Превью. “Навбаҳор” – “Бухоро”

Хабарингиз бор Coca Cola Суперлига 12-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби  ўз майдонида “Бухоро”нинг “Бухоро”  жамоасини қабул қилади.

Мазкур клублар Суперлига (олий лига) ўйинларида 54 марта бир-бирларига қарши майдонга тушишган. Ушбу 54 та баҳсдан 30тасида жамоамиз ғолиб чиққан бўлса, 16та учрашувда бухороликлар ғалаба қозонишган, 8та ўйинда эса томонлар дурангга имзо чекишган.

"Навбаҳор" шу кунга қадар ўзаро ўйинларда 100та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 61 марта тўп олиб чиққан. Мазкур жамоаларнинг ўзаро баҳсларида наманганликлар 98 очкони, “Бухоро” эса 56 очкони қўлга киритган.

Ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 2001 йили кузатилган. Ўша йили Наманганда ўтказилган ўйинда “лочинлар” 6:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Бухороликлар эса 2009 йилги мавсумда жамоамизни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган.

Шу кунгача Наманганда бўлиб ўтган 27та баҳснинг 20тасида мезбонлар, 4тасида меҳмонлар зафар қучишган. Учта учрашувда эса томонлар дурангга имзо чекишган. 
Бўлажак учрашувда севимли жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз. 

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.