Қатардаги ЖЧ ўтказилмаслиги мумкин? Кўплаб давлатлар бунга нега қарши чиқмоқда?!

Футбол олами аввал бошидан, мундиални Қатарда ўтказилишини истамаган эди. Энди бошқа муаммолар турнир ташкилотчиларини боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Европанинг кўплаб чемпионатларида «Қатар-2022»га қарши акциялар бошланиб кетди. Хўш, бунинг асосий сабаби нимада? Бугун шу ҳақида батафсил.

Осиё майдонларида ўтказилиши керак бўлган ЖЧни аллақачон ҳамма танқид қилишни бошлаб юборди. Википедияда ҳатто шу мавзу асосидаги маълумотлар жойланиши старт олди. У ерда мусобақа мезбонларининг баҳсли қарорлари ҳақидаги ҳужжатлар акс этган. Қатарда алкаголга бўлган тақиқ, ҳавонинг кескин иссиқлиги ва футбол тарихининг йўқлиги кўпчиликда негатив фикр уйғотиши табиий. Шу боис, ташкилотчилар футбол структурасини супер даражага кўтариш орқали омманинг фикрини ўзгартиришдан умид қилмоқда. Барча стадионлар яқинлашиб келаётган мундиал учун 100 фоиз тайёр бўлиши шарт. Бошқачасига, ФИФА аъзоларини ҳайрон қолдиришнинг имкони йўқ.

qatar1

Шошилинч амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар чоғида қурбонлар бўлиши ҳеч гап эмас. Сўнгги пайтларда оламдан ўтган қурувчиларнинг ҳаёти ҳақида видеороликлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Энди эса, Қатарда меҳнат қилаётганларнинг жуда ёмон шароитда эканлиги ҳақидаги маълумотлар сизиб чиқишни бошлади. Инсон ҳуқуқларини поймол қилиниши Европа давлатларида кенг муҳокама қилинмоқда. Стадион қурувчиларини қуллардек ишлаётгани акс этган видеолар эса, вирус сингари қисқа муддатда бутун дунёга ёйилиб кетди. Кўп ўтмай, Норвегия ва Германия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ўз эътирозини билдирди.

«The Guardian» нашри берган маълумотларга қараганда, 2010 йилдан бери Қатардаги қурилиш чоғида 7 мингга яқин инсон вафот этган. Бу рақамлар ошкор бўлгач, биринчи бўлиб норвегияликлар катта саҳнага чиқиб келди. Футболчилар Гибралтарга қарши ўйинга «инсонлар ҳуқуқи майдонда ва унинг ташқарисида ҳам ҳимоя қилиниши шарт» маъносидаги ёзув туширилган футболкаларда чиқиб келди. Тўғри, Норвегия ЖЧга чиқиш учун асосий даъвогар эмас. Гуруҳда Нидерландия ва Туркия бор, аммо скандинавияликлар «Қатар-2022»га очиқчасига қарши эканлигини кўрсатиб қўйди.

htrkortkohkrh

Ўша куниёқ, «Verdans Gang» Норвегия аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказди. Унда 55 фоиз овоз эгалари ЖЧ саралаш ўйинларига бойкот эълон қилиш тарафдори эканлиги маълум бўлди. Бундан кўриниб турибдики, ҳатто футболчилар ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида мундиалдан воз кечишга тайёр. Норвегия футбол федерацияси бу масала бўйича ФИФАнинг июнь ойидаги конгрессида ўз позициясини кўрсатиб қўймоқчи эканлигини яшириб ўтирмаяпти. Унга қадар, Эрлинг Холанд ва Мартин Эдегор ЖЧ саралашидаги барча ўйинда оқ футболкаларда чиқиб келишни давом эттиради.

«Қатардаги қурилиш чоғида вафот этганлар тақдирига бефарқ бўлмаган футболчилар кўп. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида нимадир қила олсак, жуда ҳам хурсанд бўламан»,-дея фикр билдирди «Реал» ярим ҳимоячиси.

edegor

Чоршанба куни эса, Германия ҳам норозилик акциясига қўшилди. Исландияга қарши ўйин олдидан, "бундестим" очиқчасига «Қатар-2022»ни огоҳлантиришга уринди. Ушбу суратдаги сўзлар «Инсон ҳуқуқлари» маъносини англатади. Исландияга қарши баҳсдан сўнг, «Бавария» ярим ҳимоячиси вазиятга изоҳ берди:

«Бу норозилик бежиз эмас. Биз қайси томонда эканлигимизни кўрсатиб қўймоқчимиз. Бундай чиқиш қилишга футболчилар ўзаро қарор қабул қилдик. Футбол оламида бизнинг таъсир доирамиз улкан. Бундан тўғри фойдаланиш шарт, деб ҳисоблайман. Аввало, инсон эканлигимизни ҳеч ким унутиб қўймаслиги керак».

3017831-61912348-2560-1440

Тўғри, Германия Норвегия сингари бойкот эълон қилишни кун тартибига қўйгани йўқ. Шунга қарамай, воқеага барчанинг эътиборини тортиш илинжида. Германия футбол раҳбари – Фриц Келлер эҳтиёткорлик билан терма жамоа танлаган йўлни изоҳлади:

«Қатар ЖЧ бошлангунига қадар, керакли ўзгаришларни амалга оширишига ишонгим келади. Улар ҳаммасини тўғри амалга оширмоқда, аммо бошқачароқ ёндашув талаб этаётган масалалар ҳам йўқ эмас».

Катта эҳтимол билан, гранд термалар бу акцияда иштирок этмайди. Футбол федерациялари 4 йил кутиладиган байрамни расво қилмаслик учун қўлидан келган барча ишни амалга оширади. Шу сабабли, Бельгия терма жамоаси бош мураббийи – Роберто Мартинес бойкот эълон қилишга қарши эканлигини маълум қилди. Мураббий сиёсий қарашларни футболга аралаштирмаслик лозимлиги ҳақида фикр билдирди:

«Тўғри, муаммолардан хабаримиз бор, аммо Қатар барчасини тўғри тушунди. Тез орада, инсон ҳуқуқлари ҳам тўлиқ тикланади. Ҳозир орқа ўгириб кетадиган пайт эмас. Вазиятни ўнглаш учун ҳаракат бошланган пайтда, байкот эълон қилмаслик керак».

roberto martines

Мундиал учун қурилаётган объектларда асосан Бангладеш ва Ҳиндистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот – "Amnesty International" Қатарда бир неча кун суриштирув ишларини олиб борди. Унга кўра, айрим қурувчилар маошларни ўз вақтида тўланмаслиги ва мажбур меҳнат ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор қилган.

“Менинг Қатардаги ҳаётим турмани эслатиб юборади. Менежер эса, «агар Қатарда қолмоқчи бўлсанг, овозингни чиқарма», деди. Нима ҳам қила олардик. Бир неча ойлик маошларимизни олиш мақсадида ҳаммасига чидаб ишлашда давом этяпмиз”. «Халифа» аренасида меҳнат қилаётган қурувчининг сўзларидан иқтибос келтириб ўтдик.

okgerg

Ташкилот олиб борган журналистик суриштирувдан маълум бўлишича, Қатардаги қурилиш компаниялари катта ваъдалар билан ишчиларни ўз диёрига чорлаган. Улкан маош ва фантастик шароит ҳақида эртаклар тўқиган. Оқибатда, нисбатан қашшоқ давлатдан қора ишчилар Қатарга оқиб кела бошлаган. Араб диёрига катта харажат қилиб келгач, қурувчилар ортга қуруқ қўл билан қайта олмаган. Уларнинг аксарияти маошларини олмай туриб, мамлакатдан чиқариб ҳам юборилган. Яратиб берилган шароитлар ачинарли. Деярли барча ишчилар умумий ётоқхонада истиқомат қилади.

Иш берувчи компаниялар барча қурувчиларни вақтинча мамлакатда яшаш учун рўйхатдан ўтказиш баҳонасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини тортиб олади. Оқибатда, қурувчилар ўзлари яшайдиган лагердан ташқарига чиқа олмай қолган. Сабаби, уларни ҳужжатсиз шаҳар кўчаларида юриши катта жарима тўлашга олиб келади. Бундай ҳолатдан Европанинг кўплаб давлатларидаги аҳоли норози. Улар инсон ҳуқуқларини тўлиқ тикланиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширмоқчи.

Тан олиш лозим, стадион қурилиши таваккал иш. Бразилияда ва Россияда ҳам бахтсиз ҳодисалар бўлиб туради, аммо Қатар ҳаммасидан ўзиб кетди. Барчамиз мундиални бўлиб ўтишини ва  унда терма жамоамизни иштирок этишини истаймиз. Шунга қарамай, қатарлик қурувчиларнинг тушиб қолган аҳволига кўз юмуш мумкин эмас.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар