Риода ўзбекистонлик курашчини енгиб Олимпиада чемпиони бўлган спортчида коронавирус аниқланди

Юнон-рум кураши бўйича Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони Исмаэль Боррерода коронавирус аниқланиб, касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбага кўра, кубалик чемпион шу йилнинг март ойи бошида Канаданинг Оттава шаҳрида ўтказилган Панамерика чемпионатида иштирок этган ва якунда -67 кг вазн тоифасида мусобақа ғолибига айланганди.

Чемпионат якунланганидан сўнг Куба терма жамоаси Оттавада қолиб, бир ҳафтадан кейин Канаданинг айнан шу шаҳрида старт оладиган Панамерика квалификацион турнирига тайёргарлик кўрди. Борреро ўтган йили Нур-Султон шаҳридаги жаҳон чемпионатида "Токио-2020" лицензиясини қўлга киритгани боис бу мусобақада иштирок этмади.

Кубалик курашчилар 17 март куни Канададан Озодлик оролига қайтишди ва шундан сўнг Исмаэлда инфекция симптомлари аниқланди. 28 март куни эса унинг коронавирусга топширган таҳлили ижобий натижа берди. Ҳозирда Борреро пойтахт Гаванадаги госпиталда даволанмоқда. Олимпиада чемпионининг ҳолати қониқарли, дея баҳоланмоқда.

Исмаэль Борреро билан мулоқот қилган 25 киши назоратга олинди. Улар орасида юнон-рум кураши бўйича Куба терма жамоасининг тўрт нафар аъзоси ҳам бор. Уларнинг барчаси шифокорлар назоратига олинган.

Эслатиб ўтамиз, Исмаэль Борреро Рио-2016 Олимпиадасининг ярим финалида ҳамюртимиз Элмурат Тасмурадовни мағлубиятга учратиб, финалга йўл олган эди. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)