ПСЖ қоқилди,

Бундан 2 ой аввал, SPORTS.uzда «Атлетико»нинг чемпионликни деярли чўнтагига солиб қўйганига шаъма қилувчи мақола эълон қилинган эди. Бироқ апрель ойида барчаси ўзгариб кетди. «Матрасчилар» ўз имкониятларини кетма-кет йўққа чиқаргани сабабли, Ла Лига энг интригага бой биринчиликка айланиб улгурди. Хўш, қолган чемпионатларда аҳвол қандай? Қайси клублар ички мусобақада тенгсиз бўлишга яқин турибди?

АПЛ. Зерикиб кетган мухлислар ва «Манчестер Сити»нинг чемпионлиги!

фздв

Кўплаб фанатлар Англия биринчилигидан бошқа чемпионатларни кузатмайди. Улар учун Франция, Италия ва Германиядаги чемпионатлар деярли аҳамиятсиз. Қайсидир маънода, бу фикрга қўшилиш мумкин. Айниқса, Италия қария футболчилар учун маконга айланган бир пайтда, АПЛнинг ишқибозлари ортиб кетди. Ла Лигада эса Роналду-Месси қарама-қаршилиги энди йўқ. Шу боис, интрига ҳам аввалги даражасида эмас.

Англияда 2018/19 йилги мавсумни «Манчестер Сити» иккинчи поғонадаги «Манчестер Юнайтед»дан 18 очко фарқ билан якунлаганди. «Шаҳарликлар» Пеп Гвардиола қўл остида 100 очко жамғаргани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас. 2019/20 йилги мавсумда эса, «Ливерпуль» «Манчестер Сити»дан 18 очко кўпроқ ишлаб чемпионликни тантана қилди. Жорий мавсумда ҳам чемпион номи ҳал этиб бўлинди. «Лидс»га кутилмаганда мағлуб бўлган «Сити» 11 очко (захирада ўйин мавжуд) фарқни йўққа чиқариб қўймаслиги турган гап. Афсуски, АПЛга араб шайхларнинг пуллари кириб келгач, чемпионлик пойгаси аввалги даражасини йўқотиб қўйди. Энди кучли тўртликка кириш учун бўлаётган «жанг» сабабли мухлислар чемпионатни кузатиб бормоқда.

«Бавария» ҳамма билан мушук-сичқон ўйнамоқда, бироқ...

ashdasihf

Ўтган йили «Бавария»ни тўхтатиб қоладиган куч топилмаган эди. Флик қўл остида йўлидан чиққан барчани улоқтириб юборган «Бавария»нинг ҳозирги аҳволи чакки эмас. Шундай бўлса-да, бутун мавсум давомида клуб ўзи учун муаммолар яратишдан тўхтаб қолгани йўқ. Эътиборлиси шундаки, бу муаммоларни ўзлари бартараф қилишда давом этишмоқда.

Ҳозирда Мюнхен клуби «РБ Лейпциг» билан 5 очколик фарқни ушлаб турибди. Назарий жиҳатдан «буқалар»да Мюнхен жамоасини қувиб ўтиш имкони бор, аммо бунга уларнинг ўзи ҳам ишонмаслиги аниқ. «Бавария» бироз қулайроқ жойлашиб олиш учун ортга чекинди холос. Боз устига, ЕЧЛдаги юриш ўз якунига етгани уларни бор эътиборини чемпионлик пойгасига қаратишини таъминлаб беради.

«Интер» баҳорни кутди ва тезликни оширди

lerokgeorkger

Ўтган йили мураббийлар ўртасида бўлиб ўтган сўровномада, А Сериянинг 16 мутахассиси Антонио Контени «Скудетто»ни қўлга киритишини башорат қилган эди. «Ювентус» ва «Милан» эса, атиги 1 тадан овоз йиғган. Қолганлар эса, бетараф бўлишни афзал кўрган. Қайсидир маънода, «Интер» бунга ҳақли. Клуб Конте қўл остида ўз ўйин фалсафасига эга бўлди. Барқарорлик пайдо бўлди. Энг муҳими эса, ўйин сифати ошди.

Катта эҳтимол билан, миланликлар яратиб берилган имкониятни қўлдан бой бермайди. Феврал ойининг ўрталарига қадар «Милан» пешқадамлик қилганига қарамай, апрель ойида «Интер» бор тезлигини ишга солди. Оқибатда, Ибрагимовичнинг клуби 11 очкога ҳамшаҳарларидан ортда қолиб кетди. Қолган турлар давомида «кўк-қоралар»ни қувиб ўтиш имконсиз. «Ювентус» ва «Милан»да муаммолар етарлича. «Наполи» ва «Аталанта» эса, керагидан ортиқча очко йўқотиб бўлди.

Францияда ПСЖни тахтдан қулатилмоқчи! «Лилль» бунга жуда яқин!

sjadiasjfijga

Лига 1 да ғолиблик учун кураш авж палласига кўтарилди. «Лилль» ПСЖни 3 очко фарқ билан ортда қолдирмоқда. Амалдаги чемпионни «Лион» ва «Монако» кўз узмай кузатмоқда. 4 жамоа қандайдир 5 очко сабабли, жуда ҳам зич жойлашган. Франция чемпионатига бўлган эътибор камлиги боис, мухлислар интригадан бебаҳра қолиб кетишмоқда. Барча ПСЖ ўзиники қилиб бўлган Франция чемпионатидан воз кечган бир пайтда, Лига 1 янги даражага кўтарилганини кўрсатиб қўйди. Ҳозир ҳаммани "ПСЖ чемпионликни қўлдан чиқариб юборадими?" қабилидаги савол қийнамоқда. Бунинг жавобини тез орада билиб олишимиз мумкин.

«Атлетико», «Реал» ва «Барселона» учун кураш энди бошланди

ahsduhafaf

Диего Симеоне шогирдлари учун «Леванте»га қарши икки ўйинда жамғарилган 1 балл муваффақиятсизликнинг дебочасига айланди. Кейин Карим Бензема 88-дақиқада «Атлетико»ни Мадрид дербисидаги 3 очкодан маҳрум қилди. Сўнгра «Хетафе» ва «Бетис» билан очко бўлиб олишга тўғри келди. «Севилья»дан қабул қилиб олинган мағлубият эса, клуб имкониятларини кескин камайтириб ташлади.

Луис Суареснинг жароҳат олиши «матрасчилар»нинг барча режаларини барбод қилиб юборгани рост. Қайсидир маънода, «Реал» ва «Барселона»нинг ғалабали серияси ҳам вазиятга ўз таъсирини кўрсатди. Ҳозир турнир жадвали ажойиб кўринишда: «Атлетико» - 67, «Реал» - 66, «Барселона» 65 очко! ҳеч ким сўнгги турларда омад қайси клубга боқишини билмайди. Балки, «Атлетико» хатоларидан тўғри хулоса чиқариб марра яқинида тезликни оширар?! Балки, «Барселона» ғалабали сериясини давом эттирган холда «Атлетико» билан ўйинда чемпионлик пойгаси масаласини ҳал этар?! Боз устига, бу ўйин «Камп Ноу»да бўлиб ўтади. Балки, «Реал» кадрлар билан муаммоларга қарамай, муҳим ўйинларда характер намойиш этар? ана шунда, «Атлетико»нинг биргина қоқилиши «Қироллик клуби» учун кифоя бўлади. Зидан шогирдлари «Атлетико» ва «Барселона»га қарши 4 ўйинда 10 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Шунинг ўзи уларни чемпионлик учун ҳақли эканлигидан далолат. Хўш, сизнингча якунда олтин медаллар кимга насиб этади? Фикрингизни албатта изоҳларда ёзиб қолдиринг!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар