Қадриятлар ва пул тўқнашуви! УЕФА ва ФИФА футбол оламидаги «1-жаҳон урушини» бошлади

Бугун тонгда барчанинг эътиборини Европа Суперлигаси ҳақидаги «хунук» хабар тортди. Тўғриси, бу янгиликни эшитиб ҳеч ким хурсанд бўлмагани аниқ. Сабаби, бутун бошли бир авлоднинг меҳрини қозонган, футболга севги уйғотган мусобақа - Европа Чемпионлар лигаси хавф остида қолмоқда. УЕФА ва ФИФА бу турнирга қарши очиқдан очиқ жанг бошлагани рост. Улар қўлидан келган барча ишни қилишига шубҳам йўқ. Сабаби, УЕФАнинг асосий даромади саналган ЕЧЛнинг қадрсизланиши улкан фожиа. Майли, пул ва бошқа факторларни қўя турайлик. Ҳаётда ундада муҳимроқ нарсалар борку!

Энди нима бўлади?

ФИФА ва УЕФА Европа супер лигасида иштирок этган футболчи ички биринчилик ва халқаро майдонда тўп суришга нолойиқ, деб ҳисобламоқда. Шу важдан, янги мусобақада иштирок этган футболчилар учун бошқа турнир эшиклари буткул ёпилади. Шунингдек, ҳатто мундиал ҳам Европа Суперлигасида тўп сурувчиларни айланиб ўтиши ҳақида сўз кетмоқда. Тан олиш лозим, сўнгги йилларда УЕФА томонидан амалга оширилган кўплаб қарорлар ўзини умуман оқлагани йўқ. Даража жиҳатидан ЕЧЛдан сира қолишмайдиган Кубок эгалари кубоги, УЕФА кубоги сингари турнирлар ўрнини Европа Лигаси тўлдира олмади. Европа футболи раҳбарлари мусобақадан кўпроқ даромад олиш мақсадида унинг иштирокчилари сонини оширди, кучсизроқ чемпионат вакиллари учун эшикларни очди. Бу эса, ўз-ўзидан турнир мавқейига кескин таъсир кўрсатди. Яқиндагина старт олган "Миллатлар лигаси" турнири эса, футболчиларнинг тиғиз тақвимини баттар оғирлаштириб юборди. Ички биринчилик ва терма ўйинлари Европа клубларида тўп сураётган барча машҳур футболчилар учун етарлича ноқулайлик туғдиргани аниқ.

yah

Бу орада футбол чинакам бизнесга айланиб кетди. Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунда инвесторларнинг энг кўп эътиборини тортаётган проект - футбол клублари экан. Дарҳақиқат, ажойиб реклама, трансферлар ва мухлислар оқимидан келиб тушаётган пуллар катталашиб бормоқда. УЕФА ўзининг нишонга тегмаган ўқ мисолидаги қарорларини чиқараётган бир пайтда, Флорентина Перес бошчилигидаги «катталар» гапни бир жойга қўйишди. Камида 10 йил илгари олдинга сурилган ғоя яна юзага қалқиб чиқди. «Реал» президенти ўз лавозимида бир неча йилга қолиши аниқ бўлгач, қарталарини очди. Бунга қадар, Бартомеу айтиб кетган гаплардан бошқа далиллар йўқ эди. Хўш, Флорентинанинг даврасида қайси клуб раҳбарлари жам бўлган? «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Арсенал», «Челси», «Тоттенхэм», «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Интер», «Милан»...

Бу мардларча ўз номини ошкор қилган клублар. Аслида, улар қаторида бўлиш орзусидаги 20 га яқин жамоа мавжуд. Бу бежиз эмас. Сўнгги икки мавсумда супер клублар улкан молиявий муаммоларга дуч келди. Мухлислар ташрифи тўхтатилгач, деярли даромаднинг катта қисми ҳавога учиб кетди. Шунингдек, турли харажатлар ва телетрансляциядан тушадиган даромадлар ҳам қисқарди. «Барселона» жамоаси мисолида олайлик. Каталония клубини ҳозир Европа Суперлигасидан бошқа мусобақа қутқариб қолишга қодир эмас. Ички биринчиликда аҳвол аъло даражада эмас. ЕЧЛнинг чорак финалида бир неча йиллардан бери шармандаларча мағлуб бўлмоқда. Хўш, клуб қандай қилиб қарзлар ботқоғидан чиқиб кетади? Қолган клублар эса, «Барса»нинг аҳволига тушиб қолишдан аввалроқ, отни қамчилаб қолиш ниятида.

Афсуски, бу «мўъжиза»нинг салбий томонлари жуда кўп. Биринчи навбатда, 20 жамоанинг ички биринчиликдаги иштирокидан қатъи назар, келаси мавсумда Суперлигада тўп суриши. Бундан чиқди, чемпионатда 17-ўринни олган «Манчестер Юнайтед» бемалол 500 миллион еврога яқин даромад келтирадиган Суперлигада иштирок этиши мумкин. Автоматик равишда ички биринчиликдаги интрига йўқолади. Холанд, Санчо, Мбаппе ва бошқа ёш юлдузлар "Топ-20"да тўп суриш учун юқорига интилаверади. Доимо эътибор марказида ва кучлилар орасида бўлиш учун улар ҳамма нарсага тайёр. Ўз-ўзидан трансфер суммаси ва шахсий шартнома бобида устунлик «Топ-20» аъзолари томонига ўтади. Элитадан пастдаги клублар нафақат машҳурларни, балки эътибор ва мухлисларни ҳам йўқотади. Катта эҳтимол билан футбол оламида янги давр - Бойлар ва камбағаллар эраси бошланмоқда. Перес тузиб чиққан режага кўра, «Топ-20» йиллар ўтиб, «Топ-40», «Топ-60»га айланиши керак. Ҳозирча, УЕФА ва ФИФАга қарши жангнинг биринчи қисмида туриб беришга қодирларгина майдонга чиқиб келди. УЕФА ва ФИФАнинг бироз чекиниши «Топ-20» ортида яшириниб турган бошқа жамоаларни дадилроқ бўлишига сабаб бўлади.

yah23

Флорентина Перес бугунги УЕФА раҳбари - Чефериндан анча айёр ва тажрибалироқ. У бу комбинацияни деярли 10 йил тайёрлаган. Ҳозир биз урушнинг илк қисми гувоҳи бўляпмиз. Перес атайин янги лига ҳақидаги қарорини ЕЧЛнинг ярим финал иштирокчилари маълум бўлганда ошкор қилди. Шу йўсинда, УЕФАни янада чигал вазиятда қолдиришга ва таслим қилишга уринди. Қайсидир маънода ўз мақсадига эришди ҳам. Сўнгги йилларда УЕФА ўз имижини анча тушириб юборди. Клублар эса, бу орада қудратли кучга айланди. «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Арсенал», «Челси», «Тоттенхэм», «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус»сиз ЕЧЛ ёки ички биринчиликни тасаввур қилишнинг имкони йўқ! Буни Флорентина жуда ҳам яхши билган. Уларнинг ҳаммасини бир жойга тўпламагунига қадар бу ҳақида сир бой бермади. Энди эса, аввалги қудратини йўқотган УЕФАга оғир зарба берди. Перес ўз қарталарини ўртага ташлади. Унда грандлар, супер юлдузлар ва катта пуллар мавжуд. Хўш, УЕФА бунга қандай жавоб беради? Катта эҳтимол билан айнан яқин 48 соат ичида воқеалар ривожи ўзининг пик даражасига кўтарилади. ФИФА ва УЕФА тиш-тирноғига қадар қуролланган. Улар қўлларидаги барча нарсани жангга ташлаб бўлди. Катта эҳтимол билан «олтин йигирматалик»ка уларнинг кучи етмаса керак. Сабаби, бу узоқ ўйланган, барча жабҳалари қайта-қайта кўриб чиқилган мукаммал ғоя. Уни амалга ошириш учун кучли қўллар керак эди холос. Бир эмас, 12 жамоа (балки, аллақачон 20 клуб номи маълум бўлгандир) бирлашгани учун проектни бошлаш учун айни пайт! Перес ҳатто ўз жаҳон чемпионатимизни ташкил этамиз, деди. Демак, ФИФА ва УЕФАнинг тақиқларига нариги томон 100 фоиз тайёр. Улар барчасини кўриб чиқишган ва барчасига ҳар жабҳада тайёр. Агар Перес ва унинг 12 дўсти тузган режа иш берса, яқин 10 кун ичида ФИФА ва УЕФА сулҳ таклиф этиши аниқ. Акс холда, бу ташкилотлар «урушдан сўнг» таназзулга юз тутиши ҳеч гап эмас.

Европа Супер лигаси қандай мусобақа?

«Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Челси», «Тоттенхэм», «Реал Мадрид», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Милан» ва «Интер» ҳозирча мусобақада иштирок этишга рози бўлди. Тез орада қолган 8 ўрин ҳам банд этилади. Катта эҳтимол билан «Бавария» ва ПСЖ ҳам «бойваччалар Лигаси» аъзосига айланади. Замон талабига кўра, улар сукут сақлашмоқда.
Ҳозирча формат қуйидаги кўринишда. 20 жамоа (12 таси аниқ) 10 тадан иккига ажрайди. Гуруҳларда ўзаро икки даврали ўйин бўлиб ўтади - 18 тур. Сўнг плей-офф. Чорак финалдан гуруҳлардаги дастлабки 3 ўрин соҳиблари нақд йўлланмага эга бўлса, яна икки иштирокчи 4-5 ўриндаги жамоаларнинг ўзаро ўйинидан сўнг маълум бўлади. Сўнг одатий кўринишда то финалгача!

yah23123

Бир қарашда содда ва тушунарли тузилган регламент. Асосийси шундаки, 10 жамоадан иборат икки гуруҳнинг ўйинлари деярли чемпионат даражасига кўтарилади. Ўйинлар сифати билан биргаликда сони ҳам ортади. Буни бутун мавсумга бемалол жойлаштириш мумкин. Сифат кўтарилгач, ҳомийлар эътибори ҳам ошади. Маълумотларга қараганда, иштирокчилар учун ташкилотчилар камида 350 миллион евро тўлаб беришга тайёр. Бу ҳатто АПЛ чемпионлиги учун бериладиган суммадан ҳам бир неча баробар кўпроқ дегани. Грандлар учун бу суммани қарзлардан қутилиб қолиш ва таркибни кучайтириш учун супер имконият. Шунингдек, футболчилар ҳам (агар миллий биринчилик ўйинларига қўйилмаса) кўпроқ дам олиш имконига эга бўлади. Сўнгги йилларда воқеалар сабабли жароҳатлар сони 17 баробар ортиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Агар клуб ва футболчилар томонидан қарасак, Суперлига чинакам «мўъжиза»!

Мухлислар бундан нима ютади?

yah21314

Ачинарлиси шундаки, биз учун ҳеч қандай фойда йўқдек... Биринчи навбатда, элита лигани томоша қилиш мақсадида янги платформа ташкил этилса керак. Энди бу қиммат дастурга айланади. Худди NBA ва NHL сингари. Биз кўриб катта бўлган футбол ўз жозибасини тўлиқ йўқотади. Кучли бешлик чемпионатларида агар грандлар бўлмаса, аҳвол қандай бўлишини тасаввур қилиб кўринг! Агар улар турнирда қолса ҳам, бор эътиборини премиум класс ўйинларига қаратиши аниқ. Бу эса, бутун йил давомида маза қилиб футбол томоша қилиш ўтмишда қолганини англатади. Умуман олганда, пул футболни барибир ўз измига солмоқда. Энди, ярим тунга қадар кутиб ўтирадиганимиз, мадҳияси янграши билан этларимиз жимирлаб кетадиганимиз, логотипи кўзимизга тушиши билан юзларимизда табассум қалбимизда ширин ҳислар уйғонадиган Европа чемпионлар лигаси ўз даражасини йўқотди. Футболдан даромад олиш илинжида ўйлаб топилган мусобақа ҳеч қачон ЕЧЛ сингари мухлислар қалбидан жой эгалламаса керак. Шахсан мен шундай фикрдаман. Балки, йиллар ўтиб Европа супер лигасига кўникиб кетармиз, аммо ҳеч ким уни ЕЧЛдан устун қўймаслиги турган гап. Сабаби, ЕЧЛ бизнинг болалигимизни бир бўлаги. Ҳеч ким ўз болалигидан воз кечишни истамайди.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар