Ўзбекистонлик мутахассис Россия термаси учун футболчилар тарбиялаётганини биласизми?

Агар яқин ўтмишга назар ташласак, футболимиздан кўплаб ажойиб ўйинчилар чиққанлигига гувоҳ бўламиз. Бугун ана шундай, мухлисларнинг қалбидан жой олган собиқ футболчиларимиздан бири – Андрей Акопянц ҳақида тўхталамиз. У юртимизда “Пахтакор” учун бир неча мавсумни ўтказган. Кейин эса Россиянинг қатор клубларида ўйнаган, айниқса, “Ростов”даги фаолиятини кўпчилик яхши билса керак. Шунингдек, Беларус ва Латвия чемпионатларида ҳам ўзини синаб кўрган. Фаолиятининг охирги қисмларини эса “Бухоро” ва “Нефтчи”да ўтказган. Аммо ўшанда ҳаммаси Акоповичнинг ўзи истагандек кечмаганди. Шундан кейин у яна Россияга кетди. Биз эса Акопянцни бир амаллаб излаб топдик ва қатор қизиқарли мавзулар бўйича суҳбатлашдик.

-  Андрей Акопович, сизни мухлисларимиз тез-тез эслаб туришади. Лекин охирги пайтларда қаерда ва нима иш билан шуғулланаётганингиздан тўлиқ хабардор эмаслар. Ҳали ҳам футбол ичидамисиз?

-  Аввало, сизларга алангали саломларимни айтишни ва мени унутмаганинглар учун миннатдорлик билдиришни хоҳлайман. Ҳозирда “Ростов” клубига қарашли мактабда меҳнат қиляпман. Ўқувчиларим 2005 йилда туғилган болалардан иборат. Яратганга шукр, ҳаммаси яхши. Қатор ижобий натижаларни қайд этиб келяпмиз. Уч нафар шогирдим Россия ёшлар терма жамоасига чақирилди. Шундай экан, ҳаммаси жойида, аста-секин ишлаб келяпмиз.

-  Футболчилик фаолиятингизнинг охирги қисмларини юртимизда ўтказганингизни биламиз. Яна Ўзбекистонда ишлаш ниятингиз борми?

-  Ҳа, Ўзбекистонда яна бўлишни истайман. Имкон туғилган заҳоти Ўзбекистонга, худди уйимга қайтгандек қайтаман. Фаолиятимни ҳам уйимда якунлаганман. Тўғри, шуни айтишим керакки, фаолиятимдаги охирги мавсум ўзим истаган даражада чиқмаган. Афтидан, мен яна бир йил тўп сураман, деб нотўғри қарор қабул қилган кўринаман. Аксига олиб вазият шундай тус олдики, ўйинчилик даврим юқори нотада ниҳоясига етмай қолди. Буни очиқ тан олишим керак. Инсоннинг истагани ҳар доим ҳам амалга ошавермас экан. Энди мураббий сифатида бундай хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан.

акопянц

-  Умуман айтганда, фаолиятингиз давомида Россиянинг бир қатор клубларида тўп сурдингиз ва уларнинг орасида энг кўп мавсумни “Ростов”да ўтказгансиз. У ерда ўйнаётган Элдор Шомуродов ҳақида фикрингиз қандай? Ўзи билан ҳам кўришиб турибсизми?

-  Шомуродовга келсак, уни тез-тез кўриб тураман. Чунки машғулотларимиз асосан параллел равишда ўтади. Машғулотда асосан бош жамоа ўйинчилари шуғулланишади. Ана шундай маҳалда Элдор билан кўришиб, суҳбатлашиб тураман. У жуда тарбияли, ақлли йигит. Албатта, пандемия туфайли худди жамоа каби унинг ўйинида ҳам пасайиш кўзга ташланди. Карантиндан кейин “Ростов”ни таниб бўлмай қолди, жамоа гўёки сочилиб кетгандек бўлди. Аксига олиб, Элдорнинг ҳам ўйини аввалгидек қовушмади. Бунга эса аввало пандемия асосий сабабчидир. Хуллас, эпидемия жамоага мавсумни юқори нотада якунлаш имконини бермади. Шунингдек, Элдор Шомуродовга омад ҳам кулиб боқмади. Ахир у ҳужумчи. Ҳужумчидан эса ҳамма вақт голлар кутишади. У шундоқ ҳам Россия премьер-лигасида тўпурарлик маҳоратини кўрсатиб, барчанинг оғзига тушди. Ўз навбатида масъулият юки ва эпидемия унга катта босим ўтказмасдан қолмади. Қисқаси, Элдор ниҳоятда тиришқоқ йигит. Унда яна ҳамма ишлари жойида бўлишига ишонаман. У албатта руҳий томондан ҳам яна ўсади. Мен уни истиқболи порлоқ футболчи, деб ҳисоблайди.  

-  Бундан ташқари, Россия премьер-лигасида  яна бир ҳамюртимиз – Остон Ўрунов ҳам кўзга ташланиб боряпти. Хабарингиз бўлса керак, у “Уфа”дан “Спартак”ка кўчиб ўтди. Ушбу ўйинчимизни ҳам кузатиб бораётгандирсиз?

-  Остон Ўруновга тўхталадиган бўлсам, унинг “Уфа” таркибидаги иккита ўйинини кўрдим. Бу йигит анча пишиқ, жисмонан бақувват. Техник қобилияти ҳам чакки эмас. Асосийси, Остон жуда интилувчан йигит. Унинг “Спартак”ка кўчиб ўтгани фаолиятида олдинга ташланган катта қадамдир. Ҳаммаси Ўруновнинг руҳий ҳолатига боғлиқ бўлади. Чунки “Спартак” бутунлай бошқа даражада. “Уфа”дан кескин фарқ қиладиган клубдир. Шунингдек, “Спартак” бош мураббийи Тедесконинг унга қандай ишонч билдириши ҳам Ўруновнинг фаолиятига таъсир кўрсатишини айтишим керак. Хуллас, Остоннинг қизил-оқлар сафида ўйнаб кетиши бир қанча омилларга боғлиқ. Шундай бўлса-да, мен унда номдор клубда тўп суриб кетиши учун барча имкониятлар бор, деб ҳисоблайман. Ҳаммасидан кўра, ўзбекистонлик ёш ўйинчиларнинг Россиядаги мана шундай донғи кетган клубларда ўйнашидан чексиз хурсандман. Ахир “Спартак” топ-клуб ҳисобланади.

-  Яқинда Москванинг “Локомотив” клубига 18 ёшли Жасур Жалолиддинов кўчиб ўтди. Балки сиз ҳали у ҳақида етарли маълумотларга эга эмасдирсиз. Лекин бундай хабарлар сизни ҳам бефарқ қолдирмаётгандир-а?

-  Жасур Жалолиддинов ҳақида эшитдим. Уни кўрганлар менга фақат яхши гапларни ва фикрларни етказишяпти. Айтишларича, Жасур ўта иқтидорли йигит. Афсуски, мен бу футболчининг майдонда қандай тўп суришини ҳали кўрганим йўқ. Энди шунча гаплардан кейин албатта Жалолиддинов иштирокидаги ўйинларни томоша қилишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, шуни алоҳида айтишим керакки, “Локомотив”дагилар клуб таркибига четдан ўйинчини шунчаки чақиришмайди. Демак, Жасурда нимадир бор. Уни иқтидори анча юқори. Шу боисдан ҳам “Локомотив”дагилар уни таклиф қилишган. Унга фақат омад тилайман. Демак, Жалолиддинов 18 ёшида “Локомотив”дек жиддий жамоанинг эътиборини тортибдими, унга албатта ишонч билдиришади. Жасур ҳақида ҳам Ўрунов каби фикрларни билдираман. Унинг “Локо”да ўйнаб кетиши биринчи навбатда мураббий томонидан билдириладиган ишончга боғлиқ. “Локо” ҳам РПЛдаги топ-клублардан бири. Ундаги савия эса “Спартак”никидан асло қолишмайди. Футбол шундай ўйинки, унда иқтидордан ташқари ижрочига омад ҳам кулиб боқиши керак. 

акопянц2

-  Россияда ўзбек футболи ҳақида нималар дейишмоқда? Уларнинг муносабати қандай?

-  Бундай гап-сўзлар асосан рус клубларида Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинчилари тўп сургандагина авжига чиқиши мумкин. Албатта, рус жамоаларида ўзбекистонлик бўлган футболчилар топилади. Лекин уларни ўша клубларнинг мухлисларигина муҳокама қилишади. Чунки ўша йигитлар миллий терма жамоа таркибига жалб қилинмаган. Умуман айтганда, ўзбек йигитлари ҳамма вақт техник қобилиятлари чакки эмаслиги билан доим ажралиб келишган. Мен буни табиат томонидан берилган инъом деб ҳисоблайман. Яна шуни такрорлашим керакки, маҳаллий ишқибозлар четдан келган футболчиларни миллий терма жамоада тўп суришидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилишади. Ўз навбатида терма жамоага аъзо бўлмаган хорижлик ўйинчилар, жумладан ўзбек ўйинчиларини ўша клубларнинг ишқибозларигина гапиришлари мумкин. Ёдингизда бўлса, ўзбек футболининг ёрқин афсоналаридан бири Миржалол Қосимов ҳам Россияда ўйнаган. Уни ўша кезларда ҳамма гапирарди. Нафақат бутун Осетия, балки бутун Россиядаги мухлислар Қосимов ҳақида етарлича маълумотга эга эдилар. Айтмоқчиманки, томошабинлар ўйинчининг термадаги иштирокидан хулоса чиқаришни яхши кўришади. Бу билан нима демоқчи эканлигимни тушунаётган бўлсангиз керак. Яна Одил Аҳмедовни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. У ўз вақтида “Анжи”да жуда муваффақиятли тўп сурган. Шу боис Россиядаги барча ишқибозлар бу йигитни Ўзбекистондан эканлигини яхши билишарди. Бугунги пайтда эса Элдор Шомуродов ва Остон Ўруновдек йигитлар ўзбекистонлик футболчиларнинг ўзига хос анъанасини давом эттириб, маҳаллий томошабинларда яхши таассурот қолдираётганлари бизни хурсанд қилади. Мана шундай футболчилар яна кўпроқ Россияга келишларини истардим.

-  Футболчи Андрей Акопянцдан мураббий Андрей Акопянцнинг фарқли жиҳатлари каттами?

-  Мураббийлик футболчиликдан кескин фарқ қилади. Сен бундай пайтда ўйинчиларнинг кўнглига йўл топа олишинг керак. Уни таркибга қандай жалб қилишни ҳам билишинг лозим. Бу бутунлай бошқа иш. Мураббий биринчи навбатда руҳшунос бўлиши керак. У жамоа таркибидаги шогирдларининг кўнглига йўл топишни билиши, жамоани ўйинларга қандай тайёрлашни ва тўғри режани танлашни ўрганиши шарт. Акс ҳолда шохма-шох юрадиган қушдек мураббий ҳам фаолияти давомида у жамоадан бу жамоага кўчиб ўтаверади. Албатта, фаолиятим давомида мана шундай мураббийлар билан ҳам ҳамкорлик қилишимга тўғри келган. Лекин улардан ҳам ниманидир ўрганишга ҳаракат қилганман. Энди мураббий сифатида иложи борича хатоларга йўл қўймасдан ишлашга умид қиламан. Ахир мураббий бўлиб ишлар экансан, сендан жуда кўп нарсани талаб қилишади. Агар клубни бошқара олмасанг, сенга чиқиш эшигини кўрсатиб қўйишади.

акоп2

-  Сизни футболимиз билан боғлаб турадиган ширин ва ёқимсиз хотиралар қандай?

-  Агар Ўзбекистонда ўйнаб юрган чоғимда менда қандай ижобий ҳолатлар бўлганига келсак, шуни айтишим керакки, фаолиятим давомида учта босқич бўлган. Мен учун энг муҳими миллий терма жамоа таркибига келган даврлар ўзига хос аҳамият касб этарди. Чунки ҳар доим терма жамоа байроғи остига катта иштиёқ билан келиб қўшилардим. Энди Ўзбекистон клубларидаги фаолиятимга келсак, қайсидир жамоада ўта муваффақиятли, қайсинисидадир эса ўзим истаган даражада тўп сура олмаганман. “Пахтакор” билан шартнома тузганимдан кейин мени Самарқанднинг “Динамо”сига ижарага бериб юборишган. У ерда анча яхши тўп сургандим. Кейинчалик миллий терма жамоадаги фаолиятимни якунлаганимдан сўнг маҳаллий клублардан бирида тўп суришим учун таклиф келиб тушган. Лекин боя айтганимдек, фаолиятимнинг охири ўзим истаган даражада чиқмаган. Буни тан олишдан қўрқмайман. Бироқ шуни ишонч билан айтишим мумкинки, қаерда тўп сурмай, доим бор кучим билан ўйнаб, жамоага фойда келтириш пайида бўлганман. 36 ёшда қайтиш ва фаолиятимни якунлаш, бу ўз навбатида қайсидир маънода жасоратдир. Буни шу билан бирга мухлислар ҳам тўғри қабул қилишлари керак. Ахир 36 ёшли футболчи худди энди ўйнашни бошлаган давридагидек тўп сура олмайди. Одамлар буни тўғри тушунишлари, қабул қилишлари керак. Худди шундай фикрни мухлислардан ташқари мураббийлар ҳақида ҳам билдиришим мумкин. Хуллас, фаолиятимнинг охири кўнгилсиз якунланганидан ёқимсиз хотиралар қолиб кетган. Ҳаммаси бутунлай бошқача якунланишидан умид қилгандим. Бахтга қарши бундай бўлмади. Ўзимга қолса, хайрлашув учрашувини ҳам ташкил қилиш ниятида эдим. Тўғри, бу масалада фақат атрофдагиларни айблаш ноўрин бўларди. Аслида 36 ёшимда аввалгидек ўйнай олмаслигимни билган ҳолда қайтишим мен томондан йўл қўйилган хатодир. Бироқ 36 ёшимда ҳам ўйнаган ўйинларимнинг айрим видеоёзувлари бор. Уларни томоша қилар эканман, шу ёшда ҳам ёмон ўйнамаганлигимни кўришим мумкин. Шундай пайтларда беҳурматликка муносиб бўлмаганимдан ўкиниб кетаман. Бундай ҳурматсизликларни бутун мухлислар томонидан эмас, балки айрим шахслар томонидан бўлганлигини айтиб ўтишим даркор. Улар нима сабабдан менга бундай муносабатда бўлишганини ўзлари ҳам тузукроқ тушунтира олишмаган.    

-  Ўзбек футболини қанчалик кузатиб боряпсиз? Бугунги кундаги мавқеи ҳақида нима дея оласиз? Ўсиш борми ёки...

-  Ростини айтсам, пандемия туфайли бизда нималар рўй бераётганини кузата олмаяпман. Аммо шуни биламанки, “Пахтакор” ҳамон чемпионатда етакчилик қилмоқда. “Пахтакор”нинг бошқа иштирокчилардан анча кучлилиги боис бежизга етакчилик қилмаяпти. Шунингдек, мени стадионлардаги инфратузилмаларнинг яхши томонга ўзгаргани хурсанд қилади. Чунки бу каби гапларни интернет орқали ёки мухлислар томонидан тез-тез эшитиб тураман. Ахир реалликка фақат ишқибозларгина ҳолис баҳо беришлари мумкин. Ўз ўрнида биз футбол аҳли вакиллари уларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз.

Акопянц7

-  Россия чемпионатида кўплаб ўзбекистонлик футболчилар ўйнашган ва ўйнашмоқда. Уларнинг орасида Россияда ўзини кўрсатган энг кучли уч нафар легионеримизни айта оласизми?

-  Россия чемпионатида ўзларидан яхши таассурот қолдирган уч нафар футболчи кимлар? Биринчи навбатда хаёлимга Миржалол Қосимов келади, албатта. Одил Аҳмедов, Валерий Кечинов, шунингдек, бу учликдан ташқари тўртинчи энг яхши легионер сифатида Элдор Шомуродовни қўшиб қўйишни ҳам истаган бўлардим. Ўзингиз кўриб турибсиз, Шомуродов якунига етган мавсумда ўзидан яхши таассурот қолдирди. Шунинг учун мен уч нафар эмас, балки тўрт нафар энг яхши легионерни танладим.

-  Сиз миллий терма жамоамиз сафида ҳам кўплаб учрашувларда майдонга тушгансиз. Ҳалигача мундиал орзуси билан яшаяпмиз. Ҳар сафар жаҳон чемпионатига чиқишимизга битта гол ёки бир очко етмай қолади. Сизнингча, терма жамоамиз бу йўлда омадсизми, нима учун мундиага чиқа олмаяпмиз?

-  Жуда мураккаб савол бердингиз. Ўз навбатида миллий терма жамоанинг собиқ футболчиси сифатида жаҳон чемпионатларининг саралашларида сўнгги паллага бориб омад юз ўгирганлигини ҳозиргача эсласам ғалати бўлиб кетаман. Айниқса, жаҳон чемпионатига чиқиш учун бир очко ё бир гол камлик қилаётгани қалбингда чуқур ва ўчмас армонни қолдиради. Ахир мундиалда иштирок этиш ҳар қандай ўйинчининг асосий орзуси саналади. Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ саралашларидаги омадсиз эканлиги ҳақидаги гап-сўзларга умуман қўшилмайман. Насиб бўлса, Ўзбекистон 2022 йили Қатарда ўтадиган мундиалда албатта иштирок этади. Қолаверса, бизнинг мухлислар бунга ҳақлилар. Терма жамоамиз таркибида бир-биридан иқтидорли бўлган футболчиларнинг тобора кўпайиб бораётганига ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Мен бу гап билан йигитларимизнинг хориждаги етакчи клубларда тўп суришаётганига ишора қилмоқдаман. Жумладан, Россия чемпионатида тўп сураётганлардан ҳам умид қилса бўлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)