Рўзиқул Бердиев:

“Андижон” – “Насаф” ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- “Андижон”дан яхшироқ ўйнамаган бўлсак ҳам, бугун ғалаба қозондик. Бу эса футболда жуда муҳим. Агар бугун очко йўқотганимизда бунга фақат ўзимиз сабабчи бўлардик. Йигитларни ушбу ўйинга руҳий тарафдан тайёрлаш оғир эди. Чунки футболчилар барибир турнир жадвалига қарайди. Тан олиш керак, “Андижон” бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Жамоанинг ҳимояда ва ҳужумда муаммолари борлигини билардик.

- Бугун негадир “Насаф”нинг ўйини қовушмади...

- Гапимнинг бошида бежиз айтмадим: “Андижон”да яхши ўйнамадик, лекин уч очкога эга бўлдик. Ҳозир кийим алмаштириш хонасида футболчиларга бу охирги ёмон ўйинимиз бўлиши кераклигини талаб қилдим. “Насаф” асло бундай ёмон ўйин кўрсатмаганди. Албатта, яхши ўйнашга рақибимиз ҳам имконият бермади. Қолаверса, майдоннинг ҳолати ҳам яхши эмасди ва иккала жамоага ҳам таъсир кўрсатди.

- Учрашувдан аввал “Андижон”дан қандай ўйин кутгандингиз?

- Уларнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Биламизки, “Андижон” ҳар бир учрашувда натижа учун ўйнаяпти. Уларга чиройли ёки мазмунли ўйин керак эмас, муҳими натижа кўрсатишни исташяпти. Шу боис рақиб жамоа маҳорати етганича бор кучи билан курашишини билардик.

- Ўйин охирларида яна бир марказий ҳимоячини туширдингиз. Бундан асосий мақсад нима эди?

- “Андижон” кўпчилик бўлиб ҳужумга берилишни бошлаганди. Ҳаттоки, тўртта ҳужумчи билан ҳам ўйнади. Шунинг учун учинчи марказий ҳимоячини туширдик. Биз бу тактика бўйича кўп ўйинларни ўтказамиз. Ҳисобни сақлаб қолишимиз муҳим эди.

- Дилшод Раҳматуллаев рақобатда ютқазиб қўйгани учун захирада ўтирибдими?

- Йўқ. Дилшод етакчиларимиздан бири. Давралар оралиғида ёки танаффус пайтларида машғулотларда кам қатнашди. Спорт формасини тиклаши қийин бўлди. Аммо Раҳматуллаевга ишонамиз, шу боис жамоамизга таклиф қилганмиз.

- “Насаф” яна олдинги мавқеига қайта оладими?

- 2017 йилнинг охирларида “Пахтакор”ни 4:0 ҳисобида ютганимиздан кейин шу жамоани сақлаб қолишни ва чемпионлик учун кураша олишимизни раҳбариятга таъкидлагандик. Афсуски, бундай бўлмади. Молиявий томондан муаммолар бўлгач, бошқа йўлдан боришга қарор қилдик. Ҳозир ўша ўйинчиларимиз қаерда ўйнаётганини биласизлар.

- Вазиятга реал қарасак, “Андижон”нинг Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Жуда оғир бўлади. Эшитдик, янги ҳомийлар топилибди. Янги мураббий келди. Аммо мураббий ҳам сеҳргар эмас. Унга ўйинчи, шароит ҳамда вақт керак. Аммо уларда вақт кам. “Андижон”га омад тилайман, бироқ клубга қийин бўлишини сиз билан биз кўриб турибмиз.

- Эшитишимизча, Ойбек Бозоров мавсум якунида хорижга кетар экан, шу ростми?

- Бу ҳақида эшитмадим. Ойбекни жамоамиз билан узоқ йиллик шартномаси бор.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)