Равшан Эрматов Андижон футболи билан яқиндан танишди

Ўзбекистон футбол ассоциациясига Равшан Эрматов биринчи вице-президент этиб тайинлангач, ўзига хос тарзда футболимизни янада ривожлатириш бўйича дастур ишлаб чиқди. Айни пайтда эса мазкур дастур асосида ишлар олиб борилмоқда. Шу тарзда Республикамизда футболнинг ҳозиргидан-да оммавийлигини, унга бўлган қизиқиш ва эътиборни ошириш, шунингдек, шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида Равшан Эрматов жойларга бориб, у ердаги футболни ўз кўзи билан кўриб, шахсан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун вилоятларга ташрифини бошлади. Шу мақсадда Эрматов бошчилигидаги ЎФА делегацияси Андижонга сафар қилди.

Бунгача асосан ҳакам сифатида вилоятларга борган Равшан Сайфиддиновичнинг энди раҳбар сифатида ташриф буюриши ҳам ўзига яраша эътиборга молик воқеа бўлди. Эрматов вилоятларга шунчаки номигагина келиб-кетишни истамаган ҳолда борган жойларида ҳаммасини ипидан-игнасигача ўзи текшириб, футболга бўлган эътиборни обдон ўрганиб чиқаётгани ҳам фикримизга исбот бўла олади. Андижон футболи билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу вилоятга ташрифи 22 октябрь тонггидан бошланди. Дастлабки манзил шаҳардаги «Бўстон» даҳасида жойлашган «Андижон» клуби қошидаги «Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби»дан бошланди. Айтиш керакки, ушбу футбол мактабига Фарруҳ Мирзаев директорлик қилиб келмоқда. Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация эса у ерда болалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бинони обдон кўздан кечиришди ва машғулот майдонларини ҳам кузатишди. Айтиш керакки, футбол мактабининг жойлашуви ва табиий майдонлар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Шу билан бирга Фарруҳ Мирзаевга тегишли кўрсатмаларни берди. Қолаверса, у ерда таҳсил олаётган болажонлар билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари билан қизиқди.

эрматов10

Шундан сўнг ЎФА раҳбарияти «Шўрбулоқ» даҳасида жойлашган Андижон футбол академиясига ташриф буюрди. Айтиш жоизки, ушбу академия доимо раҳбарларнинг эътиборида бўлиб келади. Чунки у вилоятдаги энг кўзга кўринган футбол бўйича билим даргоҳи ҳисобланади. Шунинг учун Равшан Эрматов  у ерга борганида шошилмасдан ҳаммасини синчиклаб кўриб чиқди. Дастлаб қўшимча майдонни кўздан кечирди ва у ерда қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан мутасаддиларга топшириқларни берди.

Айниқса, академия ҳудудини обдон кузатди. Натижада ўзининг кўрсатма ҳамда тавсияларини берди. Шундан кейин Равшан Сайфиддинович бинонинг ҳар бир хонасини кўриб чиқди. Аввало болаларнинг овқатланиш хонасини кўздан кечирди. Шунингдек, тиббиёт хонаси билан ҳам танишиб, у ердаги дори-дармонларни кўздан кечириб чиқди. Натижада болаларга қўлланилаётган дори-дармонлар юзасидан у ердаги шифокорлар билан савол-жавоб ўтказди. Болаларнинг соғлиги доим назоратда бўлиши кераклиги ҳақида гапирди. Бундан ташқари, ҳар бир ётоқхонани ва ундаги шароитларни ҳам ўз кўзи билан кўрди. Бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларида футболимизга оид ўзига хос музей яратилиши зарурлиги ва бу болаларга жуда муҳим эканини айтган ҳолда топшириқ берди.

эрматов11

Бинонинг ичини кузатар экан, ўқув хонасига ҳам кирди. У ерда мураббийлар болалар учун илмий-таҳлилий машқларни ўргатаётган экан. Маълум бўлишича, болалар яқинда Республика босқичи мусобақасида совриндорлар қаторидан жой олиб қайтишган экан. Эрматов эса болалар билан саломлашгач, мураббийга дарсни бўлманг, биз ҳам кўриб ўтирамиз дея бироз жараённи кузатиб борди. Унда мураббий «проект»да футбол ўйинини кўрсатган ҳолда ёшларга таҳлилий дарсни ўргатаётганди. Шундан сўнг Равшан Сайфиддинович болажонларга қарата ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Аввало, сизларни Республика мусобақасида совриндор бўлганинглар билан табриклайман. Сизлар футболимизнинг келажагисизлар. Шу боис устозингларнинг кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилинглар. Миллий терма жамоамиз қандай ўйин кўрсатаётган бўлса, футболимиздаги пастки бўғинлар ҳам худди шундай ҳолатда ўйнашга ҳаракат қилишлари лозим. Яъни, ҳаммани миллий терма жамоа тактикасига хамоҳанг равишда бир хил услубда ўйнашини йўлга қўйиш лозим. Бу эса аввало мана шу ердан бошланади. Бекорга мана шундай «проект»лар билан замонавий ишлашни ўрганинглар деб айтаётганимиз йўқ. Ёшларимизга миллий терма жамоамизнинг ўйинларини қўйиб кўрсатинглар. Кўринглар, жамоамиз қандай ҳужум қиляпти, қандай тактикада ўйнаяпти, қандай ҳимояланяпти? Олдин қандай бўларди, тўпни олдирса ҳамма ҳимояга ётиб оларди. Лекин ундай эмас. Тўпни йўқотдими, дарҳол прессинг қилиб, тўпни ўзига қайтариб олишга ҳаракат қилиши лозим. Мана шу ўзбек футболига ярашадиган услубдир. Сизлар ҳозирданоқ мана шундай ўйин услубига ўрганишинглар керак. Ана шунда мухлисларга, халқимизга ёқадиган футбол кўрсата оламиз, тушуняпсизларми? Ана шунда терма жамоа мураббийлари ҳам сизларга янада кўпроқ эътибор қила бошлайди. Мураббийлар ҳам миллий терма жамоа тактикасини албатта ҳозирданоқ болаларга ўргатиб боришлари жуда муҳим. Ана шунда тайёр, терма жамоамиз тактикасига мос ўйинчилар етишиб чиқади ва кейинчалик уларни ўзгартириб ўтирмаймиз. Бу фақат чемпион жамоаларда эмас, балки ҳар бир ёшдаги гуруҳларда қўлланилиши лозим. Яна қайтараман, ҳар доим ёшларга миллий терма жамоамизнинг ўйинларини кўрсатинглар, кўришсин, кузатишсин. Бунга жиддий қаранглар. Ҳужумчи қандай ўйнаяпти, ярим ҳимоячи қаерга тўп оширяпти ёки ҳимоячи қандай ҳимояланяпти, ким қаерга очиляпти, сизлар ҳаммасини кўриб ўрганинглар. Шунда ўзинглар ҳам таҳлил қилишни ўрганасизлар. Албатта, мураббийлар сизларга ҳаммасини ўргатади. Аммо ўзинглар ҳам мустақил фикр қилишни ўрганинглар. Сизлар (мураббилар ва мутасаддиларга қараб) албатта буларни назорат қилиб туринглар, савол беринг, қандай фикрлаётганини билинглар. Футболни фақатгина оёқ билан ўйнамаймиз-ку! Футболни аслида ақл билан ўйнаймиз. Ҳар доим ақлли футболчи олдинга қараб кетаверади. Ана шунда у терма жамоаларда ўйнашга муваффақ бўлади. Ақлли футбол билан ҳар қанақа жамоани ютиш мумкин. Қилаётган ишинглар ниҳоятда муҳим. Сизларга мураббий ўргатаётган маҳалда ҳаёлларинглар чалғимасин, бутун эътиборингларни футболга қаратинглар. Бу ерда айтилаётган таҳлил ва кўрсатмаларни кейин албатта майдонда кўрсата олишинглар лозим. Бундай гаплар чап қулоғингизга кириб, ўнг қулоғингиздан чиқиб кетмасин. Дунё футболи ҳозир шундай ишлаяпти. Биз улар билан ҳамнафас бўлишимиз ва керак бўлса улардан олдинда бўлишимиз даркор. Доим эътибор билан қаранглар. Ўз навбатида сиз мураббийлар ҳам болаларга эътиборни кучайтирадиган топшириқ ва кўрсатмалар беринглар. Ҳаммага омад, - деди Эрматов.

Эрматов12

Умуман олганда, мазкур академияни кўздан кечириш жараёнида ЎФА биринчи вице-президенти айрим камчиликларни аниқлаган ҳолда уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди. Шу билан бирга футбол академиясида яна бир эътиборга молик ҳолат юз берди. Шохруҳ Ишанов бошчилигида 2005 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоа Озарбайжонда ташкил этилган халқаро мусобақада қатнашиб чемпион бўлиб қайтишди. Буни қарангки, уларни тантанали кутиб олиш маросими айнан Равшан Эрматовнинг ташрифига тўғри келди. ЎФА делегациясининг академияга қилган ташрифи якунида айнан чемпион жамоани кутиб олиш маросими ҳам ташкиллаштирилди. Унда шунингдек, болаларнинг ота-оналари ҳам иштирок этишди. Табиийки, Эрматов бошчилигидаги делегациянинг ҳам кутиб олиш маросимида иштирок этгани янада жозибали бўлди ва бу ҳолат чемпион болаларни янада қувонтириб юборди. Ўз навбатида қаҳрамонларга Эрматов эсдалик совғаларини топширди ва уларни табриклаган ҳолда шундай деди:

- Биз Муҳтарам Президентимизнинг топшириғи билан футбол мактаблари, академияларни, ҳамма-ҳаммасини ич-ичидан ўрганиб чиқиш мақсадида Андижонга келдик. Кўриб турибмизки, мана шундай академияларнинг ташкил этилиши ўзбек футболига катта фойда келтиришини, келажакда футболимизга ютуқлар олиб келишини яна бир бор кўриб, бунга ишонч ҳосил қилиб турибмиз. Албатта, бизнинг жамоамизни халқаро мусобақадан чемпион бўлиб қайтгани қувонарлидир. Албатта, биз бундан фахрланишимиз керак. Ахир чемпионлик ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бунинг ортида катта меҳнат, машаққат, сабр бор. Машғулотларда ўзингларни қийнаб ишлашинглар керак. Ўша қийинчилик бўлган пайтда ҳам биз ўз ишимизни давом эттиришимиз лозим. Ана шунда натижалар бирин-кетин келаверади. Сизларга ва ота-оналарингга раҳмат. Сизларни ватанпарвар инсон қилиб тарбиялаётгани учун ташаккур. Келажакда албатта миллий терма жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз деган орзу билан яшанглар. Шунда ҳамма сизлар билан фахрланади ва албатта ўйлаган ниятингларга эришасизлар, - дея фикр билдирди, Равшан Сайфиддинович.

эрматов13

Шундан кейин навбатдаги манзил Андижон олимпия захиралари спорт коллежи ва «Соғлом авлод» стадиони бўлди. У ерда мутасаддилар билан футболни ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Шу билан бирга бино атрофида болалар учун қўшимча майдонларни барпо этиш юзасидан бўш ерларни кўздан кечиришди. Эрматовнинг тавсиясига биноан олимпия захиралари коллежи ҳудудида учта кичик ҳажмдаги футбол майдонларини қуриш бўйича аниқ жойлар белгилаб олинди.

Ташриф давомида «Соғлом авлод» стадионини ҳам кўздан кечирди. Айниқса, майдоннинг ҳолатини диққат билан кузатди. Маълумки, стадион яқинда реконструкция қилинди ва майдон буткул янгиланганди. Аммо орадан кўп ўтмасдан майдоннинг бир қатор жойларида ажриқлар юзага чиқиб қолганди. Лекин ҳозирги кунга келиб майдон ҳолати яна аввалги ҳолатига қайтарилган. Эрматов эса майдон масаласига жиддийроқ эътибор қаратиш кераклигини тушунтирди.

эрматов14

Кейин эса Эрматов вилоятдаги бошқа туманларга ҳам сафар уюштирди. Жумладан, Избоскан, Асака, Шаҳрихон ҳамда Қўрғонтепадаги футбол мактаблари билан ҳам яқиндан танишди. Маълум бўлишича, мазкур туманларда футболга ихтисослаштирилган янги футбол мактабларини қуриш бўйича тавсиялар берилган. Бу орқали маҳаллий ёшларга футбол билан шуғулланиш учун янада қулай шароитларни яратиш, қизиқишларини ошириш, келажакда терма жамоаларимиз учун муносиб ўйинчиларни тарбиялаш ҳамда мунтазам равишда футбол билан ҳамнафас бўлишлари кўзда тутилган. Ташриф сўнгида эса Равшан Эрматов Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан учрашди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Hamid Shoh
24/10/2019 13:36
Boshqa joylarga ham nazar tashlasalar yaxshi bo'lardi.
Ziyahiddin Tojiboev
24/10/2019 11:17
Nimaga har safar kim tekshirishga kelsa Andijon fudbol litseyiga bormedi u erdagi bollar Andijondi kerak bõlsa akamediyadan ham kuchli bõstondiyu aytmasayam bõladi.u bechoralardi hatto õzlarini stafioni ham yõq shularga ham sharoit yaratib berilsa yahshi bõlardi.
Ziyahiddin Tojiboev
24/10/2019 11:17
Nimaga har safar kim tekshirishga kelsa Andijon fudbol litseyiga bormedi u erdagi bollar Andijondi kerak bõlsa akamediyadan ham kuchli bõstondiyu aytmasayam bõladi.u bechoralardi hatto õzlarini stafioni ham yõq shularga ham sharoit yaratib berilsa yahshi bõlardi.
Ziyahiddin Tojiboev
24/10/2019 11:08
Nimaga har safar kim tekshirishga kelsa Andijon fudbol litseyiga bormedi u erdagi bollar Andijondi kerak bõlsa akamediyadan ham kuchli bõstondiyu aytmasayam bõladi.u bechoralardi hatto õzlarini stafioni ham yõq shularga ham sharoit yaratib berilsa yahshi bõlardi.

Минбар

Барча блоглар