Расман! Ўзбекистонда якка кураш спорт турлари сони яна биттага кўпайди

Жисмония тарбия ва спорт вазирлиги расмий сайти тарқатган хабарга кўра, юртимизда Ўзбекистон  француз бокси Сават Ассоциацияси ташкил этилди. 

Яқинда Ўзбекистон француз бокси Сават Ассоциацияси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтди ва махсус гувоҳномага эга бўлди. Шунингдек, ассоциация Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилди. Янги ассоциациянинг президенти этиб «Туронбанк» АТБ раиси Мирзаев Чори Садибакосович, Бош котиб лавозимига Ходжаев Шуҳрат Арифджанович сайланишди.

Ассоциациянинг очилиш маросимида янги спорт ташкилотининг президенти Чори Мирзаев сўзга чиқди ва фаолиятининг янги қирраси ҳақида шундай деди:

“Француз бокси Сават чуқур илдизларга эга бўлиб, 300 йилдан кўпроқ тарихга эга спорт тури ҳисобланади. Француз бокси Сават 1924 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларида расмий спорт турларидан бири бўлган ва Франция давлати миллий мероси ҳисобланади. Спортнинг янги-янги қирраларини очишга ҳавасмандлар юрти бўлган Ўзбекистонда ҳам мазкур тарихий спорт турини ривожлантириш мақсадида ушбу спорт тури ҳаваскорлари ташаббуси билан Ўзбекистон француз бокси «Сават» ассоциацияси ташкил этилди. Бизнинг асосий мақсадимиз ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб этиш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш ва спорт орқали миллатлар ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантиришдир”.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон француз бокси «Сават» ассоциациясининг ташкил этилиши, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва асосийси, юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонларни шакллантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Зеро, соғлом жамият – энг буюк ишларга қодир бўлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)