Қанийди, ҳамма Черандек ўйнаса! Чемпионатимиздаги легионерлар ҳақида мақола

Ҳар доим легионерлар масаласи энг нозик мавзулардан бири бўлиб келган. Нега деганда, уларни олиб келасиз-у, бироқ ўзимиздаги футболчилардан ҳеч қандай устун жиҳатлари бўлмаса, у ҳолда легионерлардан не наф? Бизда эса кўпроқ ўша муаммо кўндаланг туради. Чемпионатимиздаги клублар ҳар мавсум ўз сафларига хорижлик ўйинчиларни қўшиб оладилар ва бу борада улар таркибимизни легионерлар ҳисобига кучайтирдик, деган гапларни айтишади. Бироқ кўп ҳолларда бунинг аксини кўришимиз мумкин. Лекин бир жиҳатни ҳам унутмаслик керакки, ҳамма вақт яхши легионернинг нархи қиммат туради. Бизда эса клубларимизнинг қиммат легионерларни олиб келишга қурбилари етмайди. Шу боис кўп вазиятларда ўртача даражадаги ёки нархлари чўнтакбоп бўлган футболчиларни излашади. Бироқ шундай бўлса-да, айрим клубларимизнинг олиб келган легионерлари кутилганидан-да зиёдроқ фойдани бериши мумкин ва бунга бир неча бор гувоҳ ҳам бўлганмиз. Бу борада Драган Черан, Кахи Махарадзе, Элгужа Григалашвили, Игорь Голбан кабиларни айтишимиз мумкин. Ҳозирда ушбу ўйинчилар чемпионатимизда тўп суришда давом этишмоқда.

Маълумки, чемпионатимизнинг дастлабки учта тури бўлиб ўтганидан кейин коронавирус туфайли Суперлигамиз ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Шу сабабли бундай вазиятда таҳлилий ёки бошқа мавзуларда турфа хил мақолалар орқали сиз ўқувчиларни зериктириб қўймасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг навбатдаги мақоламиз эса англаган бўлсангиз, чемпионатимизда тўп сураётган легионерлар ҳақида бўлади. Чемпионатимизда 4+1 лимити жорий этилган. Хўш, қайси клубимиз бу лимитдан қанчалик фойдаланган?

“Пахтакор”

Бугунги кунда чемпионатимиздаги энг яхши легионер айнан “Пахтакор”да фаолият олиб боряпти, десак бунга ҳеч кимда эътироз бўлмаса керак. Гап ким ҳақида кетаётганини аллақачон пайқаган бўлсангиз керак-а? Ҳа, бу ўша Драган Черан! Юртимиздаги фаолиятини “Насаф”да бошлаган сербиялик футболчи кейинчалик “Пахтакор”га ўтгач, ўзининг очилмаган қирраларини янада очди дейишимиз мумкин. Қолаверса, бош мураббий Шота Арвеладзе ҳам Черандан қандай фойдаланиш йўлини ўйлаб топди. Натижада у жамоа учун жуда яхши фойда келтира бошлади. Ўтган йили Драган чемпионатимиз тўпурари бўлди. Бу йил ҳам мавсумни юқори кайфиятда бошлаганди. Эндиликда ҳамма Черанни Ўзбекистондаги энг зўр легионер дея таъкидлашдан чарчашмаяпти. Бунга албатта асослар етарли. Унинг майдонни кўра олиши, исталган ҳолатда гол ура олиши ва айниқса, у голлар уришда нозик дид соҳиби эканлигини ҳам кўрсата оляпти. Черанни соф ҳужумчи дейиш ҳам бироз ноўрин, у кўпроқ майдонда ҳужумчилар ортида ёки эркин ижодкор ролида тўп сурмоқда. Натижада сербиялик легионер ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмоқда.

“Шерлар” шунингдек, жиддий трансферга ҳам қўл уришганидан хабарингиз бор. Европанинг номдор клубларида  тўп сурган, Швейцария терма жамоасининг етакчиларидан бири бўлган ҳужумчи Эрен Дердийокнинг Ўзбекистон чемпионатига келиши ҳам ўзига яраша муҳим воқелик бўлганди. Лекин ҳозирча ушбу ҳужумчининг чемпионатимизга мослашишига бироз вақт керак. Черандан фарқли ўлароқ Дердийок ҳозирча чемпионатимизда битта гол урди. Умуман айтганда, “Пахтакор” учун ҳозирча иккита легионер етарли бўлиб турибди.

дердийок2

“Локомотив”

Ўтган мавсумни 2-ўринда якунлаган ва жорий мавсум арафасида таркибида ўзгаришлар юз берган жамоада бу йил уч нафар легионер рўйхатдан ўтган. Улардан бири эса сиз-у, бизга жуда яхши таниш бўлган ва узоқ йиллардан бери чемпионатимизда ўйнаб келаётган грузиялик Кахи Махарадзедир. Ўтган йили “Сўғдиёна”да тўп сурган футболчи бу йил яна “Локо”га қайтиб келди. Ундан ташқари, темирйўлчилар таркибида черногориялик Славко Дамьянович билан россиялик ҳужумчи Кирилл Погребняк ҳам бор. Кахини яхши биламиз, аммо қолган икки нафар футболчи ҳақида ҳозирча аниқ бир фикрга эга эмасмиз. Аммо чемпионатнинг дастлабки турида Погрбеняк “Андижон” дарвозасига иккита гол урганини таъкидлаш жоиз.

махарадзе_1

“Бунёдкор”

Вадим Абрамов хорижлик ўйинчилар борасида жуда камтарона йўл тутди. Унинг жамоасида икки нафар легионер бор. Аммо улар узоқ қитъалардан эмас, балки ўзимизнинг ён қўшниларимиз – Тожикистон ҳамда Туркманистондан келган. Даврон Эргашев билан Селим Нурмурадовни Абрамов “Бунёдкор”га фойдаси тегади деб ўйлаган шекилли, уларни ўз жамоасида олиб қолди.

“Сўғдиёна”

Жиззахликларнинг таркибига қарар эканмиз, уларда уч нафар легионер борлигига амин бўлишингиз мумкин. Булар - сербиялик дарвозабон Милан Митрович ҳамда ярим ҳимоячи Марко Колакович, шунингдек, бразилиялик Эливелто Дантас. Митрович эса ўтган мавсумда ҳам “Сўғдиёна” дарвозасини 23 та ўйинда ҳимоя қилганди. Колакович билан Дантас эса жиззахликларнинг янги легионерлари ҳисобланишади. Яна шуни қўшимча қилиб ўтиш керакки, Милан Митрович Суперлигамиздаги ягона хорижлик дарвозабондир.

митрович

“Сурхон”

Ўтган мавсумда сербиялик ҳимоячилар – Дарко Станоевич билан Владимир Бубанья “Сурхон”нинг етакчиларига айланишганди. Натижада Дарко 25 та, Владимир эса 24 та учрашувда майдонга тушган. Янги мавсумда ҳам клуб раҳбарияти иккала легионерлар билан ҳамкорликни давом эттириш учун шартномани бир йилга узайтиришди. Уларнинг қаторига эса россиялик ҳужумчи Александр Касьян қўшилди. Ўтган мавсумда “Навбаҳор”даги ўйинлари орқали мухлисларга танилган футболчининг “Сурхон”да пайдо бўлишини кўпчилик кутмаган бўлса ажаб эмас.

станоевич

“Насаф”

Асосан ўз академиясидаги тарбияланувчиларига таяниб келаётган “Насаф” клуби янги мавсумда икки нафар легионерни ўз сафига қўшиб олди. Жамоа устози Рўзиқул Бердиев албатта хорижлик футболчиларни олиб келиш устида ишлаётганлиги ҳақида маълум қилганди. Шу боис у йиғин давомида бир қатор легионерларни кўздан кечирди. Ниҳоят, мавсум бошланиши арафасида сербиялик Марко Станоевич билан босниялик ҳужумчи Дилавер Харис “Насаф” билан шартнома имзолашди. Лекин ҳозирча уларнинг нималарга қодирлигини кўра олмадик.

“Навбаҳор”

“Навбаҳор” легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланган уч клубдан бири бўлди. Ёдингизда бўлса, наманганликлар мавсумга тайёргарлик давомида 15-20 дан зиёд легионерларни кўздан кечиришди. Лекин асосан чемпионатга яқин хорижлик футболчилар билан келишувларга эришилди. Шуни ҳам айтиш керакки, ўтган йилги легионерлардан россиялик Игорь Голбан билан Иван Соловьёв ҳамда тожикистонлик Амирбек Жўрабоев жорий мавсумда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилишмоқда. Қолган икки ўрин эса яна икки нафар россиялик футболчилар – Павел Голишев билан Руслан Болов ҳисобига тўлдирилди. Эътиборлиси, россиялик бош мураббий Андрей Канчельскис асосан ўз ҳамюртлари билан ишлашга қарор қилди. Ҳозирда уларнинг орасида Голбан билан Соловьёв доимгидек фаоллиги билан ажралиб туришибди. Яқинда эса Игорь Голбаннинг Ўзбекистон фуқаролигини қўлга киритганлиги ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

соловьёв

“Металлург”

Ушбу жамоада иккита легионер бор. Бири жамоа бош мураббийи Андрей Шипиловнинг ўғли Андрей Шипилов. У Россия фуқароси ҳисобланади. Яна бири эса украиналик Евгений Чумак. Ўтган мавсумни “Бунёдкор”да ўтказган Чумак ўзидан у қадар ёрқин таассурот қолдира олмаганди. Шунга қарамай, Шипилов уни “Металлург”га таклиф қилди. Бош мураббийдан бу ҳақида сўраганимизда украиналик ўйинчида жамоасини кучайтириш хусусиятларини кўраётганини айтганди.

АГМК

Легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланган уч клубдан яна бири АГМК бўлиб турибди. Аммо Миржалол Қосимов асосан ўзимизнинг чемпионатда тўп суриб келаётган легионерларнинг хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Улардан иккитаси эса собиқ ўйинчиларидир. Масалан, сербиялик Йован Жокич бунгача ҳам АГМК шарафини ҳимоя қилганди ва ўтган йили “Локомотив” таркибида тўп сурган. Бу йил эса у яна собиқ клубига қайтди. Шунингдек, ўз вақтида олмалиқликлар таркибида тўп сурган туркманистонлик Арсланмират Аманов ҳам орадан бир неча йил ўтгач, АГМК аъзосига айланди. Бундан ташқари, олмалиқликлар таркибида ўтган мавсумда ҳам тўп сурган Элгужа Григалашвили (Грузия) билан Игорь Зонич (Сербия)га янги мавсумда ҳам яна ишонч билдирилмоқда. Қолаверса, ўтган йили “Қизилқум”да ўйнаган грузиялик Мате Ватсадзе эса АГМК либосида ўйнайдиган бўлди. Шу тариқа, Миржалол Қосимов таркибда ўзи кўришни хоҳлаган легионерларни тўплай олди.

григалашвили

“Андижон”

“Бургутлар” ҳам легионерлар хизматидан фойдаланмоқда. Ўтган мавсумда Молдавия чемпионатининг биринчи дивизионида 40 та гол билан тўпурар бўлган ҳужумчи Артём Литвяков андижонликларнинг эътиборини тортди. Натижада у Ўзбекистон чемпионатида дебют мавсумини ўтказадиган бўлди. Шунингдек, украиналик 32 ёшли Дмитро Зозуля “Андижон”нинг ҳимоя чизиғини кучайтириш учун олиб келинди. Мавсум стартига яқин эса нигериялик икки нафар футболчи – Ибе Микаэль Окоро ва Эммануэль Аривачукву таклиф этилди.

ибе

“Қўқон-1912”

Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлигидаги “Қўқон-1912”да уч нафар хорижлик ўйинчи рўйхатдан ўтди. Улардан бири эса илгари ҳам қўқонликлар шарафини ҳимоя қилган сербиялик ҳужумчи Филип Райевацдир. Унгача эса унинг ҳамюрти Иван Йосович ҳам “Қўқон-1912” аъзосига айланиб бўлганди. Учинчи легионер эса африкалик, аниқроғи Кот-Д’Ивуардан келган Якуба Бамба.

бамба

“Қизилқум”

Легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланган учинчи клуб “Қизилқум” жамоасидир. Бу йил навоийликлар легионерларини тўлиқ янгилади. Россиялик Олег Толмасов ва Руслан Маргиев, Туркманистондан эса Везиргелди Ильясов билан Абди Башимов ҳамда Намибиядан Маккартни Навасеб илк бор юртимизда тўп суриш имкониятига эга бўлдилар. Кўпинча “Қизилқум”га келган легионерлар ўзларини кўрсатишганига гувоҳ бўлганмиз. Бу борада Григалашвили, Ватсадзе ёки бошқаларни мисол келтиришимиз мумкин. Кўрамиз, бу сафар танланган хорижликлар қанчалик ўзларини кўрсата олишаркин?

“Бухоро”

Тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев ҳам кўпроқ легионерлар билан ишлашни хуш кўришини “Бухоро”даги фаолияти орқали кўрсатиб бермоқда. Аввало шуни айтиш керакки, ўтган йилги легионерлардан канадалик Милован Капор билан грузиялик Жаба Липартия бу йил ҳам “Бухоро” билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилишди. Шунингдек, уларнинг ёнига хорватиялик Эдин Юнузович ҳамда украиналик Артём Барановский жалб этилди. Муҳаммадиев эса уларнинг айримлари билан илгари ҳам бошқа клубда бирга ишлаган.

капор

“Машъал”

Суперлига дебютанти ҳисобланган “Машъал” ҳам легионерлар хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Натижада нигериялик Ифеани Ифеани, камерунлик Элла Кен Арман, украиналик Денис Васильев ва туркманистонлик ҳужумчи Дидар Дурдиев “Машъал”нинг янги футболчиларига айланишди.

ифеани

Эътибор берган бўлсангиз, бу сафар Суперлиганинг барча клублари легионерлар хизматидан фойдаланишди. Ҳисоблаб чиқсак, чемпионатимиздаги барча хорижлик футболчилар 47 тани ташкил қилмоқда. Клублар камида икки нафар хорижликлар билан таркибини кучайтирди. Юқорида айтганимиздек, “Навбаҳор”, “Қизилқум” ва АГМК  4+1 лимитидан тўлиқ фойдаланди. Энг кўп легионер  эса Сербия давлатидан - 10 нафар. Россиядан эса 9 нафар легионерлар жалб қилинган. Шунингдек, Туркманистондан 5, Грузия ҳамда Украинадан 4, Нигериядан 3, Тожикистондан 2, Молдавия, Черногория, Босния, Швейцария, Канада, Хорватия, Бразилия, Намибия, Камерун ва Кот-Д’Ивуар сингари мамлакатлардан эса 1 нафардан футболчилар чемпионатимизга жалб қилинишган.  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ibrohim Kuziev
10/04/2020 11:56
Uzbek kluplariga xorijda leganirlarni akademyadan olip kelish kerak 17 yoshli va shartmoni 2+3 tuzush kerak xam arzon daromat buladi kluplarga