"Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа ҳисобланадиган "Roland Garros" турнирида 2-босқичнинг навбатдаги кун баҳслари ўтказилди.

Иккинчи босқичдан ўрин олган бугунги кун баҳсларини канадалик Денис Шаповалов ҳамда испаниялик Карбальес Баэна учрашуви том маънода безай олди. 5 сет давом этган драматик беллашув тақдирини ҳакамларнинг кичик, аммо қўпол хатоси ҳал қилди. Яъни, 2 бор ҳисобда ортда қола туриб, ҳар сафар тарози паллаларини тенглаштира олган канадалик ракетка устаси ҳал қилувчи сетда ҳакамлар томонидан нотўғри ҳисобланган очко натижасида ракеткаларини ғилофга солишга мажбур бўлди. Якуний ҳисоб: 7:5, 6:7, 6:3, 3:6, 8:6.

Одатда, бундай босқичларда катта қийинчиликсиз ғалаба қозонадиган сербиялик Новак Жокович ўз анъанасига мувофиқ, литвалик Ричардас Беранкисни хотиржам енгди. Учрашувда 6:1, 6:2, 6:2 ҳисоби қайд этилди. Натижадан ҳам кўриниб турганидек, 1-тартиб рақамли теннисчи ортиқча қийинчиликка дуч келмади.

Сараланган спортчилардан яна бири грециялик Стефанос Циципас ҳам кейинги босқич масаласини нисбатан осон ҳал қилди. Рақиби уругвайлик Пабло Куэвасни мағлуб этган юнон теннисчиси 3 сетда ўйинга нуқта қўя олди. Якуний ҳисоб: 6:1, 6:4, 6:2.

Ортиқча қийинчиликсиз 3-босқич чипталарини қўлга киритган яна бир ракетка устаси Роберто Баутиста Агут йўлланма масаласини венгриялик Атила Баллажга қарши кечган учрашувда ҳал қилди. Рақибига қараганда фаолроқ ўйнаган испан ракетка устаси мос равишда 3 карра кўпроқ гэймни ўз номига ёздириб қўйишга эришди. Якуний ҳисоб: 6:3, 6:1, 6:2.

Юқоридаги спортчилардан фарқли ўлароқ, 7-тартиб рақам остида сараланган италиялик Маттео Берреттини кейинги босқичга нисбатан қийинчилик билан йўл олди. ЖАРдан ташриф буюрган Ллойд Харрис билан куч синашган италиялик дастлабки сетни 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи сетда бор кучини тўплаб, рақибига муносиб қаршилик кўрсатган Харрис худди шу ҳисобда тарози паллаларини тенглаштирди. Бироқ қолган сетларда жисмонан толиқиб қолган африкалик теннисчи ўйинни Берреттинига бой берди. Якуний ҳисоб: 6:4, 4:6, 6:2, 6:3.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)