“Пахтакор” боксчиси ҳақида эшитганмисиз?

     80-йиллар бошидаги “Пахтакор” жамоасини катта ёшли футбол мухлислари яхши эслайди. 1982 йилда Собиқ Иттифоқ олий лигасида 6-ўринни банд этган жамоа таркибидан ажойиб футболчилар ўрин олган эди. Айнан ўша йили чемпионатнинг тўпурари ҳам пахтакорчи Андрей Якубик бўлган. Қолаверса, Марат Кабаев, Геннадий Денисов, Нуриддин Амриев, Сергей Бондаренко, Константин Новиков, Алексей Петрушин, Валерий Якимцов, Александр Яновский, Игорь Иванов, Мустафо Белялов, Александр Журавлёв, Виталий Жилкин, Игорь Семенка, Хусан Бойматов, Пахриддин Исломов, Дмитрий Огай, Анвар Рашидов, Олег Пак, Хаитбай Ирисбеков, Андрей Медьянский, Юрий Гада, Александр Вольков, Ислом Аҳмедов ушбу натижа қайд этилишига сабабчи бўлган.

    Бу борада сўз юритишимизнинг ҳам ўз сабаби бор. Ўша вақтдаги “Пахтакор” таркибида ўнг қанот ҳимоясида тўп сурган Ҳусан Бойматовнинг ҳам ўз ўрни бор эди. Андрей Якубик ҳам фаолиятида энг чиройли голини “Жальгрис”га ургани ва айнан мазкур голга Ҳусан Бойматов ҳаммуаллифлик қилганини таъкидлаб ўтган эди. Хуллас, биз Ҳусан Бойматов билан қисқагина суҳбат қурдик. Лекин ушбу интервью миллионлар ўйини ҳақида эмас, аксинча бокс ҳақида бўлди. Чунки, ушбу фахрий футболчимиз аввал бокс билан шуғулланган ва кейинчалик омадли тасодиф туфайли бахтини рингдан эмас, стадиондан қидирганди.

хусан ака_1
(Расмда ўнгдан биринчи)

- Ассалому алайкум.

- Ва алайкум ассалом.

- Ҳусан ака футбол оламига кириб келишингиздан аввал бокс билан шуғулланган экансиз?

- Ҳа, ушбу спорт турига бўлган қизиқишим юқори бўлганди.

- Бокс тўгарагига борганингизда неча ёш эдингиз?

- 8 ёшда эдим.

- Қаерда ва кимнинг қўл остида машғулотлар олиб боргансиз?

- ТТЗ даҳасида Собир ака мураббийим бўлганди.

- Неча ёшгача бокс билан ҳамнафас бўлгансиз?

- Икки йил шуғулланганман. Яъни 10 ёшга қадар.

- Демак, жиддий мусобақаларда иштирок этмаган экансиз-да?

- Ҳа, шундай бўлган. Лекин клубимиз ғолиблиги учун спарринг жанглар кўп бора ўтказар эдик.

- Нима сабабдан боксни тарк этиб, футбол билан шуғуллана бошлагансиз?

- Аслида, футболчи бўлишимга ҳам бокс сабабли бўлган. Чунки якшанба кунлари “Трактор” стадионида футбол ўйнар эдик. Ўшанда футболдаги илк мураббийим Василий Иванович Наконечнийга ҳаракатларим маъқул келиб, келажагим футболда эканлигини айтган. Шу сабаб, ушбу спорт туридаги фаолиятимни бошлаганман.

- Боксда ҳам кучли томонларингиз бор эдими? Ҳар ҳолда, мураббийингиз айтган бўлса керак?

- Албатта, жисмоний жиҳатдан бақувватлигим ва чидамли эканимни айтиш баробарида техник жиҳатдан бироз ишлашим кераклигини таъкидларди.

- “Пахтакор”даги жамоадошларингиз ҳам ёшликда бокс билан шуғулланганингизни билар эдими?

- Албатта, яқин дўстларим Марат Кабаев, Геннадий Денисов ва Константин Новиков орқали эшитишганди.

- Бокс сир-асрорларидан хабардорлигингиз футбол майдонларида ҳам қўл келганми? Яъни, Собиқ Иттифоқ чемпионати жуда кескин ўтганлиги аниқ.

- Тўғри, ўйин вақти, якунлангандан кейин шундай жанжаллар бўлиб турарди. Лекин муштлашиш даражасигача бормаганмиз.

- Ҳозир ҳам бокс жангларини кузатиб борсангиз керак?

- Албатта, профессионал ҳамда ҳаваскор боксни ҳам кузатаман. Айниқса, ўзбек бокси янада юксалаётганидан хурсандман ва ўз ўрнида уларга улкан зафарлар тилаб қоламан.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)