Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси ҳақида нималарни биласиз?
Ads

Собиқ футболчи Камолиддин Мурзоев фаолиятини якунлаганидан кейин ўзини мураббийликка эмас, балки футболнинг бошқа тизимид синаб кўришга қарор қилди. Яъни, у Ўзбекистонда илк бор футболчилар касаба уюшмасига асос солди. Бу албатта бизнинг футбол учун янгилик эди. Яқинда ташкил этилган ушбу ташкилотнинг аста-секин ривожланиши кутилмоқда. Мурзоев анча олдин берган интервьюсида ушбу уюшма ташкил этилиши арафасида тургани ҳақида айтганди. Бугунги кунга келиб у ўзининг ўйлаганларини амалга татбиқ этишни бошлагани ҳам қувонарлидир.

Камолиддин Мурзоев изланиши натижасида Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмасига асос солганига маълум вақт бўлди. Хўш, ушбу ташкилотга асос солинганидан бери қандай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда? Бу масалада собиқ футболчи бизга шундай деди:

- Уюшмамиз ташкил этилганидан буён 10 га яқин футболчиларимизга ўзимизнинг кўмакларимизни кўрсатдик. Биринчилардан бўлиб Баҳодир Пардаевни айтишим мумкин. Унинг Жанубий Корея клуби билан тузган шартнома масаласи бўйича ёрдам кўрсатдик. Шунингдек, футзалчимиз Тожибоев Хитойда ўйнаб қайтганди ва унинг шартномаси билан боғлиқ муаммосини ҳал қилдик. Бунинг орасида Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган футболчиларимизнинг ишларида юридик кўмак кўрсатдик. Бу борадаги ишларни эса футболчиларимизнинг фойдасига ҳал қила олдик. Биз учун катта ютуқлардан бири шу бўлдики, Игнатий Нестеров билан боғлиқ вазиятни айтишим мумкин. Ўзимиз у билан алоқага чиқдик ва ёрдамимизни бера олдик. Россиянинг «Сила» юридик компанияси билан келишувга эгамиз. Кучли юридик корхонанинг ходимлари билан иш олиб бордик. Нестеровга 2,5 йиллик дисквалификация берилиши кутилаётган бир пайтда биз унинг ишига аралашиб, муддатни 8 ойга қисқартиришга эришдик. Бу албатта катта ютуқ. Шу билан бирга юртимизга «FIFPro» вакиллари ташриф буюришди. Шу йилнинг охиригача юртимизда катта семинар ўтказиш режамиз бор. Бунда футболчи учун энг кераклиси бўлган соғлик ва саломатлик ҳамда допинг билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқмоқчимиз.

мурзоев

Бу футболимизда янги ташкилот бўлгани учун уни ривожлантириш ва оммабоплигини таъминлаш ҳам осон бўлмайди. Шунга қарамай, ушбу ташкилот ўз номи билан футболчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши маълум. Хўш, чемпионатимизда тўп сураётган футболчилар ушбу ташкилотга қандай қизиқиш билдиришмоқда, аъзо бўлишяптими, умуман аъзолик талаблари қандай? Мазкур масала бўйича ҳам Мурзоев ойдинлик киритиб ўтди.

- Тўғри айтасиз, биз янги ташкилотмиз ва ҳали кўпчилиги учун нотанишмиз. Аммо дунё тажрибасига таянадиган бўлсак, ривожланган футбол мамлакатларида бундай ташкилотлар фаолият олиб боришяпти. Тўғри, биз ҳали очиқчасига катта йиғилиш ўтказганимиз йўқ. Фақат кичикроқ кўринишдаги танишув ишлари бўлди. Режаларимиз бўйича катта аудитория йиғиб, футболчилар билан учрашиб ўзимиз ҳақимиздаги маълумотларни бермоқчимиз. Унгача клубларга ўзимиз аста-секин кириб бориб, ўйинчиларга тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ҳар бир нарсанинг устида меҳнат қилиш керак. Бу ишимизнинг қанчалик муҳим эканлигини футболчилар англаб етишганларидан сўнг менимча, бу нарсага янада қизиқиш ортади. Кейин эса ўз-ўзидан ишларимиз енгил тус олади. Мен ҳар доим бир нарсани мисол қилиб айтиб келаман, футболи ривожланган Англияда футболчилар уюшмасига асос солинганига 100 йилдан ошди. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, биз фақатгина футболчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмаймиз. Ҳаммамизга маълумки, ФИФАнинг бугунги кунда ғояларидан бири келишилган ўйинларга қарши курашиш билан боғлиқдир. Бу борада FIFPro билан ҳамкорликда алоҳида келишувга эришишган. Айтмоқчиманки, биз бундан ташқари, футболчиларни фақат ҳимоя қилишдан ташқари, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини бузмасликка ва ҳалол ўйинга чорлашга ҳам етаклаймиз.   

мурзоев ва эркинов сайт учун

Умуман айтганда, Камолиддин Мурзоевнинг ушбу ташкилотга асос солишидан асосий мақсади нимадан иборат? Бунинг устига Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмасини янада ривожлантириш учун ҳам маълум вақт керак бўлади. Шунингдек, ўзига яраша қўллаб-қувватлов ҳам зарур. Буни Мурзоев ҳам яхши тушуниб турибди. Ҳозирда ушбу ташкилотга футболчилар аъзо бўлишяптими ва аъзолик бадали қанча миқдорни ташкил этмоқда? Ушбу масала бўйича ҳам Мурзоев аниқлик киритиб ўтди.

- Аъзолик талаблари жуда оддий. Футболчи ўз хоҳишига биноан уюшмамизга ариза ёзиб беради. Бундан сўнг «FIFPro» талабларига биноан футболчи аъзолик бўйича бадал пулини ҳам тўлаши керак. Лекин биз яқиндагина ташкил этилганимиз учун ҳали аъзолик масаласи бўйича бир тўхтамга келганимиз йўқ. Лекин бу ишлар ҳам аста-секинлик билан йўлга қўйилади. Аъзо бўлган ўйинчиларга эса бизнинг томонимиздан 24 соат, кун давомида ҳар қандай моддий ва маънавий кўмак кўрсатиб борилади. Нафақат жамоалари билан боғлиқ, балки ўзининг соғлиги ва яна ҳар хил вазиятлар бўйича ҳам биз ўз кўмагимизни беришга ҳаракат қиламиз. Нафақат уларни ҳуқуқий тарафдан ҳимоялаш, балки жароҳатланган пайтларда биз клиникалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг соғлиги ҳақида етарлича маълумот ва тавсиялар беришимиз мумкин. Масалан, жароҳат олишса ёки операция қилдириш керак бўлса, қаерда ва кимга мурожаат қилиш, даволаниш бўйича биз ўз маслаҳатларимиз ва тавсияларимиз билан ўртоқлашамиз. Бу ишга қўл уришимиздан асосий мақсад шуки, ўз фаолиятимда дуч келган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, келажак авлодга ўша муаммога тушишдан олдин ўша муаммони бартараф қилишда ёрдам бериш, футболчининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга тўғри йўналиш ва маслаҳатларни бериш каби йўналишларни ўз ичига олади. Биласиз, футболчининг фаолияти қисқа бўлади. Ҳамма ўзига берилган имкониятдан максимал фойдаланишга ҳаракат қилади. Футболчининг  катта кушандаси – бу жароҳатлар. Биз эса бу нарсага ҳам жиддий эътибор беряпмиз. Бу борада футболчиларни суғурта қилиш, ўйинчилар ўзларининг тўлиқ кучини 100 фоиз футболга бағишлаши ва футболдан бошқа ҳеч нимани ўйламасликлари учун ҳам ёрдам бермоқчимиз. Бу борада футболчиларга енгилликлар яратиб беришни истаймиз. Биласиз, бизда асосан бир йиллик шартномалар тузилади. Кейинги йили нима бўлади, керакми-йўқми, бу ҳақида ўйлашмайди. Бизнинг лойиҳамизда аввало футболчининг саломатлиги, футболчининг ҳақ-ҳуқуқлари ва шунингдек, футболчилик фаолиятидан кейинги ҳаётини йўлга қўйиш масаласида шуғулланиш ва тўғри йўлга йўналтириш масалалари биз учун устивор вазифага айланади. Чунки ҳамма ҳам футболдан кейин мураббий бўла олмайди ва футболдан кетишлари мумкин. «FIFPro» йўналишида эса футболчининг фаолиятидан кейинги ҳаёти бўйича ҳам алоҳида лойиҳа бор. Биз бу борада ҳам уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, бу борада ЎФА ва ПФЛ билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқдами? Чунки улар билан ўзаро ҳамкорлик ҳам уюшма учун муҳим аҳамият касб этади.

- Аста-секинлик билан ЎФА билан ҳамкорлик тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда, - дейди Мурзоев. - ФИФА билан «FIFPro» бизнинг бош етакчиларимиз саналишади. Доимий равишда ФИФА билан «FIFPro»  бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда самарали иш олиб борадилар. Шу боис ФИФА аксари муаммоларини ушбу ташкилот ёрдамида ҳал қилади. Хабарингиз бор, йилнинг рамзий терма жамоаси учун ўтказиладиган сўровномани бутун дунё бўйича айнан «FIFPro»  ташкилоти ўтказади. Бу ягона сўровнома ҳисобланади. Бу вазиятда футболчилар ушбу мавсумдаги энг кучли ўйинчиларга овоз беришади. Ушбу ҳуқуқни «FIFPro»  ташкилоти ўз қўлига олган. Уларнинг талабига биноан биз ҳам Ўзбекистонда мана шундай сўровномани нафақат эркаклар, балки аёллар футболида ҳам олиб бормоқдамиз.

мурзоев2

Шунингдек, Мурзоевдан футболчилар сизларга қандайдир муаммолари билан мурожаат қилишяптими, агар шундай бўлса, асосан қандай муаммолар кўп мурожаат этиляпти, дея сўраганимизда қуйидагича жавоб берди:

- Футболчиларимизнинг кўплаб мурожаати меҳнат шартномаларидаги бандларга клублар томонидан амал қилинмаётганлиги бўйича келиб тушмоқда. ФИФАни ҳар бир давлат олдида минимал талабларига эга бўлган шартнома асосида ўзаро битим тузиши керак, деган банди бор. Ўша бандларга биноан иш кўриб чиқилади.

Бундан кейин режа ҳамда мақсадлар ҳақида гап кетганида суҳбатдошимиз яна қуйидагиларни қўшимча қилиб ўтди:

- Режаларимиздан бири ЎФА билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Сентябрда Малайзияда «FIFPro»нинг йиллик конгресси бўлиб ўтади. Бир йилда икки марта ҳар бир қитъада бўлиб ўтади. Биз ҳам ўша конгрессда қатнашиб қайтамиз. Шунингдек, футболчиларнинг саломатлиги бўйича янги лойиҳамизга асосан Голландиядан мутахассис таклиф қилганмиз. Октябрь ойида ушбу мутахассис Тошкентга келади. Футболчиларнинг саломатлиги бўйича семинарларни ташкил қилиш режамизда бор.

мурзоев сайт учун

Бундан ташқари, ташкилотнинг ўзини-ўзи молиявий томондан таъминоти қандай йўлга қўйилгани билан ҳам қизиқиб кўрдик.

- Молиявий томондан биз ҳали ўзимизни-ўзимиз таъминлаш даражасида эмасмиз. Ҳозирча ички ресурсларимиздан фойдаланган ҳолда ва бунга қўшимча тарзда бош офисимиз ҳисобланган «FIFPro»дан қўшимча моддий ёрдам олиб турамиз. Бизда юристлар, бухгалтерларимиз бор ва уларни ҳам ойлик маошлар билан таъминлаб туришимиз керак.