим жиддий қаршилик кўрсатарди. Бу сафар “Пахтакор”га рақобатчи етишмади.

ашурматов4

- У ердаги фаолиятингиз давомида эслашга арзигулик ёқимли ва ёқимсиз ўйинларингизни айтиб бера оласизми?

- Ёқимсиз ўйинни эслай олмайман. Ҳар бир учрашувда ўзига яраша кураш ва меҳнат қилинган. Шу боис ҳар бир ўйнаган ўйинимни ўзим учун қадрлайман. Тўғри, айрим пайтларда хатолар қилган бўлишим мумкин, барибир ёқимсиз дея олмайман. Ёқимли ўйинларга эса кўп беллашувларни киритсам бўлади. Чунки Кореяда кучли легионерлар тўп суради. Уларга қарши курашиш доимо ёқимли бўлган.

- Тоғангиз – Бахтиёр Ашурматов каби сиз ҳам ҳимоячи бўлиб етишдингиз. Қачондир тоғангиз қўли остида тўп суриш ниятингиз борми?

- Тўғриси, тоғам билан бирга ишлаш ўзимга ҳам қизиқ. Лекин ҳозирги ҳолатимдан келиб чиқадиган бўлсак, Жанубий Корея чемпионатида ўйнаб туриб “Қўқон-1912”га ўтишим мантиқан тўғри бўлмайди. Ҳозирча йўлларимиз туташмади. Балки вақти келиб тоғам хорижда ишлар ёки Ўзбекистоннинг янада кучли клубларини бошқарар, ана шунда бирга ишлаш ҳам насиб қилар. Ўзимда ҳам Бахтиёр Ашурматов жамоасида тўп суриш хоҳишим бор.

- Бахтиёр Ашурматов ўз вақтида “Навбаҳор”га бош мураббийлик қилган чоғида айрим сабабларга кўра сизни жамоасига қабул қилмагани ва бу орқали оила-аъзоларингиз хафа бўлган, деган гаплар айтилганди...

- Назаримда, ўша вазият бўйича мени акам билан адаштиряпсиз. У пайтда тоғам мени “Набваҳор”га таклиф қилмаган. Чунки “Бунёдкор”да энди тўп суришни бошлаган пайтларим эди. Бу клубда менга энди ишонч билдиришаётганида “Навбаҳор”га чақиришлари бироз нотўғри бўларди. Тоғам буни яхши тушунган ҳолда клубга таклиф қилмаган.

ашурматов2_3

- Сиз орқали миллий терма жамоамизда яна бир истеъдодли ҳимоячига эга бўлиб боряпмиз. Аммо вакилларимизнинг иккинчи саралаш босқичидаги ҳолати бироз хавотирли бўлиб кўриняпти. Қолаверса, БАА йиғинидаги иккита мағлубият ҳам кўпчиликни ранжитди. Терма жамоамизнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

- Вадим Абрамов бош мураббий бўлиб келганида кўпчилик хурсанд бўлди. Натижада ўйинларимизда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди. Олдинги учрашувларимиз чиройли ўтди ва йирик ғалабаларга эришдик. Ўшанда ҳеч ким бизни танқид қилмаётганди. Тўғри, Саудия Арабистонига ўзимизда ютқазиб қўйдик. Бироқ ўйин борасида эмас. Ҳа, БААдаги йиғинда иккита ўртоқлик учрашувида мағлубиятга учрадик. Лекин бунгача жамоамиз қанча вақт йиғилмади? Албатта, бир ой олдин тўпландик, аммо умумий маънода 8-9 ойлаб мажбурий танаффус бўлди. Бизни ҳам тўғри тушунишларини хоҳлардим. Бизга ҳам, мураббийларга ҳам бироз вақт керак. Билишимча, келаси йилнинг март ойида саралаш баҳслари давом эттирилади. Унгача ҳаммаси жойига тушади. Саудияга кучимиз етади, руҳан ҳам тайёрмиз.

- Ўзингиз учун энг кучли мураббий деб кимни айтган бўлардингиз?

- Кўп мураббийлар билан ишладим, айниқса, Ўзбекистоннинг кучли мутахассислари қўли остида тўп сурдим. Бирортасини ажратиб кўрсатсам уларга ҳам, ўзимга ҳам ҳурматсизлик бўлади. Ҳар биридан етарли даражада ўзим учун керакли сабоқларни олганман. Масалан, Сергей Лушчан, Миржалол Қосимов, Равшан Ҳайдаров, Вадим Абрамов...

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)