8-18 февраль кунлари БААнинг Дубай шаҳрида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғини ўтказилади.

Энди асосий эътибор Вадим Абрамов бошқараётган жамоага қаратилади. Яқинда эса у Дубайга бориб келди. Бош мураббий sports.uz учун бир қатор мавзулар бўйича ўз муносабатини билдирди.  

Дубайга ташрифи қандай ўтди?

- “Пахтакор”нинг Дубайда йиғин ўтказишини билганимдан сўнг, клуб ортидан йўл олдим. Бу пайтда терма таркибига чақириладиган футболчилар рўйхати тўлиқ шаклланмаган эди. “Пахтакор” сафидаги терма жамоага номзод футболчилар менда яхши таассурот қолдиришди.

Йўқотишлар “Пахтакор”га таъсир қиладими?

- Арвеладзе ва айрим футболчилар кетди, бу тушунарли. Чунки амалдаги шартномалари ниҳоясига етганди. Бу табиий ҳол. Бундай ҳолат исталган жамоада содир бўлиши мумкин. Бунақаси футболчилар учун ҳам янгилик ҳисобланмайди. Ўйлайманки, “Пахтакор” шундай ўзгаришларга қарамай, барибир сифатли клуб бўлиб қолади.

абрамов1

Футзал термасининг Аргентинага қарши ўйини ҳақида

- Ҳа, биринчи учрашувни кўрдим. Аргентина кучли бўлса ҳам эҳтиёткорлик билан тўп сурди. Иккинчи баҳсда ҳам биринчи ўйиндаги сценарийнинг бошқача талқини давом этди. Аргентина позицион ўйин намойиш этишга одатланган. Бежизга бу терма жамоа жаҳон чемпионатини ютмаган. Мана шундай рақиб билан беллашиш бизникилар учун катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, ўйинда рақибнинг минимал ҳисобда ғалаба қозонгани чемпионлар қаршисида бизникиларнинг ҳам маҳорати чакки эмаслигидан далолат беради.

Миллий терма жамоамиз ҳам Аргентина билан ўйин ўтказиши мумкинми?

- Бундай бўлиши мумкин, аммо эҳтимоли йироқ. Чунки мини-футбол билан катта футбол ўртасида улкан фарқ мавжуд. Аргентина терма жамоасини ўртоқлик мақомидаги учрашувга таклиф этиш эса жуда машаққатли ишга айланади. Боя айтганимдек, бунинг эҳтимоли жуда паст. Лекин мана шундай кучли рақиблар билан беллашиш терма жамоага катта фойда келтирган бўларди. Қолаверса, бу менга боғлиқ масала эмас. Ўзимга қўйиб берса, мана шундай рақиб билан жон деб беллашган бўлардим.

абрамов_7

Абрамов ўзи эълон қилган таркибидан кўнгли тўлдими?

- Эълон қилинган таркибдан кўнглим тўлди, дея олишим қийин. Нега деганда, хорижда тўп сураётган бир қанча футболчиларимизни чақира олмадик. Шу боис ўзимизнинг чемпионатда тўп сураётган ўйинчиларнинг хизматидан фойдаланиш билан кифояланишимизга тўғри келади. Яқин учта учрашув асосан шундай кечса керак. Агар иложи бўлса албатта хориждаги легионерларимизни терма таркибига чақирамиз. Боз устига ҳамон пандемия давом этаётганини назардан қочирмаслик керак. Чунки аксар давлатлар ўз чегараларини шу ҳолат туфайли ёпишган. Яъни, самолётларнинг парвози чеклаб қўйилган. Шунинг учун ҳам чемпионатимиздаги футболчилардан фойдаланиш эҳтимолимиз жуда юқори эканлигини айтмоғим даркор.

Одил Аҳмедов хусусида

- Ҳа, биз бу йиғинга Одил Аҳмедовни ҳам, Ислом Тўхтахўжаевни ҳам чақирганмиз. Чунки улар ҳали Хитойга йўл олишмаган. Масалан, Одил Аҳмедовнинг Хитойдан қандай жисмоний формада келгани мен учун ҳозирча қоронғу. Аммо уни бежиз йиғинда иштирок этадиган футболчилар рўйхатига киритмадик. Шу орқали биз Аҳмедовнинг ҳолати қай даражадаги эканлигини билиб оламиз.

абрамов2_5

Жасур Жалолиддинов билан боғлиқ вазият тўғрисида

- Буларнинг бари вазият тақозоси билан боғлиқ. Нима бўлган тақдирда ҳам Жалолиддинов у ерда кўп ўйнамаган бўлса ҳам ўзи учун етарлича тажриба тўплаб келган. “Локомотив” билан шундай келишувимиз бор бўлиб, у жамоада ўйнаб кета олмаса, бизга қайтарилиши керак эди. Ҳаммаси ғалати юз берди. Жасур бошқа клубга ижарага берилган бўлса ҳам у ерда ёлчитиб унга имкон беришмади. Устига-устак трансфер ойнаси ҳам ёпиб қўйилди. Охири иш шу даражага етиб бордики, футболчимизнинг шартномаси бекор қилиниб, эркин агент мақомини олди. Жалолиддиновнинг “Тамбов”даги ишлари юришмаганига нималар сабаб бўлганидан бехабарман. Қолаверса, “Тамбов”да молиявий муаммолар ҳам борлиги айтилаётганди. Ҳозирча унинг агенти мижозини бошқа клубга жойлаштириш борасида ҳаракатларни бошлаб юборган. Ўйлайманки, Жасур узоқ вақт клубсиз қолиб кетмайди. “Локомотив”да раҳбариятнинг ўзгариши ҳам вакилимизга салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Акс ҳолда ҳозиргидек оворагарчиликлар юз бермай, Жалолиддинов аллақачон бирор-бир клуб аъзосига айланиши мумкин эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у терма жамоамиз учун керакли ўйинчи бўлиб қолаверади. Ўйлайманки, “Локомотив”дагилар Жалолиддинов билан боғлиқ масалага яна қайтишса керак.

Унга қандай маслаҳат беришим мумкин? Футболчи учун ўйин амалиётига эга бўлиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ишонаманки, Жасурнинг ишлари албатта юришиб кетади. Бунинг учун асосийси бирор-бир жамоага тезроқ жойлашиш бўлиб қолади. Жалолиддиновнинг охирги уч йил давомида клуб ва терма жамоа учун қилган ишларини эсдан чиқармаслигимиз керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
04/02/2021 00:29
Jurnalistla. seladan iltimos. masalan chetni murabbiy har bitta chaqergan uyinchi maydondaki harakati va foydali harakati hamma hammasigacha malumot beradi. shu haqiga ham savol berib kuringla. Lutti tugri chempionatka tortadi lekin. MTJ umuman tortmaydiki. oddiy misol lutti uynamagan. uyinga Aziz Odil Otabek uynagan uyinga. tuliq hamma pazitsani uyinni chiqdi ayni urta boglovchi ruliga va kerakli payt yordom berish qulay ochilib tup surash hamroyini noqulay pazitsaga tushib qolsa uzini tupka taklef qilib tupni tudadan olib chiqib ketib. yunalishni boshqa tarafka olish. hammasini Aziz Otabek Odil. shula dahshad uynadiki. Hamrabekov bilan Ganiev. fudbol maktabini kurgani bilinib turibti. Yoshlarimizni ham Aynan shular uyiniga joziba qushuvdi. va tuliq. Nasafcha uyin shakllanuvdi. Yoshlarimiz ketishi oldi. Nasaf bilan 2 ta urtoqli uyin utkazib ketgani ham tuliq chempionatka. katta foyda beruvdi.