Пол Онуачу ҳозирда Бельгия чемпионатининг энг катта сенсацияси бўлиб турибди. “Генк”нинг марказий ҳужумчиси шов-шувли ўйин намойиш қилмоқда. Бўйи 2 метру 1 сантиметр бўлган 26 ёшли нигериялик футболчи ўзини жуда яхши кўрсатмоқда.

"Қора танли Крауч" фаолиятини туғилган жойидаги маҳаллий "Ебедея" жамоасида бошлаган. Бу жамоа Даниянинг "Митьюлланд" клубига доимий равишда истеъдодли футболчилар етказиб беради. Бироқ, Онуачунинг Европага кўчиб ўтиши дастлаб уни ҳайратда қолдирди.

"Мен АҚШ ёки Дубайдаги сингари осмонўпар биноларда яшайман, деб умид қилгандим. Биз аэропортдан чиқиб кетаётганимизда ҳамма жойда ўрмонлар, дарахтлар ва фермер хўжаликлари кўриниб турарди. Эй Худо, наҳотки, шу ерда футбол клуби бўлса, деб ўйлаб қолдим”, - дея хотирлайди Пол.

Аввалроқ, у яхши ҳаёт излаб Тогога борган. У ерда бир бурда нон топиш учун ғишт терувчи ва кўча сотувчиси сифатида ишлаган. У зўрға кун кечира бошлади.

"Мен деярли футболдан воз кечдим. Чунки оддий нарсаларга пул етишмасди", - деб эслайди Пол.

Дания уни одатдагидан совуқ ҳароратда кутиб олди, аммо руҳий муаммо ундан ҳам ёмон бўлиб чиқди. Ўшанда у атлетларга хос жисмоний гавдага эга, аммо тўп билан муомалада бироз ноқулайлик ҳис қиладиган йигитча эди. Жамоадошлари уни “Бэмби” деб чақира бошлашди.

"Онуачу биз Дания чемпионатида кўрадиган одатий футболчилардан анча фарқ қиларди. У менга Питер Краучни эслатди. Пол жуда кўп дриблингларга эга эди", - дейди даниялик журналист Гисли Торсен.

Ёш нигериялик ўйинни ўқишда ва рақибларни моҳирона чалғитишда ажабланарли даражада устунликка эга эди. "Митьюлланд" устози Браян Приске эндигина 18 ёшга тўлган футболчини "бўрилар"нинг асосий жамоасига ўтказди (2012). Аммо мослашишдаги қийинчиликлар унинг ривожланишини жиддий равишда секинлаштирди (икки мавсумда 22 та ўйин ва 1 гол).

Онуачуга жуда кам имконият бера бошлашди ва шундан сўнг, у "Вайле" клубига ижарага кетишга рози бўлди. У ушбу жамоадаги ярим йиллик фаолияти давомида 13 та ўйинда 5 та гол урди. Пол у ерда порлади ва энди Хернингга қайтишга тўлиқ муносиб эди. УЕФА Европа Лигаси 1/16 финал босқичидаги "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйинда (2016 йил 18 февраль) қўлга киритилган ғалаба Дания клуби тарихида янги саҳифа очди ва ушбу ғалабага муносиб ҳисса қўшган истеъдодли ҳужумчининг фаолиятида бурилиш ясади. Шу куни учрашувнинг 77-дақиқасида Онуачу ғалаба тўпини киритди!

"Узун бўйли бўлишига қарамай, у танасини мукаммал даражада бошқаради. Унда мувофиқлаштириш динамикаси ва тезлик юқори даражада. Онуачу фақат жарима майдони билан чекланиб қолмайди, у индивидуал ҳужум қилишни ҳам яхши кўради. Шуни айтишим керакки, бу стандарт вазиятлар учун ҳақиқий “ўлим қуроли”. Шу пайтгача иккинчи қаватда ҳеч ким бу қадар осонликча устунликка эришишини ҳеч қачон кўрмаганман. Онуачу ҳимоячиларнинг орқасида яшириниб, уларни алдаяпти. Бельгия чемпионатида бундай юқори сифатли бўйдор ҳужумчилар кам. У ёзда қаерга ўтишини билмайман, аммо Премьер-лига ва Бундеслига унга жуда мос тушган бўларди", - дейди "Эйпен" клубининг ёрдамчи мураббийи испаниялик Мауро Эспосито.

Нигериялик футболчи "Генк" таркибидаги дебют мавсумида 29 учрашувда 10 та гол урди. Бироқ, жорий мавсумда Пол ҳақиқатан ҳам Бельгия чемпионатини “портлатди”. У ҳозирча 28 турда 24 та гол урди. Тўпурарлар пойгасидаги энг яқин таъқибчиси Том Анри ("Лейвен") ҳисобида 19 та гол бор. Ҳозир у “Олтин бутса” учун даъвогарларнинг Топ-10 талигида бормоқда. Ундан юқорида фақатгина Пеллегрино, Месси, Андре Силва, Роналду, Юнкер ва Левандовски бор. Агар Бельгия чемпионати учун коэффициент паст бўлмаганида (1,5), Онуачу анча юқори ўринда бўлган бўлар эди. Чунки у тўпурарлиги бўйича Европадаги тўртинчи ўриндаги ҳужумчи бўлиб турибди.

“Биз уни беш-олти йил кузатдик. "Митьюлланд" билан музокаралар ҳам осон кечмади, чунки Онуачу жуда изланувчан футболчи. Данияда 70 та гол урган футболчи, буни Бельгияда ҳам бемалол амалга ошириши мумкин”, - деди “Генк” спорт директори Димитри де Конде.

“Генк” Онуачуни 2019 йилнинг ёзида 6 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Аммо Бельгия гранди ҳозир уни камида уч баравар қимматроққа сотишни режалаштирмоқда. Transfermarkt портали эса уни 12 миллион еврога баҳоламоқда.

"Агар у худди шу руҳда давом этса, у ҳақиқий монстрга айланиши мумкин. Мен “Генк” рекорд трансфер арафасида эканига аминман", - дея башорат қилмоқда Онуачунинг кашфиётчилардан бири, “Митьюлланд” клуби скаути Ларс Фриз.

Англия премьер-лигасининг бир нечта клублари аллақачон Онуачу учун рақобатни бошлаб юборгани айтилмоқда. Эҳтимол, бу ёзда Бельгия трансфер бозорини остун-устун қилиб юборадиган айнан Онуачу бўлар...

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар