Фарғона вилоятидан Суперлигада ягона вакил сифатида иштирок этаётган “Қўқон-1912” жамоасининг жорий мавсумда ўз олдига қўйган мақсадлари анча жиддий. Шу мақсадда клубга бош мураббий сифатида Бахтиёр Ашурматов олиб келинганини эслатиб ўтиш жоиз.

Албатта, карантин сабабли барча мураббийларнинг режалари ўзгариб кетганди. Лекин энди вазият ўзгармоқда. Кечадан бошлаб Суперлига иштирокчилари аста-секин машғулотларга киришмоқдалар.

Хўш, бу борада қўқонликларнинг режалари қандай? Клуб матбуот хизматининг Sports.uz сайтига маълум қилишича, бугун жамоа аъзолари Қўқонда тўпландилар ва эртадан машғулотларни бошлашади.

Улар 4-тур доирасида 13 июнь куни Тошкентда “Бунёдкор”га қарши муҳим учрашувни ўтказишади. Шу боисдан қўқонликлар мазкур беллашувгача иккита тайёргарлик босқичини ўтказади.

Дастлабки йиғин 5 июнгача Қўқонда ташкиллаштирилади. Шундан сўнг назорат учрашувларини ўтказиш режалаштирилган. 8 июндан эса машғулотлар Тошкентда давом эттирилади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)