Паралимпиячилар ўртасида стол тенниси мусобақаси ўтказилди

Мамлакатимизда ёшларимизнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён қилиши учун кенг имкониятлар яратилган. Бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланишини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ва Миллий паралимпия ассоциацияси томонидан жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўртасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, уларни спортга кенг жалб этиш орқали жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро майдонлардаги нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш ва улар ўртасида стол тенниси спорт турини янада оммалаштириш мақсадида стол теннис бўйича очиқ турнир ўтказилди.

Учтепа тумани 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган паралимпиячилар иштирок этди. Унда Иззатбек Ҳамроев, Умиджон Аҳмедов, Баҳодир Муллажонов шоҳсупага кўтарилди.

– Мазкур мусобақада жисмоний имконияти чекланган ёшларни стол теннисига бўлган қизиқишини кўриб очиғи ҳайратландим. Бизнинг асосий мақсадимиз уларнинг ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғуллантириш ва мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишлари учун имконият яратишдир, – дейди Нодира Бурҳонхўжаевa. – Энди биз мамлакатимиз бўйлаб паралимпиячилар ўртасида стол теннисини ривожлантириш учун бир қатор ишларни амалга оширамиз. Дастлабки вазифаларимиздан бири, ҳудудларда улар ўртасида мусобақа ташкил этишдир.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)