Қўқон нафақат спорт, балки ҳунармандчилик марказиҳамдир
Ads

Қадимий масканда бугун байрам шукуҳи ҳукмрон. Кўчалар, хиёбонлар байрамона безатилган. Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, Қўқон ўзбек футболининг бешаги. Айнан шу шаҳарда 1912 йил илк футбол жамоаси ташкил этилгани бунга яққол исбот бўла олади. Кейинчалик бу юртдан кўплаб машҳур футболчилар, мураббийлар етишиб чиқди. Бахтиёр Ашурматов, Нўмон Ҳасанов, Муҳтор Қурбоновлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари Қўқонда кучли бокс мактабига ҳам асос солингани аҳамиятга молиқдир. Элшод Расулов, Ўктам Раҳмонов, Баҳодир Мамажонов каби машҳур боксчилар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда ва айримлари ёш боксчиларга чарм қўлқоп сирларини ўргатишмоқда. Умид қиламизки, келажакда ҳам бу заминдан буюк боксчилар етишиб чиқади.

Спортчилар юрти дея эътироф этилаётган Қўқонда ўтказилаётган ушбу фестивалда республикамизнинг 153 туманидан ҳунармандчиликнинг 34 йўналиши бўйича 1 минг 116 ҳунарманд ва 87 ташкилотчи иштирок этмоқда. Фестивалда 78 давлатдан ҳунармандчиликнинг 29 йўналиши бўйича 191 хорижлик ҳунарманд қатнашмоқда. Шунингдек, фахрий меҳмон сифатида 38 юқори мартабали хорижлик давлат арбоблари ва олимлар иштирок этмоқда. Фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари“ мавзусида илмий-амалий конференция ҳам ўтказиляпти. Унда 24 давлатдан 28 хорижлик ва ўзбекистонлик 6 олим иштирок этмоқда.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 400 дан ортиқ вакили ва 22 хорижий журналист ёритиб боряпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
15/09/2019 01:43
Омадингизни берсин куконим