“Андижон” клуби бу турда ҳам мағлубиятга учради. Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши ўтказилган беллашувда “Бургутлар” 4:1 ҳисобида имкониятни бой беришди.

Хабарингиз бор, яқинда жамоада бош мураббий ўзгартирилди. Отабек Ғуломхўжаев истеъфога чиқарилди ва ўрнини Ёрқин Назаров эгаллаганди. Бироқ унинг дебюти омадли чиқмади.

Ёдингизда бўлса, ўтган турда Андижонда “Қўқон-1912”га мағлуб бўлганди. Ҳозирча мураббий ўзгаргани билан натижа ўзгармади. Чунки Назаров бошчилигидаги иккинчи учрашувда ҳам имконият бой берилди.

Жиззахдаги ўйин якунлангач, “Андижон” бош мураббийи Ёрқин Назаров sports.uz мухбирига мағлубият сабаблари ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақида гапирди.

- Бу учрашувда “Сўғдиёна” ютди. Аммо ўйинни кўрмаган инсон мезбонлар катта устунлик билан ғалаба қозонибди, деб ўйлашлари мумкин, - дея гап бошлади Назаров. - Бироқ беллашув бундай кечмади. “Сўғдиёна” дарвозамизга тўртта зарба берди ва тўртта гол! Ҳаттоки, бешта зарба ҳам бергани йўқ. Биздаги оғриқли муаммо – бу дарвозабонлар билан боғлиқ. Жамоадаги посбонларимизни келажаги бору, бироқ улар бугунги кундаги Суперлигада турадиган дарвозабонлар эмас. Биринчи даврадан кейин, албатта, янги дарвозабонлар оламиз. Ҳозирдан қидиришни бошлаганмиз. Клубда ким мураббий бўлиб ишлашидан қатъи назар, дарвозабон олиш шарт.

ёрқин

Ўйинга келсак, албатта қониқмадим. Футболчилар яхши ўйин намойиш қила олмади. Ҳозир бунинг сабабини билмаяпман. Йўл чарчатиб қўйдими десам, бир кун олдин келиб, дам олганмиз. Меҳмонхонада яхши шароитлар яратилган. Нимага бундай бўлганига тушуна олмаяпман. Лекин ёмон ўйнаган тақдиримизда ҳам иккита зарбамиз дарвоза устунига тегди. Дониёр Исмоилов билан Жасур Жалолиддиновнинг зарбалари хавфли чиқди. Бундан ташқари, ёш ўйинчимиз Иззатилло Абдулҳақовда иккита 100 фоизли имконият бўлганди. Тажрибаси бўлмагани учун гол уролмади. Айтмоқчиманки, минг яхши ўйнай олмаган тақдиримизда ҳам бизда гол уриш учун қулай имкониятлар юзага келди.

Жамоадаги 3-4 нафар футболчи билан хайрлашамиз. Улар Суперлига даражасида эмас. Бундай савияда тўп суришга ҳали бор. Про-лигада тўп суриб, тажриба орттиришгач, кейин Суперлигага чиқишлари керак. Иккинчи ёки биринчи лигадан бирданига Суперлигага тушиб қолишгани учун ҳаяжонланяпти ва тажрибалари етишмаётгани ҳам билиняпти. “Сўғдиёна” бизнинг хатоларимиздан кейин иккита гол урди. Тан олиш керак, Норхонов чиройли гол урди. Тўртинчи гол қарши ҳужумдан кейин киритилди.  

ёрқин2

Машғулотларда янада жиддий ишлаш талаб қилинади. Ҳар бир ўйинга пухта тайёрланиш шарт. Бу ҳақида уларга яхшилаб тушунтиряпман. Футболчиларга Суперлигада ўйнаш учун имконият берилди. Энди улар ўз кучидан икки баробар кўпроқ меҳнат қилиб ўйнамаса қийин бўлади. Руҳий қийинчиликдан қутилиш учун ўтган ўйинларни унутиб, машғулотларда жиддий ишлаш керак.

Олдимизда турган “Локомотив”га қарши ўйинга бутун эътиборимизни қаратамиз. Бу учрашувда фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Бизда бошқа йўлимиз ҳам қолмаяпти. Шу ўринда, “Андижон” ишқибозларига миннатдорлик билдираман. Бундай даражада йигитларни қўллаб-қувватлашгани учун катта раҳмат. Жонкуяр ишқибозларга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Андижон фанатлари Ўзбекистонда биринчи рақамли! Уларнинг ишончини қозониш учун ҳам “Локомотив”ни мағлуб этишимиз шарт. Энди кейинги баҳсда таркибда албатта ротация бўлади, бу 100 фоиз. Жамоа ўйинида ўзгариш ҳам бўлади, - дейди "Андижон" бош мураббийи.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
O‘ktam Tolibov
11/05/2021 23:30
Oldingi magʻlubiyatlarda ham darvozabon aybdor deb klubdan haydalgan edi.yana darvozabon mi

Минбар

Барча блоглар