Рўзиқул Бердиевнинг акаси терма жамоамизнинг ЖЧга чиқиши учун

Орзу қилишда буюк фалсафа бор, буюк ҳақиқат бор, буюк илм бор. Буюк орзулар қилишни ўрганинг, айнан шундагина сиз унинг асл моҳиятини англаб етасиз. Қачонки сиз ўзингизни буюк орзуларингизга эришганингизда ким бўлишингиздан қаътий назар ўз-ўзингиздан худди ёш гўдакдек йиғлай бошлайсиз.

Бу нарса бироз олдинроқ ҳам содир бўлиши мумкин, аммо бу билан мазмун моҳият ўзгариб қолмайди.

Қачонки сиз унинг муҳаббатини ҳис қилганингизда йиғлашдан ўзга чора топа олмайсиз!

Нега чемпион бўлган спортчилар ҳар доим шохсупага кўтарилганда худди ёш боладек йиғлай бошлашади? Қувонч кўз ёшлари!?.... САФСАТА!

Ҳеч қачон инсон қалби қувончу-шодликка тўлганда йиғламайди. Ҳар бир инсон икки ҳолатда йиғлаши мумкин. Биринчиси - Худони сизга бўлган муҳаббатини ҳис қилганингизда, халқингизни сизга бўлган муҳаббатини ҳис қилганингизда ва яқинларингизни муҳаббатини ҳис қилганингизда. Муҳаббат инсониятнинг асл моҳиятини англатади. Иккинчиси тана ёки қалбда оғриқни ҳис қилганингизда йиғлашингиз мумкин.

Устозлар айтишади: - Ҳар бир бошланган йўл ўзида аллақачон охирини сақлайди! Аллақачон!? Эй Худойим, бу нарсани сизга қандай қилиб тушунтириб берсам экан?... Ўзимни бесўнақай сўзларим билан қандай қилиб тушунтириб бераман?... Мен устозлар деганда пайғамбарлар, олимлар, валийлар, етакчилар умуман олганда инсоннинг илоҳий қобилиятини намойиш қила олганларни назарда тутаяпман.

Биз мавзудан четга чиқиб бироз бошқа йўлдан юраётгандек таассурот ўйғотмаяптими? Йў-ў-ўқ! Биз тўғри йўлдамиз! Ахир ҳаммамиз ҳам ўзбек футболи дунё даражасида улкан муваффақиятни қўлга киритишини жуда-жуда хоҳлаймиз. Фикримга қўшиласизми? Унда муваффақиятни асл моҳиятига етмасдан қандай қилиб дунё даражасида муваффақият қозонишимиз мумкин?

Қаршимизда ҳар доим иккита йул бор. Учинчи йул мавжуд эмас! Биринчиси - борса келар. Иккинчиси - борса келмас. Ғалаба ёки мағлубият. Кучлилик ёки ожизлик. Ишонч ёки қўрқув. Топиб кўрингчи, биз қайси йўлдамиз? Умуман олганда ўзбек футболининг ривожланиш йўли мавжудми? Йўл нимани англатади? Манзилдан манзилга етиб олишни англатади. Ўзбек футболининг етиб бормоқчи бўлган манзили қаерда?

Ўзбек футболи жамоатчилиги Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига чиқишни жуда ва жуда истайди. Бу бизнинг азалий орзуларимиздан биридир. Ҳўш, кейинчи? Кейин, мавҳумлик.... Мавҳумлик нимани англатади? Бизда у ёқда, яъни жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўл йўқлигини англатади! Сиз нима деб ўйлагандингиз, тасодифан жаҳон чемпионатига чиқишни орзу қиласизми? Ҳаётда ҳеч қанақа тасодифлик йўқ! Бутун олам тартиб устига қурилган, барча нарсалар қонунга биноан содир бўлади. Ҳатто Ўзбекистон терма жамоасининг шу пайтгача жаҳон чемпионатига чиқа олмагани ҳам қонуниятга бинаон содир бўлаяпти. Қонун биз истаймизми, истамаймизми барибир амал қилаверади.

Қонунни ўрганиш керак! Ана шундагина биз футболимиз муваффақияти учун энг тўғри, энг қисқа ва энг натижали йўлни танлай оламиз. Келинг, мантиқчасига тушунтираман.

Мана, масалан, фараз қилинг қаршингизда тоғ турибди, тоққа етиб боргунча қир-адирлар бор, сиз эса шу тоғнинг чўққисига чиқишни орзу қилаяпсиз. Қир-адирлар, бу жаҳон чемпионати саралаш босқичи. Тоғ эса жаҳон чемпионати финал босқичини англатади. Йўл, бу - сиз турган жойдан токи тоғнинг чўққисигача бўлган масофани англатади. Сиз йўл юриб, саралашлардан ўтиб, ҳориб, чарчаб тоғ ёнига келдингиз дейлик. Пастдан туриб чўққига тикилганингизда қалбингизда қўрқув ва ваҳима аралаш: - Уҳ-ҳ-ҳу, бу тоққа чиқиб бўлмайди, бу жуда ҳам қийин-ку!, - деган фикр пайдо бўлади. Фикримга қўшиласизми? Ёки шундай эмасми?

Инсонда қўрқув туйғуси қачон пайдо бўлади? Мавҳумликдан, нотанишликдан, жараёнга мослаша олмасликдан, кўника олмасликдан ҳар бир инсон қалбида қўрқув туйғуси пайдо бўлади.

Футболчиларимизда қўрқув туйғусини йўқотиш ва уларни жаҳон майдонларида ўз маҳоратларини тўла намойиш қилган ҳолда мақсад сари дадил одимламоқ учун нима қилмоқ керак?

Ким бўлишингиздан қаътий назар мураббийми, футболчими, амалдорми, мутахассисми, журналистми ёки мухлисми фарқи йўқ, сизга бирор марта бўлсада, футбол олимпининг чўққисига чиқиш насиб қилганми?

Мен хаёлан дедим! Агар шу вақтгача чўққига чиқиб кўрмаган бўлсангиз сизга вазифа, хаёлан футбол олимпининг чўққисига чиқиб кўринг ва у ердан бутун дунё футбол горизонтини томоша қилинг. Ана шунда сиз аниқ кўра бошлайсиз, юмронқозиқ ўз инида нима қилаётганини эмас, балки равон йўлни кўра бошлайсиз, шу вақтгача қилган хатоларимизни ва имкониятларимизни кўра бошлайсиз. Кафолат бераман, мендан ҳам кўпроқ нарсаларни кўра бошлайсиз, имкониятларимизни пайқай бошлайсиз, "Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлиши учун нима қилмоқ керак?", - деган саволга жавобларни аниқ топа бошлайсиз.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаров шахмат тожи учун курашда Анатолий Карповни қандай мағлуб қилгани эсингиздами? Гарри Каспаров ўрнидан туриб у ёндан, бу ёндан ҳатто Карповнинг орқа тарафидан шахмат доскасига қарар эди ва энг яхши юришларни пайқаб қоларди. Мақсадга фақатгина битта ракурсдан қараш унчалик ҳам эффектли эмас. Муваффақият ҳар томонлама ёндашувни талаб қилади.

Битта мақсадга эришишни минглаб, миллионлаб услублари мавжуд. Яъни, тоғнинг чўққисига сиз учун қулай бўлган хоҳлаган томонидан чиқишингиз мумкин. Аммо, бугунги кунда футболчиларимиз қаршисида ҳал қилиниши лозим бўлган битта катта муаммо мавжуд.

ЙЎЛ - футболимизни бугунги ҳолатидан, даражасидан токи жаҳон кубогигача бўлган масофани англатади. Бироқ футболчиларимизда жаҳон кубогини орзу қилиш учун ишонч шаклланмаган. Мана муаммоимиз қаерда. Ҳар бир футболчимиз жаҳон майдонларида ўзини қулай ва эркин ҳис қилган ҳолда ўз маҳоратларини тўла намоён қилиши ва мақсад сари дадил бориши учун онгли тарзда қонуниятдан фойдаланиб ишончни шакллантириш мумкин. Бунинг учун футболчиларимизни ўқитиш, ўқитиш, ва яна ўқитиш талаб қилинади. Бу энг қисқа, энг арзон, энг самарали ва энг натижали усулдир. Қадрдонларим, бутун футбол илмининг калити бизнинг, ўзбекларнинг қўлида турибди. Мени биринчи мақсадим ўзбек футбол жамоатчилиги эътиборини бунга қаратишдир. Шу билан бирга менинг ўзбек футболи олдидаги вазифам - ғояни тарғиб қилиш, ғояга нисбатан футболчиларимизда ишончни шакллантириш учун ўқитиш ва тайёрлаш энг долзарб масала эканлигини аниқ биламан.

Хўш, бошладикми!?

Руҳшунос мураббий: Махмаюсуф Бердиев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар