Паралимпия ўйинлари тарихини биласизми? У аслида ҳарбийлар учун ўйлаб топилган

1948 йил Англиянинг Сток-Мандевил реабилитация госпитали врачи Людвиг Гуттман Иккинчи жаҳон урушида орқа миясидан жароҳат олиб қайтган инглиз жангчиларини спорт мусобақаларида иштирок этиш учун тўплаган. У ногирон бўлиб қолганларнинг ҳаётини яхшилаш учун спортдан фойдаланиш тарафдори эди. Шу боис Гуттман “имконият чекланган спортчиларнинг отаси” деб ҳам аталади.

Замонавий Паралимпия ўйинларининг прототипига айланган илк мусобақа 1948 йилда “Сток Мандевил ногиронлар аравачаси ўйинлари” деб номланган ва у Лондонда ўтказилган XIV ёзги Олимпиада ўйинлари билан бир вақтига тўғри келиб қолган.

Шундан сўнг Гуттман ўз олдига имконияти чекланган спортчилар учун ҳам Олимпиада ўйинлари ташкил этиш масаласини асосий мақсад қилиб қўйди. Таъкидлаш керакки, “Сток Мандевил ногиронлар аравачаси ўйинлари” 1948 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилиб келинди. 1952 йилга келиб эса ушбу мусобақада Голландиядан ҳам спортчилар иштирок этишди ва у шундан сўнг халқаро мусобақа номини олди. Шу йили турнирда 130 нафар спортчи қатнашди.

1960 йил Римда ўтказилган IX “Сток Мандевил ногиронлар аравачаси ўйинлари”дан бошлаб эса уруш фаҳрийларидан ташқари бошқа ногирон спортчилар ҳам иштирок эта бошлади. Шу боис айнан Италия пойтахтидаги мусобақа тарихдаги илк Паралимпия ўйинлари сифатида қайд этилган.

Римдаги ёзги Паралимпия ўйинларида жами 23 та давлатдан 400 га яқин спортчи иштирок этган. Шу вақтдан бошлаб дунёда Паралимпия ҳаракати ривожлана бошлаган.

1976 йил Швециянинг Эрншёльдсвик шаҳрида илк қишки Паралимпия ўйинлари ўтказилди. Унда нафақат аравачадаги, балки, бошқа тоифадаги ногирон спортчилар ҳам қатнашишди. Шу йилнинг ўзида Торонтода бўлиб ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд даражада спортчилар иштирок этди. 40 та мамлакатдан 1600 нафарга яқин спортчи қатнашган ушбу Паралимпия ўйинларида кўр ва кўриш қобилияти паст бўлган, параплегия, умуртқа поғонасида жиддий ногиронлиги бор ҳамда бошқа жисмоний касалликларга учраган спортчилар ўзаро баҳс олиб боришган.

Шундай қилиб, дастлаб ногиронларни даволаш ва реабилитация қилишга қаратилган мусобақа юқори даражадаги спорт тадбирига айланди. 1989 йилга келиб эса Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) ташкил этилди.

Паралимпия ўйинларидаги яна бир тарихий бурилиш 1988 йилда Сеул Олимпиадасида содир бўлди. Аниқроғи, шу йилдан бошлаб Паралимпия ўйинлари соғлом спортчилар ўртасида ўтказиладиган Олимпиада ўйинларида фойдаланилган спорт иншоотларида ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бу 1992 йилдан бошлаб қишки Олимпиада ўйинларида ҳам қўлланила бошланди.

2001 йилга келиб эса Халқаро Олимпия қўмитаси ва Халқаро Паралимпия қўмитаси ўртасида битм имзоланди. Унга кўра 2008 йилдан бошлаб Паралимпия ўйинлари ҳам худди Олимпиада бўладиган йилда ўтказилиши ва унда ҳам худди Олимпиада ўйинлари каби бирдек имкониятлардан фойдаланилиши белгилаб қўйилди. Шу билан бирга Паралимпия ўйинлари ҳам Олимпия ўйинлари билан битта ташкилий қўмита томонидан ташкил этилади ва бир ҳил манбаалардан молиялаштирилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси 2007 йилда ташкил этилган. Ушбу ташкилот борасидаги тўлиқ маълумотни қуйидаги ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)