"Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа ҳисобланадиган "Roland Garros" турнирида 4-босқич дастлабки кун баҳслари ўтказилди.

Турнирнинг асосий фаворити Новак Жокович 4-босқичда россиялик Карен Хачанов билан куч синашди. 6:4, 6:3, 6:3 ҳисобида ғалаба қозонган Жокович 4-ўйинда ҳам ўз рақибларига бирорта гэйм ютқазмади. Шу ўринда айтиш мумкинки, Хачанов "Roland Garros-2020"да Новакдан 4 та гэйм юта олган илк спортчи бўлиб турибди. Ажойиб натижа!

Жокович - Хачанов беллашувидан фарқли ўлароқ, грециялик Стефанос Циципас ҳамда болгариялик Григор Димитров ўртасидаги учрашув ҳам томошабоп кечди. 5-тартиб рақам остида сараланган юнон спортчиси кейинги босқич масаласини 3 сетда ҳал қилган бўлса-да, бироз қийналганини эътироф этиш жоиз. Айниқса, 2-сетни тай-брэкда бой берган Димитров, кейингисида айтарли қаршилик кўрсата олмади. Якуний ҳисоб: 6:3, 7:6(11:9), 6:2.

Яна бир сараланган ракетка соҳиби Андрей Рублёв венгриялик Мартон Фучович қаршилигини синдира олди. Баҳс олдидан яққол фаворит сифатида эътироф этилган бўлса-да, буни исботлаш унга осон кечмади. Дастлаб, ўйинни бироз хотиржам бошлаган рус спортчиси илк сетни тай-брэкда ютқазиб қўйди. Аммо кейинги сетларда ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олган Рублёв чорак финал чипталарига эга чиқди. Якуний ҳисоб: 6:7(4:7), 7:5, 6:4, 7:6(7:3).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)