Рўзиқул Бердиев:

“Насаф” клуби бу турда ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилиб 6:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Беллашув якунига етганидан кейин мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Бугун ишончли ўйин бўлди. Йирик ҳисобдаги ғалабадан хурсандмиз. Мавсум бошида кўп очколар йўқотгандик, уларни қайтаришимиз керак эди. Ўйинимизни яхши томонга ўзгартирган ҳолда очко йиғишни уддасидан чиқяпмиз. Юқори мақсадларга интилмоқчи бўлсак, мана шу кайфият ва темпда давом этишимиз керак. Жамоамизнинг ўйинини шакллантириш ва сифатига кўп эътибор беряпмиз. Йигитлар буни ўзлаштиришаётганидан мамнунмиз. “Сурхон” жамоаси бизга ҳимоявий қаршилик кўрсатишини билардик. Шу боис шошилмасдан, сабрлик билан вазиятларни кутишимиз керак эди. Улар биринчи голгача яхши қаршилик кўрсатишди. Асосан иккинчи бўлимда ўйин тубдан ўзгариб кетди.

- Танаффус пайтида берган кўрсатмаларингизни йигитлар тўлиқ бажаришдими?

- Биринчи бўлимда гол урганимиз бизга қўл келди. Чунки рақиб ҳам олдинга ўтишга интиларди. Бўш ҳудудлардан ва қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишимизни уқтиргандик. Буни амалда уддалашди.

- Ойбек Бозоров жароҳат туфайли ўйинни ўтказиб юборди. Унинг аҳволи қандай?

- Менимча, бир ҳафтадан кейин машғулотларга қайтади. Бугун жароҳатланган Ойбек Бозоров ва Суҳроб Нуруллоев йўқлиги боис схемамизни ўзгартирдик. Йигитларга ҳар қандай схемада ҳам ўйнай олишимиз кераклигини уқтиряпмиз. Таркибимиз кенг эмас. Баъзида йўқотишлар бўлса, майдондаги жойлашувимизни ўзгартиришимизга тўғри келади.

- Олдинда Ўзбекистон Кубоги ўйинлари турибди. Гуруҳда асосий фаворит ким?

- Суперлиганинг учта жамоасида имконият баландроқ. Ҳар бир қатнашадиган мусобақада максимал ҳаракат қиламиз. Таркибимиз ёш бўлса ҳам учта фронтда жанг қилишимизга тўғри келади. Ёшларни тезроқ тажрибасини ошириб, ўзига бўлган ишончини кўпайтиришимиз лозим.

- ОФК Кубогига тайёргарлик қандай бўляпти?

- Чемпионат ўйинлари орқали тайёргарлик олиб борамиз. Ўйлайманки, ОФК Кубоги ўйинлари ўтказиладиган пайтда яхши ҳолатда бўламиз. Лекин бизни ўйлантирадигани Тожикистондаги майдонлар сунъий экан. Бу бизга бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Аммо бу сабаб бўлмайди, биз гуруҳдан чиқишимиз керак.

- Рақибларни қай даражада ўрганяпсизлар?

- Туркманистонда чемпионат давом этмаяпти. Тожикистонда иккита тур бўлди. Қирғизистонда катта маълумот йўқ. Ўйинлар бошланаётган маҳалда албатта уларни яна ўрганиб чиқамиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
15/04/2021 21:58
Nimaga shunoqa katta musobaqa. Suniy maydonga bulsa. uzi bizagami desam. OFK ham bor ekanki bunoqa. qiliqla. Shu gurih uyinlarini. Qarshiga utkazsa ham bulardi. qushnilarimiz. hech qanaqa samaliyot bilan kelishi ham shart emasdi. uzini Avtobusi bilan kelib. bitta Gastinsaga joylashib. Guruh uyinlari utkazib ketsa ham bulardiki. har qalay Osiyo tan beradigan. Stadiyon bor Nasafka. klubla shugullanadigan. poliyala bor.

Минбар

Барча блоглар