Переснинг янги тактикаси ёҳуд суперюлдуз бўлиши кутилаётган “Реал”нинг 7 футболчиси
“Реал”нинг трансфер сиёсати ҳар доим бутун дунёни ҳайратда қолдириб келган. Қироллик клуби чемпион жамоани шаклланиргунга қадар миллиардларни сарфлашга улгурди. Зиданнинг келиши эса ҳаммасини ўзгартириб юборди.
 
Зидан қўл остидагилардан унумли фойдаланган ҳолда, жамоага бошқа футболчиларни жалб этишни хоҳламади. Зизу бу жамоа билан уч марта Чемпионлар лигасини қўлга киритишни уддалади. 
Лекин Флорентино Перес охирги йилларда ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, ёш ва қиммат футболчиларни сотиб ола бошлади. Перес ҳалигача Неймар трансферидаги хатоликни кечира олмайди. Бразилиялик футболчи деярли Мадридда эди, аммо охирги соатларда Каталония жамоасига ўтиб кетган эди. Шундан буён Мадрид президенти ёш ва истедодли футболчилар билан музокараларда эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилади. 
Охирги бир неча йилда “Реал” 7 та истеъдодли футболчи учун 138 млн евро сарфлади. Уларнинг ҳар бири Мадрид жамоасининг янги қаҳрамони бўла олиши мумкин. 
 
1. Марко Асенсио
Трансфермарктдаги нархи 40 млн евро; “Реал”га 3.5 млн эвазига ўтган. 
Asensio
Испаниянинг янги юлдузи бўлишга эришган Асенсио 2014 йилда 19 ёшида “Реал” сафига келиб қўшилган. 2015 йил ёз ойида эса раҳбарият уни “Эспаньол” жамоасига ижарага бериб юборади. Марко Каталония жамоасида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлди ва жамоанинг асосий етакчиларидан бирига айланди. “Эспаньол” сафида 30 ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 13 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. 
Келаси йил ёзда эса Зидан футболчининг иқтидорини сезган ҳолда, уни жамоада олиб қолди. Унга ҳар доим асосий таркибда тушиши учун имкон яратиб берди. “Реал”нинг кетма-кет 3 марта Чемпионлар лигасини қўлга киритишига ҳам Асенсионинг ҳиссаси қўшилган. Футболчининг нархи 90 млн еврога чиқди, “Ливерпул” эса Асенсио учун 140 млн беришга тайёр эди. Ҳозирги кунда Марко жароҳатини тузатиш билан банд. Зидан эса унинг қайтишини кутяпти.
 
2. Такефуса Кубо
Трансфермарктдаги баҳоси – 15 млн евро; “Реал”га эркин агент сифатида келиб қўшилган.
Бу футболчининг қўйиб юборилиши “Барселона” раҳбариятининг яққол хатоси эди. 2011 йилдан 2015 йилгача Кубо “Ла Масия” (“Барселона” академияси) сафида машғулотлар олиб борган. Лекин  жамоа 18 ёшли футболчилар билан боғлиқ трансфер машмашалари туфайли Ватанига қайтиб кетишга мажбур бўлади. 2019 йил ёзида эса “Реал” раҳбарияти Кубо трансферини эълон қилади. Кейин эса футболчини “Кастилья”га юбормасдан, “Мальорка” жамоасига ижарага бериб юборади. Жамоа қуйи лигага тушиб кетмаслик учун кураш олиб бораётган бўлса-да, япониялик футболчига мунтазам ўйин амалиёти берди ва Кубо ҳар сафар бу ишончни оқлади. Такефуса 18 та ўйинда майдонга тушди ва битта гол а 2 та голли узатмани амалга оширди. Бу ёш иқтидор эгасининг фаолиятида олдинга қўйилган катта қадам эди. Келаётган ёзда Мадридга қайтиб, рақобат кучли бўлса-да, асосий таркиб учун курашиши мумкин. 
 
3. Винисиус Жуниор
Трансермарткдаги баҳоси – 50 млн евро; “Реал”га 45 млн евро эвазига келиб қўшилган. 
Vinisius Junior
Бразилиялик ёш иқтидор эгасини қўлга киритиш учун Перес максимум даражада ҳаракат қилди. “Реал” раҳбарияти 18 ёшли Винисиусни сотиши учун “Фламенго”ни кўндириб олиши қийин кечди. 2018 йил ёз ойида эса Жуниор 45 млн евро эвазига Қироллик клуби сафига ўтгани эълон қилинди. 
“Реал” ўшанда Винисиус учун ҳаракат қилган “Манчестер Юнайтед” ва “Барселона” устидан ҳам ғалаба қозонган эди. Ўтган мавсумда футболчи асосий таркибда майдонга тушди ва жамоа сафида дебют қилган 2000 йилда туғилган футболчилар ичида энг биринчиси бўлди. “Реал” сафида ўтказган 1,5 мавсуми давомида Винисиус 31 та ўйинда майдонга тушди ва 3 та гол уришга эришди, 2 марта жамоадошларининг гол уришига ёрдамлашди. Ёш Винисиус ҳозирда Переснинг энг катта умиди ҳисобланади. У бир пайтлар жамоага келиб қўшилмаган Неймардек ҳаракат қилиши керак. 
 
4. Родриго Гоэс
Трансфермарктдаги баҳоси – 50 млн евро; “Реал”га 45 млн евро эвазига келиб қўшилган. 
Яна бир бразилиялик ёш иқтидор эгаси “Реал” сафига қиммат суммага келиб қўшилди. Родриго “Сантос” сафида тўп сурар эди. Ўша пайтларданоқ Европа грандлари эътиборига туша бошлади. “Ман Сити”, “Ман Юнайтед”, “Милан” ва “Бавария” скаутлари футболчини харид қилиш учун келишарди. Фақатгина “Қаймоқранглилар”гина идеал шартнома таклиф қилишди. 17 ёшли футболчи учун 45 млн евро тўлашди ва 2018 йилда Родриго “Реал” сафига келиб қўшилди. Ўтган йилнинг ноябр ойида Родриго Чемпионлар лигасида дебют қилган ХХI асрда туғилган илк футболчига айланди. “Галатасарай”га қарши ўйинда урган 3 та голи Зидан ва Перес унга сарфлаган пуллари бекорга эмаслигини исботлади.
 
5. Мартин Эдегор
Трансфермарктдаги баҳоси – 50 млн евро; “Реал”га 3 млн евро эвазига келиб қўшилган.
Edegor
Норвегиялик футболчи 2015 йилда Мадрид жамоасига келиб қўшилган эди. Ўшанда 16 ёшда бўлган Мартин Норвегия чемпионатининг “Стремсгодсет” жамоаси сафида тўп сурарди. Европанинг деярли барча грандлари футболчи учун курашаётган бир паллада, “Реал” Эдегорга 6 йиллик шартнома таклиф қилди ва ҳар йили 2,5 млн евро ишлаб олиш имкониятини яратди. Ҳозирда Мартин “Реал Сосьедад” сафида тўп суряпти ва исталган вақт Мадридга қайтиб, жамоани кучайтириши мумкин. 
 
6. Рейньер
Трансфермарктдаги баҳоси – 25 млн евро; “Реал” га 30 млн евро эвазига келиб қўшилган.
Навбатдаги бразилиялик иқтидор. “Реал” футболчи учун “Фламенго”га 30 млн евро тўлади. 19 январда эса Рейньер 18 ёшга тўлди. Қироллик клуби яна бир бор ёш ва истеъдодли футболчилар учун миллионларни аямаслигини кўрсатиб қўйди. Рейньер 17 ёшида Бразилия клубида майдонга тушган ва яхши кўрсаткич қайд этган: 14 ўйин, 6 та гол ва 2 та голли узатма. Энг асосийси, унинг ўйини. Ёш бўлишига қарамасдан, у тўп билан яхши муомала қилади, шерикларини сеза олади ва лидерлик қобилияти ҳам мавжуд. Унинг позитсияси ҳужумкор ярим ҳимоячи. Зиданнинг ишончига кириши учун яхшигина тер тўкишига тўғри келади. Чунки бу позитсияда жаҳон даражасидаги футболчилар тўп суради. Ёки Ла Лиганинг бирор жамоасида ижарага ўтишга рози бўлиши керак. 
 
7. Андрей Лунин
Трансфермарктдаги баҳоси – 3 млн евро; “Реал” га 8,5 млн эвазига келиб қўшилган.
2018 йилда украиналик голкипер “Реал” билан шартнома имзолади. Лунин учун “Рома”, “Наполи”, “Лестер” ва ҳаттоки, “Ювентус” ҳам кураш олиб бораётган эди. Аммо футболчи Мадрид жамоаси сафига ўтишни маъқул кўрди. Таркибида Кейлор, Куртуа каби дарвозабонлар бўлган жамоада Андрейга жой топилмади ва “Леганес”га ижарага ўтишга рози бўлди. Лекин у ерда ҳам бор-йўғи 5 марта майдонга тушди. Ёзда эса ўйин амалиёти кераклиги учун “Вальядолид”ни танлади. Лекин у ерда эса бирор марта майдонга тушмади.
Янги йилдан сўнг эса, Андрей “Реал Овьедо” билан шартнома имзолади. Янги жамоасида 3 марта майдонга тушган Лунин январ ойида жамоанинг энг яхши футболчисига айланди. 
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dior Akhunoff
06/02/2020 21:45
Ha bu 7likni realni kelajagi deb qarayman. Bular safiga Hakimi ni ham qoshish kerak!