Ўзбекистонлик бокс мураббийи қандай рекорд қайд этган?

Ҳамюртларимиз орасида ажойиб маҳоратга эга инсонлар кўплаб учрайди. Лекин уларнинг кўпчилигининг бундай истеъдодларини барча ҳам билавермайди. Ваҳоланки, уларнинг бажараётган трюклари ақлбовар қилмас даражада бўлса ҳам...

Бугун, биз 50 ёшда бўлган қўқонлик бокс мураббийи Бурхон ака Мансуров ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу мураббий ушбу ёшда турникда 250 маротаба айланади. Тасаввур қиляпсизми, оғизнинг бир четидан чиқиб кетади. Лекин бу учун улкан жисмоний тайёргарлик керак. Боз устига ўзига хос рекорд!

Биз ушбу рекорд соҳиби билан боғланиб, суҳбат қурдик.

ббб

- Бурҳон ака асосий мавзуга ўтишдан аввал, бокс мураббийлигидаги фаолиятингиз борасида бироз маълумот берсангиз?

- 1991 йилдан Қўқонда биринчи болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббийлик қилиб келаман. 2000 йилда Руфат Рисқиев номидаги ўз клубимни ҳам очишга эришдим. Айнан боксимизнинг тирик афсонаси ўша вақт Қўқонга ташриф буюриб, ўзлари мазкур залимизни очиб берган. Ҳозирда Ғайратжон ака Абдусатторов билан биргаликда 100 дан ортиқ болаларга бокс сир-асрорларини ўргатиб келмоқдамиз.

- Қўқон бокси Ўзбекистонда ўз ўрнига эга. Балки, сизнинг шогирдларингиз орасида ҳам яхши натижалар қайд этгани бордир?

- Албатта, 2007 йил Ўктамжон Раҳмонов ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. 2010 йил Гуанжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. 2012 йилги Лондон Олимпиадаси иштирокчиси. Қолаверса, эндиликда ёш истеъдодларни тарбия қилишда давом этмоқдамиз. Насиб қилса, тез орада яна чемпионлар етиштириб берамиз деган умиддамиз.

- Келинг энди суҳбатимизнинг асосий мавзуси турникдаги ажойиб трюкларингиз борасида сўз юритсак, бу мукаммалликка қандай эриша олгансиз?

- Боксдан кейин, гимнастика залига кириб, ушбу спорт туридаги мураббий Раҳимжон Жўрабоев ёрдамида бу йўналишда машғулотлар ўтказар эдим. Шундай қилиб, турникда айланишни ҳадисини олганман. Ҳозирга қадар мазкур мураббий билан маслаҳатлашиб, хатоларим устида ишлайман.

б

50 ёшда 250 маротаба айланиш... Буни мўжиза деб ҳам атасак бўлади?

- Йўқ мўжиза эмас. Инсоннинг имкониятлари кенг. Мен асосан ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанба кунлари машғулотлар ўтказаман. Ўз устимда тинмай ишлаганим сабабли ушбу маррани забт эта олдим.

- Мазкур ёшда бундай натижа қайд этган бўлсангиз, ёшлик даврингизда қандай кўриниш олган?

- Буни қайд этиш тез фурсат ичида рўй бермайди. Йиллар давомида эришилади. Мен дастлаб, 120, 130, 150, 163 ,170, 205, 215 ва 250 тага чиқарганман. Дастлаб, 25-27 ёшимда 102 та қила олгандим. Бир ҳафтага қадар бошларим оғриб, дорилар таъсир қилмай юрди. Шунинг  учун, бундай машқларни ҳамма ҳам қила олмайди. Ўз вақтида Собиқ Иттифоқ терма жамоаси аъзоси бўлган, бу борада яхши натижалар қайд этган спорт гимнастикачиси, ҳозирда мураббий Роман Саидович ўша вақтдаги терма жамоада бундай натижалар қайд этганини кўрмаганман ва эшитмаганман  дейди. Мураббий Келдиёр Ҳасанов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Осиё ва жаҳон ареналаридаги мусобақаларда иштирок этган. У ҳам бунақасини кўрмаганман дейди. Бу борада хабари борлар жаҳон рекорди деб эътироф этишади. Лекин ўзим аниқ маълумотга эга эмасман. Қолаверса, бирор бир жойда бу ўз тасдиғини топмаган. Хуллас, ёмон натижа эмас экан деган хулосага келаман.  Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, Rekord.uz кўрсатувини кўриб янада илҳомланиб қаттиқ мехнат қила бошлагандим. Афсус бу кўрсатув ҳам йўқ бўлди.

- Тиббиёт ходимлари билан маслаҳатлашиб турасизми?

- Албатта.

- Бундай турдаги мусобақалар ёки бирор бир шоуда иштирок этганмисиз?

- Йўқ иштирок этмаганман. Ўзим учун қилар эдим. Лекин Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олса, 100 минг АҚШ доллари тақдим этишини эшитиб, 300 тага чиқариш учун ҳаракат қилаяпман. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаби ҳам бор.

ррр

- Қандай сабаб?

- Агар, ушбу рекордни қайд этиб, мазкур суммани қўлга кирита олсам. Руфат Рисқиев номидаги бокс клубимни янада такомиллаштириб, келажакда Жаҳон, Олимпиада чемпионларини етиштириб бериш истагидаман. Ҳозирда, залимизда камчиликлар жуда кўп.

- Умуман Гиннесда бу турдаги рекорд қандай?

- Тўғриси, хабарим йўқ.

- Бу борадаги натижаларингиздан спортимиз мутасаддилари ёки шундай шоулар уюштирувчи шахсларнинг хабари борми?

- Менимча йўқ. Кимга қизиғи бор?

- Демак, мақсад 300 лик маррани забт этиш?

- Ҳа. Рамазон ойида ушбу натижани қайд этиш истагидаман.

- Нега айнан муқаддас Рамазон ойида?

- Бунинг ўзига яраша сабалари кўп. Айнан, 250 тани ҳам ушбу рўзаи рамазон кунлари қила олганман. Қолган вақтлар қоринда жуда кучли зўриқишлар бўлади. Бошларингиз жуда қаттиқ оғрийди. Лекин айнан мазкур ойда бундай ҳолатлар кузатилмаган. Буни мўжиза десак бўлади.

- Демак, бу машғулот ҳаётингизнинг бир бўлагига айланиб улгурибдида?

-Шубҳасиз, бусиз тура олмайман. Ҳудди, бир нимасини йўқотиб қўйган одамга ўхшайман. Асосан, кун ора жиддий машғулотлар қилсамда, ҳар куни турникка бориб, бир оз машқ қилмасам бўлмайди. Айтиб ўтганингиздек ҳаётимнинг мазмунига айланган.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ўйлаймизки, ўша Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олишингизга тилкакдошмиз?

- Рахмат!