Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти тартибга солинади

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директор ўринбосари Диёр Имомхўжаев букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

"Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, келишиш учун киритилди.

Лойиҳа ўзида букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги қонунбузарлик учун шахсни жавобгарликка тортиш, ўйин жараёнлари ёхуд уларнинг натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида келишилган ўйинларни ўтказиш ва уларда иштирок этиш, шунингдек, букмекерлик фаолиятидаги қонунбузарлик учун жавобгарлик каби масалаларни акс эттиради.

Сир эмаски, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Футбол фаолиятини назорат қилиш бўлими сўнгги икки йилда футболимизда юз берган бир қатор ноҳалол ҳолатларни аниқлашга эришди. Шу тариқа ташкилот бир қатор футболчиларни маълум муддатларга футболдан четлаштирди, бир нечта жамоа мусобақалардан олиб ташланди. Мазкур қонун лойиҳаси амалга тадбиқ этилса, яқин келажакда футболдаги соғлом рақобатни сунъий равишда бўғаётган кимсаларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлади. Бу келишилган ўйинларга қарши курашиш йўлидаги навбатдаги қадамлардан биридир", - деб ёзади Имомхўжаев ўз телеграм каналида.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар