Премьер-лигани

АПЛ бу мавсуми бутунлай кутилмаган натижалари билан ёдда қолмоқда. 2020 йилга боғлиқ бўлган воқеалардан яна нима кутиш мумкин эди, аслида?! Ҳар йили ўз етакчиларидан бир нечтасини сотиб юборса-да, кучли олтиликни тарк этишни хаёлига келтирмайдиган "Лестер", август ойининг ўзида "Челси" ва "Ливерпуль"дан устун келиб, иккита совринни боши узра баланд кўтарган Артета бошчилигидаги "Арсенал", ўтган мавсум 13-ўринни банд этган, аммо бу йил ҳавас қилгулик сермаҳсуллик намойиш этаётган "Эвертон", Манчестер шаҳрининг ҳар икки томони бу мавсум Премьер-лигада кутилмаган натижалар қайд этяпти.

Яна бир жамоа бор-ки, уларнинг бугун Премьер-лига бош соврини учун асосий даъвогар эканлиги бот-бот такрорланмоқда. Одатда, орқа чизиқда "автобус" қўйиб, минимал ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилувчи Моуриньо жамоасидан кўп гол кутмас эдик. Бироқ улар мана шундай кутилмаган ўйин билан йўлидан чиққан рақибларни бирин-кетин четга суриб келмоқда.

photo_2020-11-20_14-46-42

"Шпорлар" муваффақиятларининг яна бир сабаби "қотил тандем", дея эътироф этилаётган Сон Хён Мин ва Харри Кейн жуфтлигининг ёрқин ўйинлари ҳисобланади. Айнан улар ураётган голлар бу мавсум "Тоттенхэм"га бир неча ўйинларда қимматли очколарни тақдим этди. "Арсенал" билан ўйиннинг биринчи бўлимида Моуриньо жамоаси учун кутилган ҳодиса рўй берди: Харри Кейн узатган тўпни қитъадошимиз дарвозага йўллади. Ушбу мавсум худди шу тарзда саккиз гол юзага келди. Бу 21-асрдаги Премьер-лига рекорди ҳисобланади. Қуйида, бу қандай содир бўлганига тўхталамиз:

1-4-голлар. "Саутгемптон" - "Тоттенхэм" 2:5.

Сон ва Кейн тандемининг бу мавсумдаги илк "қурбони" "Саутгемптон" ҳисобланади. Биринчи бўлиб, айнан Хазенхюттль шогирдлари ҳисобни очганига қарамай, "шпорлар" аслида ким фаворит эканлигини амалда кўрсатиб қўйди. Кейннинг узатмасидан сўнг, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган қитъадошимиз мавсумдаги дебют голини Маккарти постига киритди. Кейинчалик "иштаҳаси очилган" тандемни бу ўйинда тўхтатиб бўлмади. Харридан яна 3 голли узатма ва уларнинг барчаси кореялик вингер томонидан голга айлантирилди. Ўша ўйин Моуриньога кимлигини исботлаш учун катта минбар вазифасини ўтади: "The special one" шогирдлари биринчи таймда 4 бор ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди ва бўлимлар оралиғида португалиялик мутахассис уларга шундай тавсия бера олдики, баҳс якунига қадар киритилган 4 гол рақиб ҳимоячиларининг сунъий офсайдига алданмаслик натижасида юзага келди. Моуриньо бу ўйинда ўз даражасини намойиш этиш билан бир қаторда, шогирдлари учун ҳам катта иш қилганди.

mfile_1550676_1_L_20200920211322

5-гол. "Манчестер Юнайтед" - "Тоттенхэм" 1:6.

Навбатдаги гол МЮга қарши "байрам"да юз берди. АПЛнинг исталган жамоаси Манчестерда қийналишини ва "Тоттенхэм" ўша куни "Олд Траффорд"да хоҳлаганини қилганини ҳисобга олсак, "шпорлар" истаганча байрам қилишга ҳақли эди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган бир пайтда, Сон иккинчи қаватдан келаётган тўпни Кейнга узатди ва ҳеч иккиланмай олдинга югурди. Харри тўпни яна осиёликка қайтариб берганида Сон анча қулай позицияга чиқиб бораётганди. Люк Шоу ҳамда Эрик Байини тезликда ортда қолдирган қитъадошимиз Де Хеа постини ишғол қилиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу голдан кейин "қизил иблислар" ҳимояси пароканда эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.

Son-Heung-min

6-гол. "Тоттенхэм" - "Вест Хэм" 3:3.

"Болғачилар"га қарши учрашувгача бутун дунё Харри Кейннинг плеймейкерлик, Соннинг позиция танлаш ва бўш ҳудудлар излаб топиш қобилияти қай даражада эканлигини пайқаб улгурган эди. Бироқ "Вест Хэм" ҳимоячилари буни эътибордан четда қолдирди ва шунга яраша жазоланди. Харри Кейн майдоннинг ўз жамоаси учун ажратилган еридан туриб кросс амалга оширди. Яна катта тезлик намойиш этган Сон бир ҳаракат билан рақибларини чалғитиб, дарвозабоннинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. Бироқ якун Моуриньо шогирдлари учун омадли келмади. 16 дақиқа ичида 3 та гол урган "шпорлар" 12 дақиқада шунча гол ўтказиб юборди ва қўлларидаги 3 очкони бой берди.

ea1297bf-c1a9-4ce4-84d5-ae5e5e051afd

7-гол. "Бёрнли" - "Тоттенхэм" 0:1.

Бу сафарги гол аввалгиларидан бироз фарқли бўлди. Кейннинг тўп оширишларидан сўнг, ҳимоячидан тезликда ўтиб кетадиган Сон "Бёрнли" футболчилари учун катта хавф туғдира олмади. Аммо ақлли футбол кўрсатаётган лондонликлар мослашувчанлик намойиш этди ва бу "ҳийла" амалда ўзини оқлади. Бурчакдан оширилган тўпни Харри жарима майдони марказидаги шерикларига қулай қилиб ташлаб берди. Воқеалар марказида пайдо бўлган Сон бу сафар боши билан аниқ зарба йўллаб, якунда жамоасига 3 очко келтирган гол муаллифига айланди.

skysports-heung-min-son-spurs_5151511

8-гол. "Тоттенхэм" - "Арсенал" 2:0.

Бу ўйинни бемалол торт устидаги шоколадга қиёслаш мумкин. Сабаби, "шпорлар", аввало, дербида ғалаба қозонди. Принципиал ўйиннинг қиймати доим юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, чиройли ўйин намойиш этган "Тоттенхэм"нинг "қотил тандем"и рекорд ўрнатишга ҳам муваффақ бўлди. Аслида, Сон урган голда Кейн тўлақонли ассистентлик вазифасини ўтамади. Боиси, майдон марказидаги тўп учун курашда ғалаба қозонган инглиз форварди ҳужумни давом эттириш мақсадида уни қайсидир шеригига ошириши лозим эди. Харри қанотдан олдинга югураётган кореялик жамоадошини танлади ва қолган ишни қитъадошимизнинш ўзи ҳал қилди. 3 рақиб қаршисида қолган Сон жарима майдони ташқарисидан айланма зарба йўллаб, Ленони ожиз қолдирди.

1213

Бир-бирининг голига энг кўп ассист амалга оширган тандемлар Коллимор - Фаулер ва Ньюэлл - Ширер ҳисобланади. Улар ҳисобида 9 тадан гол мавжуд ва бу натижа АПЛда рекорд ҳисобланади. Биз таърифлаб келаётган Кейн - Сон жуфтлиги олдида бу мавсум ҳисобидан яна 27 та учрашув борлиги ва уларнинг тўхташ нияти йўқлигини ҳисобга олсак, тез орада янги рекорд ўрнатилиши мумкин. 12 та ўйинда Соннинг 8 та голига ассист амалга оширган Харри Кейнда мутлақ рекордни ўзлаштириши учун бундан икки маротаба кўпроқ имконият бор. Эътиборлиси, Премьер-лиганинг айни дамдаги энг зўр ассистенти гол уришни эсидан чиқариб қўйгани йўқ. Инглиз ҳужумчиси ҳисобида 8 та гол мавжуд. Ушбу тандемнинг ўзига хослигини исботлайдиган бир неча статистикага эътиборингизни қаратамиз:

_methode_times_prod_web_bin_92144a70-fb52-11ea-8eac-e356e4cd0308

-Жорий мавсум Кейн чемпионатнинг 11 учрашувида 10 та голли узатмани амалга оширди. Бу натижа билан у кучли бешлик чемпионатларидаги энг яқин тақибчиларидан 4 та ассистга ўзиб кетган;

-Кейн - Сон жуфтлиги "Арсенал"га қарши ўйинда бир-бирининг ассисти ёрдамида ўттизинчи ва ўттиз биринчи голларини киритди (ўша баҳсдаги иккинчи гол Соннинг узатмасидан кейин Харри Кейн томонидан урилганди). Ушбу голлар билан улар ўша кунги рақиб "канонирлар" собиқ вакиллари Пирес - Анри тандемини ортда қолдирди. Премьер-лига тарихида фақатгина Лэмпард - Дрогба 36 та гол билан бу борада улардан яхши кўрсаткичга эга.

-Соннинг тўп оширишидан сўнг дарвозани ишғол этган Харри Кейн "Шимолий Лондон дербиси" тўпурарига ҳам айланиб олди. Ўзининг 11-голини киритган инглиз форварди Эммануэль Адебайор ва Бобби Смитни ортда қолдирди.

24edf7dccbae44caaa66b23100e1b386

Бугун "шпорлар"ни яна бир муҳим учрашув кутиб турибди. Яна бир "Лондон дербиси"да "Кристал Пэлас"га қарши майдонга тушган Моуриньо шогирдлари, хусусан, Харри Кейн ва Сон Хён Минда голлари сонини ошириб олиш ҳамда рекордлар сари навбатдаги қадамни ташлаш имконияти бор. Бу борада қаҳрамонларимиз ўйинларини катта қизиқиш билан кузатамиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abdulla2021
15/12/2020 17:20
Ёрворибсиз бро)