Пул ажратилсагина керакли футболчилар харид қилинади - натижалардан қониқмаётган Кумиковнинг режалари қандай?

Coca-Cola Суперлиганинг етти тури ортда қолди ва ҳозирга қадар ғалабасиз сериясини давом эттираётган клублар учтани ташкил қилмоқда. Булар – “Бухоро”, “Қизилқум” ва “Андижон” жамоаларидир. Қизиғи, “Қизилқум” билан Андижон”га янги бош мураббий тайинланган бўлса, “Бухоро”да раҳбарият тизимида ўзгаришга қўл урилган.

Бугунги мақоламиз эса “Андижон” ва унинг бош мураббийи Виктор Кумиков хусусида бўлади. “Бургутлар” ортда қолган еттита турнинг тўрттасида дуранг қайд этиб, уч бор рақибларига имкониятни бой бериб қўйди. Хабарингиз бўлса, пандемиядан сўнг “Андижон”да россиялик Кумиков иш бошлади. Ҳозирча унинг бошчилигидаги жамоа аъзолари уч бор дуранг ўйнади ва бир марта мағлубиятга учради.

Умуман олганда, ҳозирги даврда ундан қандайдир “мўъжизани” кутиш ҳам ноўрин. Чунки у ихтиёридаги бор таркиб билан ишлашга мажбур. Бунинг устига ғалабасиз серия давом этаётган бир пайтда кимдир ундан нега жамоа ҳалигача ғалаба қозонмаяпти?, деб сўраган тақдирда ҳам у таркибни мен йиғмаганман, деб жавоб қайтариши мумкин, худди “Локомотив” – “Қизилқум” (3:0) ўртасидаги ўйиндан кейин навоийликлар устози Тачмурод Агамуродов айтганидек.

Лекин “Андижон”нинг ўйинини у қадар ёмон деб бўлмайди. Кумиков ҳозирча ихтиёридаги бор ўйинчилар билан ишлашга мажбур. Уларнинг тажрибаси эса ҳозирча “Андижон”ни рақобатбардош жамоага айлантиришга камлик қилаётгани ҳам кўриниб турибди. Шунга қарамай, барибир андижонлик мухлислар Виктор Кумиковнинг маҳоратига ишонишмоқда ва у жамоани ғалабалар сари етаклай олишига ҳамон умид кўзи билан қарамоқдалар. Бироқ шуни унутмаслик керакки, клубда муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, футболчилар ўйинларга асосан Янгиерда тайёргарликни давом эттиришмоқда. Клубнинг базаси эса ҳали таъмирдан чиқарилгани йўқ. Шу билан бирга эътибор берган бўлсангиз, Кумиков учрашувлар давомида мураббийлар штаби билан захира ўриндиғида ўтириш учун рухсатга эга бўлгани йўқ. Бу борада клубнинг ПФЛ олдида бажариши бўлган айрим мажбуриятлари борлиги айтилмоқда. Шундай бўлса-да, Кумиков янги жамоасини “жонлантиришга” уринаётгани кўриниб турибди.

Эътибор бераётган бўлсангиз, Виктор Балютович ўйинлар чоғида асосан трибунадан беллашувларни кузатиб келяпти ва матбуот анжуманларида ҳам унинг ёрдамчи мураббийи Диёр Мирзабоев журналистларнинг саволларига жавоб қайтармоқда. Натижада Кумиков ҳали “Андижон”да иш бошлаганидан бери жамоасининг ўйинлари борасида қандай таассуротларга эга бўлаётгани ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашмаганди. Шуни инобатга олган ҳолда Виктор Балютович билан айрим масалалар бўйича фикр алмашдик. Аввало у “Андижон”нинг “Бунёдкор”га қарши ўтказган ўйини тўғрисидаги фикрларини билдирди.

-  Табиийки, жамоа кўрсатган ўйин ва якуний натижадан кўнглим тўлгани йўқ. Айниқса, рақиб таркибида бир футболчи майдондан четлатилганидан сўнг сон жиҳатдан устунлик бизга ҳеч қандай наф келтирмаганидан кўнглим таскин топмади. Боз устига, дарвозамиздан гол ўтказиб юборишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Шунинг учун ўз-ўзидан натижадан қониқиш ҳосил қилдим, дея айта олмайман.

Юқорида жамоа таркибидаги футболчиларга тажриба етишмаётгани хусусида бежизга тўхталганимиз йўқ. Айниқса, ҳужум чизиғи ночор аҳволда десак муболаға қилмаймиз. Тимур Усмонов ва молдавиялик Артём Литявков бирор нимани қойиллата олишмаяпти. Бу эса бош мураббийнинг олдида турган навбатдаги ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардан бири бўлиб турибди.  

-  Биласизми, ҳар қандай чемпионатдаги жамоанинг ўйини чоғида камида тўрт-беш марта голга тортадиган хавфли вазиятларни юзага келтира олиши мумкин. Жумладан, “Андижон” ҳам ўзи иштирокидаги учрашувларда голли вазиятларни юзага келтиряпти. Аммо негадир бундай вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Бу бизнинг асосий муаммоларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Бу жуда ачинарли ҳол, - дея бу масалага изоҳ билдирди, Кумиков.

Нима бўлганда ҳам августда трансфер ойнаси очилган чоғида “Андижон”нинг таркибига янги кучлар қўшилмаса бўлмайди. Ўйлаймизки, буни Кумиковнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Айнан бу борада унинг режалари қандайлигига ҳам қизиқиб кўрдик.

-  Режани ўзгартириш мақсадимиз йўқ эмас, - дея мавзуни давом эттирди, Кумиков. - Лекин ҳаммаси молиявий имкониятлардан келиб чиқади. Агар раҳбарият харидларни амалга ошириш учун маблағ ажратадиган бўлса, ўз-ўзидан таркибни кучайтириш мақсадида трансферларни амалга оширамиз. Шунинг эвазига таркибда ўзгаришлар кузатилмасдан қолмайди. Албатта, яна қайтариб шуни айтишим мумкинки, ҳамма гап молиялаштиришга бориб тақалмоқда. Агар молиялаштириш бўлмаса, қандай қилиб трансферларни амалга ошириш мумкин? Бизга пул ажратишса керакли футболчиларни сотиб оламиз. Коронавирус туфайли вазиятнинг бундай кўриниш олиши режаларни амалга оширишга тўсқинлик қилмасайди, деб қўрқаман. Эпидемия сабаб ҳозирда барча клублар қийин аҳволга тушиб қолган.

“Андижон”нинг қачон мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритади, деган савол ҳозирда асосий ўринга чиқиб қолган. Навбатдаги турда эса улар Навоийда “Қизилқум” меҳмони бўладилар. Қизиғи, бу чемпионатда ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган клубларнинг тўқнашувига айланади. Ўз навбатида Виктор Балютович бўлажак ўйин ҳақида қуйидаги фикрларни баён этди:

-  Албатта, ғалабасиз сериянинг давом этиши бизни қониқтирмаяпти. Бунинг учун албатта қаттиқ ишлашимиз, рақибларни ўрганишимиз зарур. Жумладан, энди бутун диққат-эътиборимизни келгуси турда “Қизилқум”га қарши ўтадиган ўйинга тайёргарлик кўришга қаратганмиз. Бошқа беллашувларга қандай тайёрлансак, бўлажак ўйинга ҳам ўзимизни шундай ҳозирлаймиз. Жамоадагиларнинг умумий кайфиятига ғалабасиз учрашувларнинг давом этаётгани ўз таъсирини кўрсатмасдан қўймаяпти. Лекин муҳитни бутунлай салбий, дейиш ярамайди. Агар бўлажак учрашувда ғалаба қозонадиган бўлсак, ўз-ўзидан ўйинчиларимизнинг кайфияти ижобий томонга ўзгариб кетади. Шундан умид қилиб қоляпман. Ҳаммаси Яратганнинг хоҳиш-иноятига боғлиқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)