Россияда Паралимпия ўйинлари совриндорларига президент стипендияси берилади

Энди Паралимпия ўйинларининг кумуш ва бронза медаллари совриндорларига ҳам Россия федерацияси президенти стипендияси берилади. Бу ҳақда мамлакат паралимпия қўмитаси расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Унга кўра кумуш медаль соҳиблари ойига 39 минг рубль, бронза медали соҳиблари эса 30 минг рубль миқдорида стипендия олишади. Бу ҳозирда спортчилик фаолиятини тугатган ва собиқ СССР ҳамда 1992 йилги қўшма жамоада Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган спортчиларга нисбатан ҳам тадбиқ қилинади.

Агар спортчи ҳам кумуш, ҳам бронза медални қўлга киритган бўлса, у ҳолда унга юқори даражадаги медаль учун бериладиган стипендия тайинланади.

Агар совриндор спортчи допинга тушиб қолса, унда у ўша допинг санкцияси ниҳоясига етгунича стипендиядан маҳрум қилинади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)