Рўзиқул Бердиев:
Ads

«Насаф» ва Рўзиқул Бердиев кўпинча футболимиз жамоатчилиги томонидан намуна сифатида кўрсатиб келинади. Чунки иккаласи бир-бирига мос ва муносиб. «Насаф» клуби тизимида ишлар тўғри йўлга қўйилган ва бунга хамоҳанг равишда бош мураббий ҳам ёшларни танлаб олиб, уларни тарбиялашда катта тажрибага эгалигини кўрсатиб келмоқда. Бу йил таркиб ёшариб кетди, ўйинчилар асосан маҳаллий тарбияланувчиларни ташкил қилмоқда. Бердиев эса улардан қандай фойдаланиш йўлларини топа олаётгани ҳам эътиборга молик. Муҳими, «Насаф»нинг ўйинида мазмун, сифат ва чирой бор. Шу боис қаршиликлар ҳали ҳамон совринли ўринлар учун даъвогарлик қилишда давом этишмоқда.

«Лига Кубоги захира ўйинчиларига имкон бериш учун ҳам керак»

«Насаф» клуби ҳам Суперлиганинг биринчи давра баҳслари якунланиши биланоқ Лига Кубоги баҳсларига киришиб кетди. Натижалар эса чакки эмас. Лекин Рўзиқул Бердиев жамоасининг иккинчи даврагача тикланиб олиши учун вақт етарли деб ўйлайдими? Шу сабабли мутахассис Лига Кубоги мусобақаси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Футболчиларнинг ўйин амалиёти учун Лига Кубоги керак. Лекин Суперлигада биринчи давра тугаган ва футболчилар дам олишлари ҳам шарт. Мана шундай жиҳаларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Чунки футболчилар биринчи даврада кўп куч йўқотадилар. Энди олдимизда тайёрланиш учун кам вақт қоляпти. Бундай тиғиз графикда ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлигини тиклаш жуда қийин кечади. Албатта, футболчилар учун ўйинларнинг кўпроқ ўтказилгани маъқул ва аслида ҳам Лига Кубоги шу мақсадда амалга оширилди. Аммо Лига Кубогини тузиб чиқишда Суперлиганинг тақвимига ҳам эътибор қаратиш керак. Балки кейинроқ ёки олдинроқ ўтказиш лозим. Менимча, шу томонлама бироз хатолик бўлган. Боя айтганимдек, ўйинларнинг кўп бўлгани яхши. Масалан, жамоаларда ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчиларга имконият тақдим этиляпти. Бироқ айнан ҳозир Лига Кубогида иштирок этиш ҳар бир жамоага қийинчилик туғдиради. Шунинг учун кўраётган бўлсангиз, аксарият клублар ўринбосарлар таркиби билан ўйнашяпти. Чунки жамоалар ўз режалари бузилмаслиги учун ҳам шундай йўл тутишяпти. Лига Кубогидан кейин Суперлиганинг иккинчи даврасигача ҳеч қанча вақт қолмайди. Бундай пайтда футболчиларни тиклаш оғир бўлиб қолади. Масалан, мен ҳам Лига Кубогида ўйин амалиётига кам эга бўлаётган иккинчи таркибни майдонга туширяпман. Бу билан асосий ўйинчиларимизга дам бердим. Лекин Лига Кубоги захира ўйинчиларига имкон бериш учун ҳам керак.

“Мени ишдан бўшатишмагунча ўзим кетмайман”

Хабарингиз бўлса, Рўзиқул Бердиев Тошкентда мураббийларнинг навбатдаги “Про” ўқув-курсларида таҳсил оляпти. Унинг билими ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда имкониятлари янада катта эканлиги ҳақида кўп эшитамиз. Лекин мураббий доим “Насаф” билан бирга бўлиб келмоқда. Аммо у билан ҳамкорлик қилишни истайдиганлар жуда кўп. Балки Рўзиқул Саъдуллаевич ҳам қачондир ўзини бошқа жойда синаб кўриш ҳақида ўйлаётгандир-а?!

- Авваламбор “Насаф” жамоасида ишлаётганимдан хурсандман. Бу мени тўлиқ қониқтиряпти. Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришим учун эса мен “Насаф”га керак бўлмай қолишим керак. Ана шундагина бошқа таклифлар ҳақида ўйлаб кўрсам бўлади. Мени ишдан бўшатишмагунча ўзим кетмайман. Юқорида айтганимдек, бу ерда мени барча нарса қониқтиради. Бу ерда ишлаш учун ҳамма шароит бор. Клуб ҳам имкон даражасида имкониятларни яратиб беряпти, - дея жавоб қайтарди, Бердиев.

“Мураббийларда ҳам, раҳбарларда ҳам хиссиётлар бўлади”

Биз унинг бошқа жойда ишлаш борасидаги истакларини билишга бежизга қизиқмадик. Боиси, Суперлиганинг 13-турида Қаршида “Сурхон” билан ўтказилган баҳсда бош мураббий ҳамда раҳбарият ўртасида қандайдир норозилик ҳолатлари юз бергани ҳақида эшитдик. Натижада биринчи бўлим ўрталарида Бердиев стадионни тарк этгани хусусида гап тарқалди. Қолаверса, ўшанда у ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам иштирок этмади. Биз эса аслида нима бўлганини билиш учун мураббийнинг ўзига мурожаат қилдик.

- Бу шунчаки оддий гап-сўзлар холос. Мухлислар ҳам ўша вазиятни кузатишганди. Бу хиссиётдан бошқа нарса эмас. Албатта, раҳбарларда ҳам, мураббийларда ҳам бундай хиссиётлар бўлиб туради. Ўйин чиқмаётган пайтда асабийлашасиз. Бу табиий ҳол. Бундай вазиятдан фожиа ясаш шарт эмас. Ҳеч қанақа муаммо бўлгани йўқ. Фақат мен захира ўриндиғида кўпроқ ўтирдим ва кўрсатма бериш учун чиқмадим. Шундан келиб чиққан ҳолда мени норози бўлди деган гаплар тарқалди. Лекин ўзим доимий равишда жамоани бошқариб турдим. Танаффус пайтида ҳам йигитларга янги кўрсатмалар бердим. Ҳеч қанақа тушунмовчилик бўлгани йўқ, ҳаммаси жойида.

“Энди қисқа вақтдан унумли фойдаланиш керак”

Лига Кубогида 3-тур баҳслари ҳам тугади. Энди барча жамоалар иккинчи даврага тайёргарликка бор эътиборларини қаратишади. Лекин Лига Кубогидан кейин футболчиларда 26 июль куни старт оладиган Суперлиганинг иккинчи давра баҳсларига тикланиш учун вақт етарли бўлармикин, деган савол ҳам бор. Бу эса кўпроқ мураббийларни ўйлантираётган муаммолардан бири саналади. Бунга эса Рўзиқул Бердиев қуйидагича муносабат билдирди.

- Энди имкон даражасида йигитларимизга кўпроқ дам беришга ҳаракат қиламиз. Боя тиғиз вақт ҳақида гапирдик. Бундай вазиятда футболчиларга иложи борича тўғри йўналиш бериш керак. Ўзи шундоқ ҳам толиққан ўйинчиларга яна “нагрузка” берсак, бу уларни янада қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Шунинг учун уларга кўпроқ дам бериб, спорт формасини йўқотмайдиган даражада тайёргарликка эътибор қаратсак, иккинчи даврани ҳам бир текисда ўтказишимиз мумкин. Жуда қисқа вақтдан унумли фойдаланишимиз керак.

“Легионер олмоқчимиз, лекин таваккал қилмоқчи эмасмиз”

Иккинчи давра учун “Насаф” таркибида қандай ўзгариш бўлиши мумкин? Бу масала ҳам кўпчиликни қизиқтираётгани сир эмас. Ёки Рўзиқул Бердиев иккинчи даврада ҳам ихтиёридаги ёшларга таянишда давом этармикин? Лекин ўзи бир неча бор ёзги танаффусда таркибни кучайтириш ҳақида гапирганди. Шу боис мазкур масала бўйича ҳам бош мураббийга мурожаат қилдик. Масалан, таркибга легионерларни жалб қилиш имконияти қандайлиги билан қизиқиб кўрдик.  

- Албатта, раҳбарият билан таркибдаги ўзгаришлар ҳақида гаплашдик. Асосан клубни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Агар легионерларни олсак ҳам бу борада адашиб қолмаслигимиз керак. Бунинг учун ўша легионерни ҳар жиҳатдан аниқ ва чуқур ўрганиб кейин таклиф қилишимиз мумкин. Менга бир нечта хорижлик ўйинчиларни тавсия қилишяпти. Аммо биласиз, ҳозирги пайтда агентларга тўлиб кетган. Улар сизга ҳар хил ўйинчиларни таклиф қилаверишади. Лекин жамоамизга ёрдам берадиган ва муаммоли чизиғимизни бартараф этишга қурби етса, шундагина ўйлаб кўришимиз мумкин. Гарчи бизда легионер таклиф қилиш эҳтимоли бор бўлса-да, лекин бу масалада таваккалчилик қилмоқчи эмасмиз.

“Азиз Ғаниевнинг хорижга кетишининг тарафдориман”

Азиз Ғаниев оғир жароҳатидан кейин яна яшил майдонга қайтганлиги қувонарли. Уни футболимиз келажаги сифатида тилга олишаётгани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, ушбу ўйинчига хориждан ҳам таклифлар бўлаётганлиги тўғрисида эшитиб турибмиз. Балки “Насаф” уни сотиш орқали яхшигина фойда кўриши ҳам мумкин. Бу масала бўйича бош мураббий ўз фикрларини билдириб ўтди. Эътиборлиси, у Ғаниевни “Пахтакор”да эмас, балки хорижга кетишини исташи ҳақида маълум қилди.

- Азиз Ғаниев четга кетса яхши бўларди. Кучлироқ чемпионатда тўп суришини ўзи ҳам, биз ҳам хоҳлаймиз. У ҳали ёш ва яна бемалол ўйин жиҳатидан ўса олади. Агар шу ерда қолаверса, у бизнинг чемпионатда бир хил савияда қолиб кетиши мумкин. Мабодо, у қайсидир кучлироқ клубларимиздан бирига ўтса, ҳеч бир қаршиликсиз ўйинларда ўйнайверади. Рақобатсиз ўсишдан тўхтаб қолиши мумкин. “Пахтакор” ёки “Локомотив” чемпионатимиз етакчилари. Масалан, “Пахтакор”да ўйнаса бошқа жамоаларга қарши енгилроқ ҳаракат қила бошлайди. Чунки “Пахтакор” ўзи шундоқ ҳам кучли жамоа. Биз уни четда тўп суришининг тарафдоримиз. Ҳозирда легионер мақомида тўп суриб ўзини кўрсатаётган ўйинчиларимизни кўряпмиз. Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Икром Алибоев кабиларни мисол айтишим мумкин. Улар кучли чемпионатларда ўйнаб чиндан ҳам футболчи сифатида ўсиб боришяпти. Шу боис мен ҳам агар имконият бўлса Ғаниевни хорижга кетишининг тарафдориман. Лекин албатта, буни клуб ҳал қилади. Чунки унинг “Насаф” билан бир ярим йиллик шартномаси бор. Лекин айни чоғда унга таклифлар борми ёки йўқми, буни билмадим.

“Ҳар бир мураббий ўзи учун шароит ва имконият берилишини истайди”

Шу ўринда мураббийлар орасида истеъфолар кўпайиб кетгани ҳам ўзига яраша баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу жараёнга эса ҳар ким турлича муносабат билдирмоқда. Табиийки, Рўзиқул Бердиев ҳам ўзнинг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Барча мураббийлар ўзига имконият беришларини хоҳлайди. Балки баъзи жамоалардаги мураббийларга камроқ имконият берилгандир. Лекин баъзида етарлича имконият берилмасдан ҳам истеъфога чиқариш ҳолатлари учраб турибди. Ёки мураббийни чуқур ўрганмасдан туриб ҳам жамоага олиб келишяпти. Тўғриси, бу жуда нозик масала ва бунга жавоб бериш ҳам қийин. Буни фақат раҳбарлар ҳал қилишади. Ҳар бир клубни тизими ёки қараши ҳар хил бўлади. Лекин мураббий сифатида шуни айтаманки, ҳар бир мураббий ўзи учун яхши шароит ва етарлича имконият берилишини хоҳлайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Dima Muratov
09/07/2019 20:13
UZB Chempionatida bizni NASAF umuman ajralib turadi.
Uyinlari xalol va ildizi baquvvat jamoamizni.
Biz shundan faxrlanamiz.
Menimcha R.Berdievdek sodiq muarabbiyni xar bir klub fanatlari orzu qilsa kerak .
Biz R.Berdiev bn faxralanamiz.
Nasafni yulduz uyinchilari Z.Xolmurodov ,Sh.Toshpulatov ...va xokozo.
Barcha barchayizga katta raxmat.
Biz siz bn va Nasafimiz bn faxralanamiz.
&
09/07/2019 22:11
Ha albatta faxirlanamiz.
&
Holis
09/07/2019 18:57
Röziqul aka biz siz va nasafga ishonamiz!
Davron Jenjayev
09/07/2019 15:04
Ruziqul aka biz sizga ishonamiz
Javlon Abdullaev
25/07/2019 13:52
Juda to'g'ri Aziz yevropada o'ynasa zor bolardi