Расман! 2023 йил Тошкентда бўладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатида барча вазнларда Олимпиада йўлланмалари ҳам берилади. Бу қандай бўлади?

Халқаро Олимпия Қўмитаси ва Халқаро бокс асоциацияси 2024 йил Париж мезбонлик қиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинлари бокс мусобақаси учун саралаш тизимини эълон қилди. Унга кўра, Эркаклар 7 вазнда, аёллар 6 вазнда ҳар бири учун 124 нафар, жами 248 нафар боксчиларга йўлланма берилади. Саралаш босқичи 2023 йил 1 январдан 2024 йил 31 майгача 4 босқичда ташкил этилади.

Биринчи босқич

Эркакларда 13 вазнда 26 та, аёлларда 10 вазнда 20 та йўлланма 2023 йилда ташкил этиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионати ҳар бир вазн финалчиларига берилади. Маълумот ўрнида, эркаклар ўртасида жаҳон чемпионати Тошкент шаҳрида ўтказилади. Энди 48 кг ва 51 кгда йўлланма берилган боксчи Олимпиада вазни 51 кгда, 54 кг ва 57 кгда йўлланма олган боксчи Олимпиада 57 кг вазнда иштирок этишга рухсат берилади. Ушбу мослашувни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин.

photo_2022-04-12_12-37-14

photo_2022-04-12_12-37-25


Агар икки вазн тоифасида бир давлатдан икки боксчи йўлланма олган ҳолда, ўша давлат Миллий Олимпия Қўмитаси қайси бири иштирок этишини танлаши керак бўлади.

Иккинчи босқич

Эркаклар учун 42 та, аёллар учун 56 та йўлланма 2023 йил 31 декабрь ҳолатига кўра Олимпиада рейтингига асосан тақсимланади. Бунда олдин йўлланмага эга бўлган боксчилар рейтингга киритилмайди.

Учинчи босқич

Эркаклар учун 42 та, аёллар учун 56 та йўлланма 2024 йил 31 март ҳолатига кўра Олимпиада рейтингига асосан тақсимланади. Бунда Африка, Америка, Осиё, Европа ва Океания минтақаси бўйича инобатга олинади. Шунингдек, мезбон давлат Франция учун 7 та йўлланма ажратилади.

Тўртинчи босқич

Эркаклар учун 14 та, аёллар учун 12 та йўлланма 2024 май ойида бўлиб ўтадиган Олимпия вазнларида жаҳон саралаш мусобақасида тақсимланади. Бунда бир вазнда аллақачон йўлланма олган давлатлар ўша вазнда мусобақада иштирок этмайди. Агар турли сабабларга кўра мусобақада ташкил этилмаса, йўлланмалар Олимпиада рейтингига асосан тақсимланади. Шунингдек, дунёнинг барча чекка минтақаларидан боксчиларни қамраб олиш мақсадида, 9 та йўлланма (4 та аёллар, 5 та эркаклар учун) алоҳида тақсимланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!