Ришод Собиров янги лавозимга тайинланди

Жорий йилнинг 4 сентябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни топиш учун кучли селекция тизимини яратиш борасида аниқ кўрсатмалар берган эди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиздаги жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги ташкилотларда, спорт федерацияларда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон кураш федерацияси ижроқўм аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам бу борадаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳақиқатан, Ўзбекистон кураш федерацияси юртимизда миллий спортимизнинг ривожи билангина шуғулланмай, чет элларда Ўзбек курашининг оммавийлашишида муҳим вазифаларни бажариб келмоқда. Шу маънода, иқтидорли спортчиларни саралаш, мураббий ва мутахассисларнинг ишга илмий ва инновацион ёндошувини тўла шакллантириш, мураббий, ҳакам, спортчи ва мутахассислар фаолияти мониторингини тўлақонли олиб борилишига эришиш, жойларда селекция ишларини замон талаби асосида ташкил этиш федерациянинг энг асосий вазифаси бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда шиддат билан тараққий этиб бораётган халқаро глобаллашув шароитида миллий қадриятларимизни нафақат юртимизда, балки жаҳон майдонида янада оммалаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мос ҳолда Ўзбекистон кураш федерацияси ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириб бориш давр талаби ҳисобланади.

Шу маънода, замонавий спортда соҳага ёш, тажрибали спортчи-мутахассисларни жалб этмай туриб, тизимга илмий ёндашувсиз маълум ютуқларга эришиш даргумон. Ижроқўм йиғилишида билдирилган фикрлар, таклифлар натижасида федерация тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Унга кўра, кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, дзюдо бўйича уч карра Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Ришод Собиров федерация раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Худди шунингдек, тажрибали мутахассис, қатор хорижий мамлакатларда Ўзбек спорти кураш тарғиботи билан шуғулланган, Таиланд, Қатар, Вьетнам, Индонезия ва Туркманистон давлатларида ўтган Осиё ўйинларида кураш мусобақаларининг ташкилий ишларида бевосита иштирок этган, ўнлаб жаҳон чемпионларининг устози, халқаро тоифадаги ҳакам Олим Ҳайитов федерациянинг Илмий кенгашига раис этиб сайланди. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу ўринда айтиш жоизки, сўнгги пайтларда нафақат курашда, балки бошқа спорт турларида ҳам спорт амалиёти ва илмий ёндашув бир биридан анча айро бўлиб келганди. Ўзбекистон кураш федерациясида Илмий кенгашнинг жорий этилиши, Ришод Собировдек дунё спортида ўз ўрнига эга бўлган донгдор спортчининг миллий спортимизда муносиб ўрин эгаллаши ишонамизки, курашнинг янада юксалишига, соҳа мутахассисларининг ҳар томонлама салоҳиятли бўлишида ва энг муҳими, курашнинг халқаро майдонда янада оммалашишига хизмат қилади.