Ўзбекистонлик жаҳон чемпиони нега тўрт маротаба операция қилинганди ёхуд унинг Олимпиадага бориш имконияти қандай?

Бир неча йиллар аввал порлаб чиққан Димитрий Шокин таэквондо (WT) бўйича салмоқли натижаларни қўлга киритганди. Жумладан, 2015 йил жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони ва Бутунжаҳон универсиадасида ҳам ғолибликни қўлга киритганди. Бироқ Рио Олимпиадасидаги муваффақиятсизликдан кейин фаолиятида пасайиш юзага келганди. Олдинда эса Токио Олимпиадаси турибди. У самурайлар юртидаги тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида иштирок этадими? Шу ва бошқа саволар билан унга мурожаат қилдик.

 - 2016 йилги Рио Олимпиадасидан кейин фаолиятингизда бироз пасайиш юзага келгандек таассурот уйғонди. Бу нима билан боғлиқ?

- Ассалому алайкум. Тўғри айтдингиз, Рио Олимпиадасидан кейин анчагина жисмоний ҳолатим пасайиб кетганди. Чунки Риода қўлим синган эди. 2016-2017 йиллар мобайнида қўлимни уч маротаба операция қилдирдим. 2018 йилда эса, яна бир фалокат рўй берди. Аниқроқ қилиб айтсак, велосипедда машғулот ўтказаётганимда ортимдан машина келиб, уриб юборди. Шу туфайли, кўп машғулотларни ўтказиб юбордим. 2019 йил яна бир операцияни бошимдан ўтказдим. Бу сафар тиззамдаги жиддий жароҳат сабабли Германияда жарроҳлик амалиётидан ўтдим. Шукрки, ҳозирги кунга келиб, барчаси аъло даражада. 2020 йил эса барчага маълум пандемия сабабли мусобақаларда иштирок эта олмадик. Пандемия мобайнида барча жароҳатларим тузалиб, ҳозирги кунга келиб, яхши жисмоний ҳолатимни тиклаб олдим.

- Шунингдек, бугунги кундаги энг долзарб мавзу бу - Токио Олимпиадасидир. Жаҳон таэквондо қонун-қоидасига мувофиқ, битта мамлакат иккита вазн тоифасида иштирок этиши мумкин. Ўзбекистонда эса, Никита Рафалович лицензияни қўлга киритган. Якуний лицензия берувчи турнирга бир спортчи бориши керак бўлади. Лекин Ўзбекистон терма жамоаси сафида бошқа вазн тоифаларида ҳам яхши спортчилар бор. Бу борада сизнинг имкониятингиз қандай?

- Албатта, ҳар бир спортчининг бош мақсади Олимпия ўйинларида иштирок этиш, десам янглишмаган бўламан. Мен ҳам бунинг учун яхши тайёргарликлар олиб бормоқдаман. Тўғри, ҳозирда Никита Рафалович йўлланмани нақд қилган ва энди, бир нафар болагина лицензия олиши мумкин. Бизда бунинг учун учта вазн тоифаси бор. Қайси вазн тоифасидаги спортчи боради, ҳали маълум эмас. Барчамиз ўқув-машғулот йиғинларида жиддий тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Якунда, кимнинг имконият яхши, қай биримизнинг жисмоний ҳолатимиз юқори даражада бўлса, ўша боради. Албатта, буни раҳбариятимиз имкониятларимизга қараб ҳал қилади.   

 - Сиз +80 кг вазн тоифасида даянга чиқасиз. Вазн тоифангизда ўша нигериялик Абдулраззоқ Иссифу, ивуарлик Фирман Зоку, озарбайжонлик Радик Исаев, жанубий кореялик Ча Дон Мин каби яхши савиядаги эҳтимолий рақибларга эгасиз. Уларнинг қай бирлари сиз учун жуда ноқулай рақиб ҳисобланади? Умуман улар ҳозирда ҳам фаолиятини давом эттираяптими?

- Шубҳасиз, бизнинг вазн тоифамизда жуда кўп яхши спортчилар бор. Санаб ўтганларингиздан кореялик ва ивуарлик таэквондочилар фаолиятини якунлашган. Радик Исаевнинг йўлланма олиш ёки олмаслиги ҳали маълум эмас. Нигериялик Абдулраззоқ Иссифу эса, рейтинг очколари орқали лицензияни қўлга киритган. Хабарингиз бор, Иссифу билан Риода финалга йўл олиш босқичида тўқнаш келганман ва мағлубиятга учрагандим. У жуда ноқулай, янглишмасам бўйи 2,08 метр эди. Бундай спортчилар билан жанг олиб бориш учун ўша вақтда юқори тайёргарликка эмасдим. Ҳозир эса терма жамоада ҳам шундай баланд спортчилар билан машғулотларда ишладим ва бундай рақибларга ҳам тайёрман, деб айта оламан.

 - Агар, Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритсангиз, ғолиблик йўлидаги жиддий рақиблар кимлар бўлиши мумкин? Эҳтимол, яқин орада яна янги юлдузлар пайдо бўлгандир?

 - Ҳа, кундан-кунга янги юлдузлар пайдо бўлмоқда. Ёшлар ўсиб келмоқда. Токио Олимпиадасини оладиган бўлсак, энг жиддий рақиблар россиялик Владислав Ларин, Жанубий Корея вакили ва ўша нигериялик Иссифу бўлади. Бироқ Олимпиадада бу спортчи фаворит, дейиш нисбий бўлади. Мисол учун, Рио Олимпиадасида Радик Исевдан ҳеч ким кутмаганди, олтин медаль олишни. Аммо у барча рақибларини мағлуб этиб, чемпион бўла олди. Шунинг учун 100 фоиз бу етакчи бўлади, деб айтиб бўлмайди. Спортда ҳар нарса бўлиши мумкин.

- Ҳали ҳам Фахриддин Умаров қўл остида машғулотлар олиб борасизми?

 - Ҳа, ёшлигимдан бери Фахриддин ака Умаров қўл остида шуғулланиб келаман. Ҳозирда ҳам шундай. Шу ўринда, устозимга ушбу даражага етиб келишимдаги улкан ҳиссаси учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўйлайманки, мураббийим билан келажакда ҳам яхши натижалар қайд этамиз.

шокин1

- Янглишмасам "Торнадо" клуби тарбияланувчиси эдингиз. Бу клуб ҳамон фаолият юритяптими?

- Албатта, “Торнадо” клубида тарбия топганман. Бу клубнинг асосчиси устозим Фахриддин ака Умаров бўлади. Ҳозирги кунда ҳам бу клуб фаолият юритмоқда. Агар, терма жамоада машғулотларимиз бўлмаса, ушбу клубимга бориб, ёш таэквондочилар билан биргаликда машғулотлар олиб бораман.

 - Ўзбекистон миқиёсида ҳам сизга жиддий рақобат туғдира оладиган ёшлар етишиб чиқаётган бўлса керак. Сиздан кейин бу вазн тоифасида ким етакчи бўлади, деб ўйлайсиз?

- Бизнинг спортчиларимиз ҳам тобора кучайиб бормоқда. Бир неча йиллардан буён Ўзбекистон чемпионати финалида сурхондарёлик Шоҳруҳ Ражабов билан тўқнаш келамиз. У жуда истеъдодли спортчи. Ўйлайманки, Токио Олимпиадасидан сўнг фаолиятимни якунласам, Шоҳруҳ бу вазн тоифасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олади.

 - Боксчимиз Исроил Мадримов билан қадрдон эканлигингизни яқиндагина ижтимоий тармоққа юклаган расмлар ва изоҳлардан ҳам билиш мумкин. Яна қайси спортчиларимиз билан яқин дўстона муносабатга эгасиз?

 - Исроил билан жуда яқин дўстмиз. Нафақат у балки, боксчиларимиздан Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов ва Шаҳрам Ғиёсов ҳам яқин ўртоқларим ҳисобланади. Шунингдек, оғир атлетика бўйича машҳур спортчимиз Руслан Нуриддинов, эркин курашчи Бекзод ака Абдураҳмонов ва юнон-рум курашчиси Элмурод ака Тасмуродовлар билан ҳам дўстона муносабатга эгаман. Умуман бундай спортчи дўстларим кўп. Яна шуни айтиб ўтишим мумкинки, 2017 йил Исроил Мадримов ҳамда Руслан Нуриддинов билан Чирчиқда бирга ҳарбий хизматни ўтаганмиз. Шунинг учун улар билан кўпроқ учрашиб тураман.

 - Адашмасам хорватиялик таэквондочи қиз билан ҳам дўст эдингиз? Муносабатлар сақланиб қолганми?

- Тўғри, хориждаги турнирлар мобайнида кўплаб таэквондочилар билан дўстлашганмиз. Хорватияликдан бошқа яна қизбола дўстларим ҳам бор. :)  Энди, барча таэквондочилар бир-бирини ҳурмат қилади. Шунинг учун кўпчилиги билан яхши муносабатдамиз. Бевосита интернет орқали ва турнирларда кўришиб, гаплашамиз, байрамларда бир-биримизни табриклаб турамиз.

 - Тўғриси, мен ўзбек тилига бўлган муносабатингизга ва равон сўзлашингизга қойил қоламан. Келинг ушбу ҳолатга изоҳ берсангиз? Бу ўзбек маҳалласида яшаганингиз билан боғлиқми?

- Ўзбек тилини ёшлигимдан ўрганишни бошлаганман. Сабабчиси дадам бўлади. Дадам маҳаллада ўсган. Ўзбек дўстлари кўп бўлган ва улардан ўрганган. Ҳозир ҳам маҳаллада яшаймиз. Ярмини дадам, ярмини эса дўстларимдан ўрганганман. Қолаверса, мураббийим Фахриддин ака ҳам ёрдам берган. Чунки машғулотларда барча ўзбек болалар биттагина мен рус эдим. Шунинг учун ўзбек тилида гапирарди. Тушунмаган сўзларимни болалардан сўраб олардим. Мактабда, лицейда ва университетда ҳам ўзбек тили дарсларига қолдирмасдан кирардим. Ҳозирга қадар, ўрганиб келаяпман.

- Суҳбат учун ташаккур. Ўйлайманки, ўз олдингизга қўйган мақсадларингизга эришасиз. Бу борада сизга омад тилаймиз!

- Катта раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, барчани янги йил билан муборакбод этаман. Барча соғ-саломат бўлсин. Яхши натижалар билан халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз!

шокин2

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар