Роналду

"Ювентус" 2018 йилнинг ёзида Чемпионлар Лигасини ютиш учун Криштиану Роналду билан шартнома имзолади. Португалиялик футбол юлдузи келганидан кейин раҳбарият ва мухлислар унга катта умид боғлади. Роналдунинг ўзи янги чорловни қабул қилиш ва клубни Европанинг юқори чўққисига олиб чиқиш истагидалигини билдирди. Натижада, "Аякс", "Лион" ва "Порту" унинг бу орзусига тўсқинлик қилди. Шундан сўнг, унинг мавсум якунида “Ювентус”дан кетиши ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлади. Шу билан бирга, "Юве"нинг спорт директори Фабио Паратичи клуб ҳали у билан шартномани узайтириш масаласини кўриб чиқмаётганини айтди. Уни эса собиқ клублари орасида "Реал Мадрид"дан бошқа ҳеч бири ортга қайтармоқчи эмаслиги ойдинлашди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, Роналдунинг 4 марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишига ва 4 марта "Олтин тўп" соҳиби бўлишига сабабчи бўлган клубга катта қайтишни амалга оширишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бироқ, ҳатто "Реал"нинг ўзи ҳам бу қарор тўғри ёки нотўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаяпти. Чунки бунга етарли сабаблар бор. Нима учун "Қироллик клуби" ўз афсонасини ортга қайтармаслиги керак? Қуйида айнан шу масалада фикр юритамиз.

Қисқа муддатли натижа учун катта молиявий юк

Мадридликлар аллақачон "Сантьяго Бернабеу"ни таъмирлаш учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаб бўлди. Шу сабабли, клуб сўнгги иккита трансфер ойнасида янги футболчилар сотиб олмади. Қолаверса, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган бутунжаҳон молиявий инқирози "Қироллик клуби"ни ҳам четлаб ўтмади. Шунинг учун клуб раҳбарияти маблағларни тежашга ҳаракат қилмоқда. Янги мавсум эса жамоага “янги қон қуйиш” кераклигини кўрсатмоқда. Роналдунинг қайтиши мадридликларнинг сифатли трансферларни амалга ошириш режаларига халақит бериши мумкин. Португалиялик футболчининг ортга қайтариш осон ва нисбатан арзон, аммо унинг 30 миллион евролик маоши ҳақиқий юкка айланади. Натижада, "Реал"да узоқ муддатли истиқболда барча керакли харидларни амалга ошира олмаслик хавфи туғилади, ҳатто ҳозирги таркибдаги айрим етакчиларни сотиб юборган тақдирда ҳам.

Криштиану "Реал" ҳужумини кучайтириши мумкинлигига шубҳа йўқ, аммо португалияликнинг Мадриддаги иккинчи ҳикояси қачонгача давом этади? У аллақачон 36 ёшда ва унинг супер истеъдодига қарамай, охир-оқибат ёш барибир ўз сўзини айтади. У яна 9 йил Мадридда қололмайди. Роналду бу сафар кўпи билан 2 ёки 3 мавсум “Реал” сафида ўйнаши мумкин. Узоқ вақт қолмаслигини билиб, унга шунча катта пул сарфлаш тўғрими? У бунга арзийдими?

Эрлинг Холанд ёш ва истеъдодли. У Роналдудан яхшироқ эмасми? Норвегиялик футболчи самарадорлик бўйича ҳам, Роналдудан ёмон эмас. Энг муҳими, бу "Реал"га кўп йиллар давомида совринлар олиб келиши мумкин бўлган мега-истеъдод. Ҳа, ОАВ хабарларига кўра, Мино Райола Холанд учун катта маош талаб қилмоқда, бироқ агар Мадрид клуби қийинчиликларга қарамай, катта маблағ сарфласа, бу орқали жамоа келажагига улкан сармоя киритган бўлади. "Реал" ёш юлдузларнинг узоқ муддатли трансферлари ҳақида ўйлашга арзийди. Чунки жамоада Рамос, Модрич, Кроос, Бензема каби етакчи футболчилар ўрнини эгаллайдиган муносиб ёшлар йўқ. Иско ҳозир аввалги савиясини намойиш қила олмаяпти. Асенсио ҳали ҳам ўзини тўлиқ кўрсатгани йўқ. Айтиш лозимки, Рамоссиз ўтказилган бир нечта ўйинлар муваффақиятсиз якунланди. Барча жабҳада муаммолар мавжуд бўлган бир пайтда Роналду жамоа муҳитини ўзгартира оладими?

Ўтмишни қайтариш учун содда уриниш

Эҳтимол, "Реал" раҳбарлари Криштиануни қайтаришда Ибрагимовичнинг “Милан”га келганини мисол қилар. Чунки 39 ёшли швед футболчиси келгач, "россонерлар"нинг ўйини сезиларли даражада кучайди ва жамоа кўп йиллик танаффусдан сўнг, биринчи марта Чемпионлар Лигасига қайтишга яқин турибди. Мадридликлар Роналду клубнинг аввалги ютуқларини қайтара олишига ва яна Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишига ишонади. Аммо ҳақиқатан ҳам шундайми? Ҳозирги "Реал" кетма-кет уч марта Чемпионлар Лигасини олганидан жуда фарқ қилади. Ўшанда мадридликлар сафида ҳар бир позиция учун иккита кучли ўйинчи бор эди ва шу сабабли, Зидан ўйин сифатини пасайтирмасдан бемалол таркибда ўзгаришлар амалга ошириши мумкин эди. Энди вазият бутунлай бошқача. Клуб авлодлар алмашинувига тайёрланмоқда ва Роналду бу вазиятда қаҳрамон-қутқарувчига айланиши мумкин. Шуни тан олиш керакки, “Ювентус” CR7 келганидан кейин кучаймади. Жамоа ҳатто Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар ҳам етиб бора олмади. Катта эҳтимол билан бу мавсум ички чемпионатда ҳам муваффақиятсизлик қайд этилиши мумкин.

Ностальгияга интилиш Мадриднинг келажак учун кучли жамоани шакллантиришига халақит бериши мумкин. Роналду вақтинча оғриқ қолдирувчи вазифасини бажариши мумкин. “Қироллик клуби” учун энг тўғри йўл бу Холандни сотиб олиш ва қолган пулларни бошқа позициялардаги ёш футболчиларга сарфлашдир. Роналду – “Реал” афсонаси, аммо бу аллақачон тарихга айланди. Келажак ҳақида ўйлаш вақти келди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар