Расман: Муроджон Аҳмадалиевнинг жаҳон чемпионлик камарлари учун жанги муддати тасдиқланди

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (7-0, 6 КО) келгуси йил бошида жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилиши ҳақида хабар бергандик.

GoSport.uz интернет-нашри манбалари берган хабарга кўра, Аҳмадалиев мазкур вазннинг WBA ва IBF йўналишлари чемпиони Даниэл Романга (27-2-1, 10 КО) қарши жанги 2020 йилнинг 30 январь куни АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтиши расман тасдиқланган. Олдинроқ бу бокс оқшоми 31 январ куни бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳам айтилганди.

Жанг Matchroom Boxing ва унинг раҳбари Эдди Ҳирн томонидан ташкил этилиши айтилмоқда. Мазкур бокс оқшомида яна учта жаҳон чемпионлик камари учун жанглар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Улар ҳам расман тасдиқланса, Matchroom Boxing АҚШ вақти билан пайшанба куни илк марта бундай катта бокс оқшомини ташкил қилаётган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадалиев ва Роман ўртасидаги чемпионлик жанги аслида жорий йилнинг 13 сентябрь куни ўтказилиши лозим эди. Аммо Роман елкасидан жароҳат олгани баҳонаси билан жангда иштирок эта олмаслигини билдирган ва мажбурий камар ҳимояси учун жанг муддати шу тариқа ортга сурилганди. Аҳмадалиев эса бошқа рақибга қарши рейтинг жангида иштирок этганди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)