“Пахтакор” Яхшибоевни Европага трансфер қилишга тайёрлансин

Беларусь чемпионатининг пандемия даврида ҳам тўхтатилмагани дунёнинг турли мамлакатларидаги кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини ушбу мусобақада тўп сураётган футболчиларга жалб этишда муҳим омил бўлди. Хорижлик журналистларнинг ёзишича, бу вазиятдан энг унумли фойдаланган футболчи ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев бўлди.

Одатда, Беларусь чемпионати Европадаги бошқа лигалар соясида қолиб кетади ва бу ердан кучлироқ жамоага кўчиб ўтиш амри маҳол. Лекин бугунги вазиятда кўпчилик бу мусобақани кузатиб, ундан истеъдодли футболчиларни қидирмоқда.  

Россиянинг машҳур “Футбол на куличках” сайти Беларусь чемпионати таҳлилига бағишланган мақоласида “Яхшибоев саккиз тур ичида ўзини шу даражада кўрсатдики, у ҳақида бошқа мамлакатларда ҳам гапира бошлашди. Унинг голлари жамоасини юқорига кўтарди. “Пахтакор” тайёр турсин – тез орада Яхшибоевнинг трансфери бўйича ўнлаб таклифлар олади”, деб изоҳ берилди.

                     Равшан Эрматов: 

                            Худо берса, Жасур Европанинг катта клубларига ўтади

Жаҳон чемпионатларида энг кўп учрашув ўтказиш бўйича жаҳон рекордчиси, айни пайтда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам Sputnik нашрига берган интервьюсида Жасурнинг иқтидорини эътироф этган.

Яхшибоев – жуда истедодли футболчи. Унинг катта футболда ўйнай олишига ҳеч қандай шубҳа бўлмаган. Худо берса, Бедларусь орқали Европанинг катта клубларига ўтади. Биз унга ишонамиз”, - дея Равшан Эрматовдан иқтибос келтирилган.

                                           Йўл азоби ва берилмаган имконият

Жасур асли Чиноздан. Футбол сир-асрорларини ўрганиш учун 7 ёшидан 60 километр масофа босиб, ҳар куни пойтахтга келарди. Унга бувиси кўмакчи ва ҳамроҳ эди. Ҳар куни  йўл азобида Тошкентга қатнашдан зериккан Жасур 7-синфга келиб, “Пахтакор” интернатига кирди ва 19 ёшида асосий жамоада тўп суришга тайёр бўлди.  

“Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе ёш истеъдод эгасига эътибор қаратмади. Мана шу омил кейинчалик ўртадаги муносабатларнинг совушида ва бунинг оқибатида Яхшибоев Беларусга кетишида муҳим роль ўйнади.

2f2d9f646e972e932223040f3d7691c7

Хуллас, Жасур Яхшибоев ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кучли ўйин кўрсатиб, мутахассислар эътиборига тушди. Энди ички чемпионатда 10 дақиқа ўйнаш уни қониқтирмасди. Бунинг йўли топилди ва у АГМКга ижарага берилди.

unnamed

Олмалиқликлар сафида 9 та ўйинда бирорта гол уролмаган бўлса-да, ўйини очилди. Буни кўриб, уни ортга қайтарган Арвеладзенинг мураббийлар штаби Жасурга яна етарлича имкон бермади.

Олмалиқда Шаҳбоз Умаров билан танишган Жасур унинг ёрдами ва маслаҳати билан таваккал қилиб, Европага йўл олди.

unnamed (1)

Биз Яхшибоевни кузатдик. У нафақат Беларусда, балки бутун Осиёда ном тарата бошлаганди. Мана унинг ўйинини кўряпсизлар. Ҳозир  мамлакатимизда бунақаси йўқ” -  дейди “Энергетик-БГУ” бош мураббийи Владимир Белявский Прессбол нашрига берган интервьюсида.

                                      Жанубий Кореяни рад этиб, Беларусни танлади

Жасур Яхшибоев ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўзини кўрсатган дўстлари каби қитъамиз жамоалари эътиборига тушди. Унга Жанубий Кореядан аниқ таклифлар бўлди.  Уларга ёш футболчи рад жавобини берди.

Мен Европани танладим, чунки бу бошқа даража”, деган эди Жасур Яхшибоев беларуслик журналистларга.

Орадан ўтган қисқа вақт Жасур Яхшибоев тутган йўл тўғри бўлиб чиқди.  Ҳозир унга бошқа мамлакатлардан қизиқиш бўлмоқда. Пандемия сабаб бошқа лигалар тўхтатилмаганида балки ҳамюртимизнинг ўйини кўзга ташланмаслиги ҳам мумкин эди. Лекин юзага келган вазият футболчимиз фойдасига ишлади ва у ҳозир Европада танилиб бормоқда.

Россиянинг машҳур футбол агентларидан Тимур Гурцкая Youtube каналидаги эфири чоғида “Беларусда яхши ўзбек футболчиси ўйнамоқда. У Яхшибоев. Очиғини айтадиган бўлсак, у Россияда ўйнаб кета оладиган Беларусь чемпионатидаги ягона футболчи”, деган фикрни билдиргани ҳам юқоридаги сўзимизга тасдиқ бўла олади.

                                     Бу ёғига нима бўлади?

Бугунги кунда Ўзбекистонда энг машҳур футболчига айланган Жасур Яхшибоев ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган.

Мен Беларусь чемпионати тўпурари бўлмоқчиман. Агар бутун мавсум давомида яхши ўйнасам, кучлироқ чемпионатга ўтиш учун имконият бўлади”, дейди Жасур Яхшибоев.

Ҳозирча, ўзбекистонлик легионер айрим жамоалар кузатувида. Ҳатто, Польша чемпионатида иштирок этувчи “Ракув” клубидан аниқ таклиф ҳам бўлди.

Айни пайтда, Жасур ўз устидан кўпроқ ишлаб, маҳоратини янада сайқаллашга ҳаракат қилмоқда. Қолганини эса вақт кўрсатади.

d5480c4c92115eeb1fd0138c90cbf879

Биз эса унинг фаолиятида омад тилаймиз. Балки Ўзбекистон терма жамоасини яқин келажакда жаҳон чемпионатига айнан Жасур Яхшибоев олиб чиқар?! Бу ёғига вақт ҳакам.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)