Россияда яна бир легионеримиз бор. У иккита гол урди

Россия премьер-лигасида Элдор Шомуродов “Ростов”, Остон Ўрунов “Спартак” ва Жасур Жалолиддинов “Локомотив” каби етакчи клублар шарафини ҳимоя қилишидан хабарингиз бор. Бу футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам фаолиятини давом эттирмоқда ва улардан мухлисларимизнинг умиди катта.

Россия футболида “суяги қотган” легионерларимиздан бири Вагиз Галиулин яна ўзини кўрсата бошлади. Фаолияти давомида оғир жароҳатлардан азият чеккан бу футболчи энди яна аввалги спорт формасини тиклай олганини намойиш қила бошлади.

unnamed_47

Галиулин икки йилдан буён Россия Миллий футбол лигасида “Нефтехимик” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Ўтган йили бу жамоа Премьер-лигасига даъвогарлик қилиб, мусобақани бешинчи ўринда якунлаган эди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи 21 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига бир маротаба йўл топган.

Миллий футбол лигасининг учинчи турида “Нефтехимик” ўз майдонида “Енисей” жамоасини қабул қилди. Ушбу учрашувда илк дақиқалардан тўп сурган ўзбекистонлик легионер ҳар бир бўлимда биттадан чиройли гол киритиб, жамоасининг янги мавсумдаги биринчи ғалабасини таъминлади ва 72-дақиқада ўз ўрнини Александр Юшинга бўшатиб берди. Шу тариқа, “Нефтехимик” жамоаси очколари сонини тўртта етказиб олди.

Асли андижонлик Вагиз Галиулин 2008-2012 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоасида 11 та ўйинда майдонга тушган. 2002-2005 йиллар давомида миллий чемпионатларимизда “Андижон” таркибида учта ва “Бухоро” сафида битта ўйинда майдонга тушган.

2006 йилдан бошлаб, Россияга кўчиб ўтган футболчимиз легионер сифатида “Рубин”, “Сибирь”, “Уфа”, “Тосно”, “Тамбов” ва “Нефтехимик” клубларида ўйнаб келмоқда. Россия майдонларида жами 11 та гол уришга эришган.

72675e-960688

Вагиз Галиулин фаолияти давомда қатор совринларни қўлга киритди. Хусусан, 2008 йилда “Рубин”да Россия чемпиони, икки йилдан сўнг Россия кубоги соҳиби бўлди. 2017-2018 йилги мавсумда “Тосно” жамоаси билан Россия кубоги мусобақасида яна бир карра ғолиб чиқди.

  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)