Расман! АГМК Осиё чемпионини ўз сафига қўшиб олди

АГМК ўтган йиллар мобайнида «Металлург» шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи - Аббос Отахонов билан шартнома имзолади.

Мустаҳкам ва ишончли ҳаракатлари билан мудофаа чизиғида қурғонга айланадиган Отахонов эндиликда «кончилар» либосида АГМК шаънини ҳимоя қилади. Аббос Отахонов эркин агент сифатида олмалиқликлар билан 1 йиллик битимга имзо чекди.

Аббос Отахонов 1995 йили 25 август куни Фарғона вилоятида таваллуд топган.

«Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Аббос Отахонов 2015 йилдан эътиборан катта футболда. Футболчи 2016 йилги мавсумни «шерлар» сафида ўтказиб, 10 ўйинда майдонга тушган. 2017 йилги мавсумда эса Отахонов «Навбаҳор» сафида элитада 17 беллашув ўтказган ҳамда 1 бор гол муаллифига айланган. 2018 йилдан эътиборан кетма-кет уч мавсумни «Металлург» сафида ўтказган Аббос Отахонов жами 78 ўйинда майдонга тушиб, 3 бор гол уришга муваффақ бўлган.

Аббос Отахонов 6 йиллик фаолияти давомида барча мусобақаларда жами 117 ўйин ўтказган ва 4та гол киритган.

Аббос Отахонов Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида 2018 йилги Хитойда ўтган Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиби ҳисобланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар