Қозоғистонлик икки карра Олимпиада совриндори Ўзбекистонда таваллуд топганини биласизми?

 Ўзбекистонда таваллуд топган ва кейинчалик Қозоғистонга кўчиб кетиб, у ерда юксак натижалар қайд этган боксчилар ҳақида маълумот бериш анъанасини давом эттирамиз. Бу сафар 81 кг вазн тоифасида жаҳоннинг ўз вақтидаги етакчиларидан бири, ҳамюртимиз Элшод Расулов билан бир неча бора ажойиб жанглар ўтказган, асли мамлакатимизда таваллуд топган, болалик хотиралари юртимиз билан боғлиқ  Адилбек Сабитович Ниязимбетов ҳақида тўхталмоқчимиз.

  Ушбу чармқўлқоп устаси 1989 йил 19 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигида оила аъзолари билан Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига кўчиб кетади. Қозоқ заминида боксчи бўлиб камол топади. Ниязимбетов 2000 йилдан бокс билан шуғуллана бошлаган. Фаолияти мобайнида салмоқли ғалабалар қайд этади. Жумладан, 2007 йил ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиби (64 кг), 2008 йил Тараз шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон чемпионати ғолиби (69 кг), 2011 йил Озарбайжоннинг Боку шаҳри мезбонлигидаги жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби (81 кг), 2012 йилги Лондон Олимпиадасининг вице-чемпиони (81 кг), 2013 йил Иорданиянинг Амман шаҳрида ташкил қилинган Осиё чемпионатида 2-ўрин 981 кг), 2013 йил Алмати шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби (81 кг), 2014 йил Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳридаги Осиё ўйинлари ғолиби (81 кг), 2015 йил Таиланднинг Банкок шаҳридаги Осиё чемпионати ғолиби (81 кг), 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби (81 кг)га айлана олганди.

 У мазкур залворли натижалари учун  “Қозоғистонда хизмат кўрсатган спортчи”,  “Ҳурмат” ордени, II-даражали “Барыс” ордени кавалери,  “Дарын” ёшлар давлат мукофоти билан тақдирланган. Айни кунда Адилбек Ақтау шаҳрида истиқомат қилмоқда.

Адилбек

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)