Ретроспорт. Афсонавий “немис машинаси”

Бу ном тезлик сўзи билан синонимга айланиб кетган. Сиз ушбу шахсни кўрмаган, фаолияти ҳақида билмаган тақдирингизда ҳам унинг номини эшитасиз ва беихтиёр ишлатасиз. Энг кўп подиумлар, энг кўп ғалабалар, бир мавсум давомидаги энг кўп зафар, энг тезкор айланалар сони бўйича рекордчи, 7 карра (5 марта кетма-кет) Формула-1 йўналиши чемпиони – Михаэль Шумахер.

QxnU29WhrwUpiy8U_1

 

Илк қадамлар

Михаэль Шумахер 1969 йил 3 январда шимолий Рейн-Вестфалиядаги Хюрт-Хермюльхайм шаҳрида таваллуд топган. Бўлажак афсона пойгага илк қадамларини картингдан бошлаган. Отаси Рольф ёрдамида ясаган карти билан маҳаллий трассада шуғулланиб юрган. Ёшлигида спортнинг бошқа турлари, хусусан дзюдога қатнашган. Пойгага ўзида улкан мойиллик сезган Михаэль 14 ёшида биринчи лицензиясини олади ва расмий мусобақаларда қатнаша бошлайди. 1984-1987 йиллар мобайнида у Германия ва Европа миқёсидаги турнирлар, жумладан “Формула Кёниг” мусобақасида ғалаба қозонади. 1990 йилда Германия “Формула-3”да чемпионликни қўлга киритади. Япония “Формула-3000” турнири Шумахер муваффақиятларининг навбатдаги зинапояси бўлди. “Mercedes Junior” лойиҳаси аъзоси сифатида жаҳон чемпионатида қатнашиб, 1990 йил Мехико ва 1991 йил “Аутополисе” (Япония) босқичларида ғалаба қозонган.

konig_004

Дебют

1991 йил 10 та пойга ортда қолганига қарамасдан Эдди Жордан Шумахерни ўзининг жамоасига Бельгия гран-присида иштирок этиш учун таклиф қилади. У “Жордан” жамоасида Бертран Гашо билан бирга ҳаракат қилиши лозим эди. Унинг мураббийи Вилли Вебер Жорданни шогирдининг маҳоратига ишонтира олди. “Формула-1”даги биринчи расмий мусобақа олдидан Шумахерда бир мартагина Силверстоун трассасида, кучли ёмғир остида машғулот ўтказиш имконияти бор эди, холос. Бельгиядаги Спа автотрассаси унга бегона эмасди. Михаэлнинг уйи ушбу автодромга анча яқин бўлгани учун унда катта муаммо бўлмади. Дебютдаёқ Жордан-Форд каби кучсиз болидда 7-поғонани банд этиб, барчани ҳайратда қолдирди. Бу шунчаки квалификация эди. Даслабки пойганинг бошида Шумахер дарҳол 5-поғонага кўтарилиб олди. Аммо машина муфтаси биринчи айланадаёқ ишдан чиқди. Шундан сўнг, уни “Бенеттон” клуби ўзига чорлади. Директор Флавио Бриаторе ушбу қарорни қабул қилишга шошилмади. Аммо келгуси пойгадаёқ Михаэлни “Бенеттон”да кўришди.

screen_000_ARP1663969

“Бенеттон”

Биринчи пойгасида Шумахер жамоадоши, уч карра жаҳон чемпиони Нельсон Пикедан кейин 5-поғонани банд этди. Қолган тўрт пойганинг иккитасида ёш пойгачи жамоасига очко олиб беришга муваффақ бўлди.
1992 йилда Шумахер “Формула-1”да дастлабки ғалабасини нишонлади. У ўша йилги мавсумни “Рено” аъзоси Уильямс ҳамда мусобақанинг том маънодаги етакчиси Айртон Сеннадан сўнг учинчи ўринда якунлади. Сариқ комбинезон ва табассум Михаэлга дастлабки лақабни олиб келди – “қуёшли болакай”.
1993 йилда кўпроғига қодир бўлишига қарамай, Шумахер битта ғалаба билан мавсумни якунлашга мажбур бўлди. Бунга сабаб табиийки, машина кучсизлиги. У мавсумни 4-поғонада якунлади. Ален Прост, Айртон Сенна ва Деймон Хилл ундан юқорида. Юқорида айтиб ўтганимиздек, техник муаммо бўлмаган тақдирда, у яхшироқ кўрсаткичга эга бўлиши мумкин эди. Мисол учун, Монако пойгасида Шумахер етакчилик қилаётган эди. Энг муҳим паллада болид ишдан чиққанлиги сабаб у Сеннани олдинга ўтказиб юборди. Умуман, у финишгача етиб борган ҳар бир пойгадан сўнг подиумга кўтарилди: 1 та ғалаба, 5 та иккинчи ва 3 та учинчи ўрин.
1994 йилда Михаэль биринчи бор чемпионат ғолибига айланди. Аделаидада бўлиб ўтган сўнгги пойга кўпчилик автоспорт мухлислари ёдида бўлса керак. Деймон Хилл билан тўқнашиб кетган Шумахер рақиби билан бирга пойгадан четлаштирилган.
Бундан ташқари, Британия гран-присида қора байроққа бўйсунмаган Шумахер иккита пойгага четлатилганди. Аммо у якунда чемпионлик шоҳсупасидан ўрин олди.
1995 йилда титулни ҳимоя қилди. Бу гал асосий рақиби Даймон Хиллдан 33 очкога илгарилаб кетди. 19 та ғалаба, 21 та подиумга кўтарилиш ва яна кўплаб ажойиб натижалари билан Шумахер ҳаммага кимлигини кўрсатиб қўйганди. 1991 йилдаги ўзига боғлиқ бўлмаган вазиятни инобатга олмасак, у 4 йил мобайнида атиги 2 марта пойгани 4-поғонадан пастда якунлади.

rueb22e161915

Феррари

Шумахер билан шартнома имзоланган 1995 йилда “Феррари” клубининг сўнгги бор чемпионликка эришганига 17 йил бўлган эди. “Скудерия” болидларида техник жиҳатдан муаммолар кўп эди. Бунгача жамоа мавсум давомида атиги битта пойгада ғалаба қозонишга эришган эди. Михаэль эса дастлабки мавсумдаёқ 3 та пойгада шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олди. Мавсум якунида умумий натижаларга кўра итальян клуби учинчи ўринни эгаллади. Унинг хизматлари жамоасида миннатдорлик ҳисларини уйғотди ва “Феррари” ўз пойгачисини жаҳон чемпиони қилишни олдига мақсад қилиб қўйди.
1997 йилда Шумахер жаҳон чемпиони бўлишига бир қадам етмади. Аниқроғи, мавсумнинг сўнгги пойгасида уни дисквалификация қилишди ва бутун чемпионатдан ўчириб ташлашди. 1998 йилда эса у шунчаки ажойиб формада эди. У бор кучи билан ҳаракат қилди ва ҳатто бир куни машғулотларда 160 айланани босиб ўтди. Тайёргарликларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда германиялик афсона ўша йили 30 минг километрни босди.
Аммо ўша мавсум “Макларен” болидлари анча мукаммал машина саналарди. Шумахер мавсум давомида уларга рақобат уюштирган ягона пойгачи бўлди. Сўнгги пойгада Мике Хаккиненга имкониятни бой бериб, 2-ўрин билан кифояланди.
1999 йилда у тўқнашув натижасида оёғини шикастлаб олади. Шу тариқа, у 6 та пойгада жамоасига ёрдам бера олмайди. Бироқ мавсум сўнгида қайтиб, “Конструкторлар кубоги”ни ютиб беради.

Todt-Schumacher

2000 йил Шумахер “Феррари”га 21 йил орзиқиб кутилган чемпионликни олиб беради. Мавсумнинг 17-пойгасидаёқ унинг ҳисобида 9 та ғалаба бор эди.
2001 йилда ўзининг 4-чемпионлигини ҳам қабул қилиб олди. 2002 йилда Гран-прилардаги ғалабалар сони бўйича Ален Прост рекордини ҳам янгилашга эришди. Барча пойгаларни подиумда якунлади. Шу билан у чемпионлик сони бўйича Хуан Мануэль Фанхиога тенглашиб олади. Келгуси йилдаёқ Фанхио ортда қолдирилди. 2004 йил Шумахер 18 пойганинг 13 тасида ғалаба қозониб, 7-титулини қўлга киритди. Ушбу рекорд ҳанузгача бетакрорлигича қолмоқда.
2005 йилда чемпионлик бой берилди. Мавсум ғолиби “Рено” аъзоси Фернандо Алонсо бўлди. Иккинчи поғонани “Макларен” пойгачиси Киме Райконен эгаллади. Шумахер эса учликни якунлаб берди.

unnamed_4

2006 йилда “Скудерия” “Рено” билан жиддий курашга киришди. Мавсум давомида интрига сақланиб турди. Ҳаммада бир савол: ким ғолиб бўлади? Алонсо ёки Шумахер. Шу йилнинг 10 сентябри тарихда қолди. Сабаби, айнан мана шу кунда 7 карра “Формула-1” чемпиони Михаэль Шумахер фаолиятини якунлашини маълум қилди.
Шундан сўнг, у “Феррари”да ёрдамчи мураббий ва маслаҳатчи бўлиб ишлай бошлади. Бир муддат мотоспорт билан ҳам шуғулланди. 2009 йилнинг 29 июль санасида “Феррари” Шумахернинг қайтишини эълон қилди. Аммо мотоспортда орттириб олган кутилмаган жароҳати туфайли унинг қайтиши 2010 йилга қолдирилди...

mikhajel-shumakher_14197759501902974293

Сўнгги йиллар

2009 йилнинг сўнгида Михаэль Шумахер “Мерседес” клуби билан 3 йиллик шартнома имзолади. Аммо ушбу йилларда ҳамма билган “ракета” трассага чиқиб келмас эди. У ўзининг энг баланд парвозини амалга ошириб бўлган эди.
2012 йил охирида у ушбу мавсум якунида фаолиятини якунлашини маълум қилди. Бу сафар Шумахер қатъий ва ўзгартириб бўлмас қарорга келганди.
2013 йилда Шумахер дўстлари билан Алп тоғларига чанғи курортига боради. Чанғи трассасида мувозанатни йўқотган Михаэль боши билан тошга қаттиқ урилади. Уни вертолётда касалхонага олиб боришади. Бир неча йиллар мобайнида унинг аҳволи ҳақида етарли маълумотлар бўлмайди. Баъзи манбалар унинг хотирасидан айрилгани ҳақида ёзади.

xw_1491190

2018 йилда Шумахер FIAпрезиденти Жан Тодт билан Бразилия гран-присини трибунадан кузатиб борди. Шундан сўнггина унинг мухлислари енгил тин олди. Афсонавий пойгачининг аҳволи жойида, ҳали у ҳаётдан олиши лозим бўлган нарсалар бор.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Ретроспорт. Такрорланмас рекорд соҳиби 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)